Жамият | 19:22 / 26.02.2019
15710
10 дақиқада ўқилади

«Мактабни ислоҳ қилмай туриб иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайди».  Халқ таълими тизимига мутахассис таклифлари

«Сифатли таълим зарурати ҳозирги авлоднинг кейинги авлод олдидаги қарзидир», деган эди америкалик банкир, ўз даврининг энг бой одамларидан бири Жорж Пибоди.

Ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти аввало таълим тизимига бориб тақалади. Иқтисодиёт, сиёсат, фан, саноат, қурилиш, тиббиёт — барча соҳанинг ривожи учун таълим тизимининг аҳволи муҳим аҳамиятга эга. 

Америкалик иқтисодчи Арнольд Ҳарбергер неоклассик иқтисодий ривожланиш моделларида инсон капиталига катта эътибор берилмай, оқибатда ушбу моделлар кутилган натижани бермагани ҳақида ёзган (1998). Жаҳон Банки маълумотига кўра, 1950 йилга нисбатан 2010 йилга келиб, Осиё ва Тинч океани ҳавзаси мамлакатларида мактаб ўқувчиларининг сони 200 бараварга ошди. Шунга қарамай, Ер юзида 124 миллион нафар ўқувчи мактаб таълимидан йироқ, 250 миллион ўқувчи эса бошланғич таълимдан кейин ҳам ўқиш-ёзишни билмайди.

Психология фанлари номзоди Маҳмуд Йўлдошев умумтаълим мактабларида тубдан ўзгаришлар қилиш кераклигини таъкидлаган ҳолда таълим сифати бўйича дунёда етакчилик қилувчи Скандинавия мамлакатлари моделини жорий қилишни таклиф этмоқда. У бу ҳақида Kun.uz мухбири билан суҳбатда таъкидлаб ўтган.

Фото: Маҳмуд Йўлдошев

— Ривожланган мамлакатларда болани олти ёшдан мактабга қабул қилиш амалиёти мавжуд. Ўзимизда ҳам баъзилар фарзандини бир йил олдин ўқишга беради. Баъзилар эса бола бу ёшда ҳали тайёр бўлмайди, деган фикрда...

— Бизда ҳозир мавжуд бўлган — болани 7 ёшдан бошлаб мактабга бериш амалиёти совет тизимидан мерос қолган. Ҳозирги постсовет давлатларида бу ҳолатни кузатиш мумкин. Ваҳоланки, таълим рейтингида етакчи бўлган Скандинавия давлатларида ўқувчилар 6 ёшдан мактабга қабул қилинади. Японияда эса бола 5 ёшдаёқ бизнинг 1-синф ўқувчиларимиз ўқийдиган дастурни ўзлаштириб бўлади.  

Бола 6 ёшда ҳали маълумот  қабул қилишга тайёр бўлмайди деган қарашлар — нотўғри. Аслида, 3 ёшдан бошлаб бола атрофни ўта фаол тарзда ва қизиқиш билан қабул қила бошлайди. 5 ёшда эса уни ҳар томонлама ривожлантиришнинг айни вақти. Тўлақонли ишонч билан айтиш мумкинки, 6 ёшли ўғил ҳам, қиз ҳам биздаги мавжуд бошланғич таълим дастурини бемалол қабул қила олади. Шунинг учун бу ёшни мактаб қабули учун стандарт этиб белгилашни таклиф қиламан.

Шунингдек,  бошланғич синфда баҳолаш тизими бекор қилиниши тарафдориман. Белгиланган баҳони ололмасликдан қўрқув ҳисси болада ўқитувчисидан, ота-онасидан ҳайиқишни пайдо қилади. Ундаги эркинлик ҳисси тўсиқларга дуч келади. Бола мактабдаги илк даврда эркин бўлиши, чекланмаслиги керак. Бу даврда бола қанчалик эркин бўлса, унинг жамиятда ўз ўрнини осонлик билан топа олиши  психологияда исботланган ҳолат. Акс ҳолда, унда  ниманидир хато қилиб қўйсам ёки билмасам, жамият менга «паст баҳо беради», деган сесканиш пайдо бўлади. Юқори синфгача болада эркинлик ҳисси шаклланиб бўлгач, кейин баҳо тизимини жорий қилиш мумкин. Энди бунда баҳо яхшироқ ўзлаштиришга нисбатан рағбат вазифасини бажаради. Тенгдошлар ўртасида соғлом рақобатни таъминлайди.

— Мақолаларингиздан бирида табақалаштириб ўқитиш ва экстернат тизимини жорий қилиш ҳақида таклиф билдиргансиз. Бу фикрни ҳозир ҳам қўллаб-қувватлайсизми?

— Кўпчилик табақалаштириб ўқиш деганда иқтидорли болаларни алоҳида битта синфга жамлаб қўйиб, ўзлаштириши ўзига яраша бўлганларни алоҳида ажратиб қўйишни тушунади. Бу нотўғри. Бундай тизим коррупция, носоғлом рақобат, непотизм каби иллатларга замин яратади. Чин маънодаги табақалаштириб ўқитиш битта синфдаги ўқувчиларни ўзи қизиққан йўналиш асосида алоҳида ёндашув билан ўқитишни назарда тутади.
Мисол учун, олтинчи синф ўқувчисининг бири физикани тез ўзлаштириши, яна бири эса гуманитар фанларга қизиқиш билдириши мумкин. Ўқитувчи ҳар бир боланинг қайси йўналишга мойиллиги ва иқтидори борлигини аниқлаган ҳолда, уни ўша соҳага кўпроқ йўналтириш, қўшимча юкламалар асосида ўқитиши лозим. Яхшигина физик чиқиши мумкин бўлган болани адабиётни ҳам яхши ўқишга мажбурлаш эмас, балки физикани чуқурлаштирилган тарзда ўрганишига шароит яратиб бериш лозим. Барибир бола ҳамма фанларни бирдек аъло даражада ўзлаштира олмайди. 

Битта фандан илгарилаб кетаётган ўқувчи синфдошининг ҳам ўзи истамаса-да шу фанни етказиб ўзлаштиришини кутиб, бир нуқтада депсиниб қолиши мумкин. Бу ўртамиёналашувга сабаб бўлади — ўта яхши ҳам, ўта ёмон ҳам йўқ, ҳамма ўртача билади. Бир нарсани тушуниш лозим: ҳаммани ёппасига физиклаштириб ҳам, бирдек тилчи қилиб ҳам бўлмайди. Дарснинг мароми дарсни тушунмаётган болага эмас, энг яхши ўзлаштираётган болага мослаштирилиши керак. 

Экстернат тизимига тўхталадиган бўлсак, баъзи ҳолатларда бола ўта иқтидорли бўлиб, фан учун белгиланган дастурни қисқа муддатда ўзлаштириши, белгиланган таълим стандартларига жавоб бериши мумкин. Бундай вундеркиндларни экстерн тарзида ўқитиш керак бўлади. Яъни у синфдан синфга «сакраши», янги дастурларни ўзлаштириши учун шароит яратиш керак. 

— Жаҳон тажрибасида мактабларнинг ихтисослаштирилуви таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиши кузатилади. Бу амалиёт Ўзбекистонда ҳам яхши натижа берадими?

—Мактабларни ихтисослаштириш, фанларни ўқувчининг иқтидорига кўра танлаб ўқитиш таълим сифатини оширади. Бундай мактабларда барча фанлардан умумий кўникма берган ҳолда, муайян йўналишдаги фанлар чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади. 

Ихтисослаштирилган мактабларнинг бир жиҳатига эътибор қаратилишини истардим. Ҳар бир ихтисослашган мактабга йўналишига кўра шу соҳанинг етакчи ташкилотлари ҳомий бўлиши, уни молиялаштиришни ўз бўйнига олиши керак. Мисол учун, мусиқага ихтисослаштирилган мактаблар учун фақатгина Халқ таълими вазирлиги эмас, Маданият вазирлиги ҳам жавобгар бўлиши лозим. Нега энди Халқ таълими вазирлиги артистга ҳам, тикувчига ҳам, инженерга ҳам пул тикиши керак?! Ҳар бир инстанция ўзи учун керакли кадрнинг таълим жараёнида бевосита иштирок этиши керак. Бунда ҳам ҳар бир соҳа учун етук кадрнинг тайёрланишини ўша соҳанинг ўзи таъминлайди, ҳам Халқ таълими вазирлигининг маблағи нотўғри тақсимланмайди. У асосан жараён назоратчиси вазифасини бажаради.

Шу ўринда яна бир гап. Мактабларда қоғозбозлик масаласи ҳар доим бор. Шунинг баробарида фалончининг ота-онаси ким, қаерда, қайси лавозимда ишлайди каби маълумотларни жамлаш каби ортиқча ишларга мактабларда муккасидан кетилган. Фалончи судьянинг ўғли, пистончи мулланинг қизи деган ижтимоий табақалашув ўз-ўзидан ўқитувчи-ўқувчи муносабатларида, синфдошларнинг ўзаро мулоқотига таъсир қилмай қолмайди. Боланинг таълим олишида, жамият билан алоқаларни йўлга қўйишида ижтимоий мақом етакчи роль ўйнамаслиги лозим. Биздаги бу «анъана» маҳаллийчилик, непотизм, коррупция кабиларга йўл очиб бериши мумкин. 

— Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, битта синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги белгиланган. Аммо туман марказларида ўқувчилар сони 45тагача боришини ҳам кўриш мумкин. 

— Тадқиқотларга кўра, киши бир вақтнинг ўзида максимум 7та объектни қамраб олиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, ўқитувчи бир пайтнинг ўзида 7 нафар болага чин маънода эътибор қарата олади. Синфларда узоғи билан ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги керак. Таълим тизими ривожланган Финляндияда 25 нафар ўқувчига фанни иккита ўқитувчи ўтади. Бизда эса битта ўқитувчига 40талаб ўқувчи бириктириб қўйилган. Бунақада бола билан индивидуал шуғулланишнинг имкони бўлмайди.
Туман марказларида, айниқса пойтахтдаги мактабларда синфларда ўқувчилар  сонининг меъёридан кўплиги кузатилади. Очиғини айтиш керак, 40 нафар бола ўтирган синфда вундеркиндларнинг етишиб чиқиш эҳтимоли пасаяди. Маориф тизимида мактаблар сонини икки бараварга ошириш лозим. Кўпқаватли бинолар, муҳташам иморатлар қуришга жуда кўп вақт ва маблағ сарфланяпти. Лекин янги мактаб қурилди, фалончи мактаб қуриб берибди деган гап қулоққа чалинмайди. Мактабни ислоҳ қилмай туриб иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайди.

Яна бир гап. Нега Японияда ўқитувчиларнинг маоши ҳарбийларники билан тенглаштирилган-у, бизда ўқитувчилар баъзи ҳайдовчилардан ҳам камроқ пул топади? Нега ҳокимият вакилларига қаторлатиб қимматбаҳо машина топшириб, яна етмаганига ҳар бирига ҳайдовчи бириктириб қўйишимиз керак? Нима, бизнинг халқимиз математикадан шунчалик нўноқмики, маблағни қаёққа йўналтиришни билмаса? Қачонгача биз ҳисоб-китобни нотўғри олиб борамиз? Ҳокимият бинолари олдида қаторлашиб турган Малибуларнинг пулига нечталаб мактаб қуриш мумкин ахир...

Маълумот учун, таълим сифати бўйича етакчилик қилувчи Скандинавия давлатларида ўқувчилар яхши ва ёмон, аълочи ва иккичига ажратилмайди. Ҳар бир ўқувчининг ўзига хос истеъдоди бор, улар бир-бирига ўхшамайди, алоҳида ёндашув асосида уларга таълим бериш керак, деган принципга амал қилинади.          «​Биз болаларни ёки имтиҳонларга, ёки ҳаётга тайёрлашимиз керак, албатта, иккинчи йўлни танлашимиз афзал»​, дейди фин муаллимлари. 

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди​

Мавзуга оид