Фан-техника | 20:47 / 26.02.2019
9045
2 дақиқада ўқилади

Хитой компанияси смартфон ва ақлли соатнинг гибридини тақдим қилди 

Фото: Social Nubia / youtube

Хитойнинг Nubia компанияси ўзидан смартфон ва ақлли соат гибридини акс эттирувчи Alpha қурилмасини тақдим қилди. Гаджет Барселонада ўтаётган MWC кўргазмасида намойиш қилинди.

Nubia Alpha браслетга ўрнатилган эгилувчи дисплейли қурилма бўлиб, OLED-экран диагонали 4 дюймни ташкил қилади. Қурилма тақиб юрилувчи электроникага мўлжалланган Qualcomm Snapdragon Wear 2100 процессорида ишлайди. Гаджетнинг тезкор хотираси 1 Гбни, ички хотираси эса 8 Гбни ташкил қилади. 

Фото: скреншот

Қўлга тақилувчи смартфоннинг батареяси сиғими 500 мА-соатни ташкил қилса-да, бу уни қайта қувватлашсиз 1-2 кун ишлатишга етади. Қурилма 5 Мпли камера билан жиҳозланган. 

Фото: скреншот

Компаниянинг ўзи ишлаб чиқарган операцион тизимда ишловчи қурилма оддий смарт-соатлар каби имкониятлар, жумладан қадамларни санаш, уйқу ва пульсни мониторинг қилиш функцияларига эга. Гаджетни овозли буйруқлар ва экран устидаги имо-ишоралар ёрдамида бошқариш мумкин. Nubia Alpha’нинг виртуал SIM-картага эга eSIM версияси смартфоннинг ўрнини босиши мумкин. Бундай қурилмалар фойдаланувчига қўнғироқларни амалга ошириш ва смс-хабарлар жўнатиш имконини беради.

Nubia Alpha’нинг Bluetooth ва Wi-Fi’ли версияси халқаро бозорда 449 евродан таклиф қилинади. eSim версиясининг қора қопламали варианти Хитой бозорида 549 евродан, 18 қиротли олтин қопламали варианти эса 649 евродан апрелда пайдо бўлади. Гаджетнинг бу версияси АҚШ ва Европада 2-ярим йилликда сотувга чиқарилади. 

Мавзуга оид