Жаҳон | 20:59 / 04.03.2019
16083
3 дақиқада ўқилади

«Олтинчи муддат». Лукашенконинг алмашинувсиз президентлиги Беларусь иқтисодиётига қандай таъсир қилди? 

Ўтган ҳафтада Беларусь замонавий тарихидаги ягона президент – Александр Лукашенко 2020 йилги президентлик сайловида ҳам номзодини илгари суришини маълум қилди. Унинг айтишича, барчаси қонуний бўлади

64 ёшли сиёсатчи мамлакат бошқарувини бошқа қўлга топшириш истагида эмас шекилли. У қуйидаги фикрлари билан сайлов натижаларини ҳам қисман башорат қилиб қўйди. 

«Иқтисодиёт – биринчи устуворликда. Қўрқиш керак бўлса, иқтисодиётдан қўрқиш лозим», – деган у. 

ИПМ тадқиқотлар маркази буюртмаси билан ўтказилган сўровномада бизнес вакилларининг 65 фоизи мамлакатдаги «ўлик» корхоналар ҳаддан зиёд кўплигидан норози бўлишган. Реал сектордаги кучсизлик, зиён фақат давлат маблағлари ҳисобидан қопланмоқда. Шунга қарамай, Лукашенко Беларусь ЯИМ кўрсаткичи жаҳондаги рақамлардан юқорилигини таъкидлаб келади.

2000-2015 йиллар ичида Россия томонидан тақдим этилган энергетика субсидиялари 72 миллиард доллардан ошди. Мана шу ҳисобларни олиб борган иқтисодчи Александр Чубрик тўпланиб қолган суммани мамлакат ЯИМ энг яхши кўрсаткичда бўлган давр билан таққослаган. Бир вақтнинг ўзида расмий Минск Москвадан бошқа мақсадларда қарз олиб туради. 

«Агар Халқаро валюта жамғармаси тақдим бераётган маблағларни таҳлил этсангиз, Беларусь иқтисодиётига кўрсатилаётган яширин ва тўғридан-тўғри кўмакни илғайсиз», – дея шарҳ берган бу ҳолатга Россия президенти Владимир Путин.

Унинг шу гапларидан сўнг, Москва Минскка навбатдаги кредитларни тақдим этишга қарор қилди

Умумий ҳисобда Беларуснинг Россия олдидаги қарзи мамлакат валюта-олтин захирасидан ҳам кўпайиб кетгани, яъни 7,7 миллиард долларга яқинлашгани айтилади. Мамлакатга киритилаётгани тўғридан-тўғри инвестициянинг 80 фоизидан ортиғи ҳам Россия улушига тўғри келади. Бу ҳақда Лукашенко ҳеч бир яширин гапларсиз фикр билдирган

«Россиясиз бизнинг иқтисодиётимиз мавжудлигини тасаввур қилиб бўлмайди», – дейди у. 

Жаҳон банки маълумотига кўра, беларусь депозитларининг 68 фоизи хорижий валютада сақланади. Россия банкларида эса бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этади. 2011-12 йилларда девальвация ўз сўзини айтди: рублнинг долларга нисбатан қиймати тушди. Беларусда миллий валютанинг қиймати РФ молиявий соғломлиги чамбарчас боғлиқ. 

«Ҳар куни уйғониб, черковга қараб тилак қиламан: эй, Тангрим, Россия учун яхшилик олиб кел», – деганди Беларусь Марказий банки раиси Павел Каллаур FT'га берган интервьюсида.

Беларусдан фақат Польшаниннг ўзига миграция оқими охирги тўрт йилда 25 баравар ўсди. Россияга ишчилар миграцияси кўрсаткичлари номаълум, аммо мутахассислар бир йилда 300 мингдан ортиқ киши Россияга ишлаш учун боришини прогноз қилади

Мамлакатнинг иқтисодий параметрлари халқаро майдонда тан олинмайди, шу туфайли Беларусь Глобал рақобатбардошлик рейтингидан ўрин олмаган. Шунингдек, у Глобал ишбилармонлик индексида ҳам кўрсатилмайди.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид