Ўзбекистон | 19:14 / 05.03.2019
4979
2 дақиқада ўқилади

Биржа савдоларида қимматбаҳо металларни сотиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ биржа савдоларида қимматбаҳо металларни сотиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, қимматбаҳо металларни ишлаб чиқарувчилар ёхуд биржа савдоларининг бошқа иштирокчилари - биржанинг етказиб берувчилари норматив ҳужжатлар талабларига ва намунага мувофиқ қимматбаҳо металлардан пластиналар, қуймалар, гранулалар ишлаб чиқарилишини таъминлайдилар.

Буюртмалардан ҳамда бозордаги талаб ва таклиф конъюнктурасидан келиб чиқиб ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо металлардан қуйидаги ўлчов оғирлигидаги ўлчов пластиналари, қуймаларни ишлаб чиқарадилар: олтиндан - 5 грамм, 20 грамм, 50 грамм, 100 грамм, 250 грамм, 500 грамм ва 1000 граммли, шунингдек, кумушдан — 100 грамм, 250 грамм, 500 грамм ва 1000 граммли.

Саноатда ишлатиладиган маҳсулотларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, юридик шахслар ва якка тадбиркорлар - қимматбаҳо металлардан заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарувчилар биржа савдоларида қимматбаҳо металларнинг харидорлари ҳисобланадилар.

Заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарувчилар савдоларда иштирок этиш учун биржага Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан бериладиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни тақдим этишлари керак.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар савдоларда иштирок этиш учун биржага Агентликнинг Давлат асиллик палатаси томонидан бериладиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини тақдим этиши керак.

Биржа савдолари ҳар куни (душанбадан жумагача) биржа савдолари электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

Ҳужжатга мувофиқ, биржа савдоларида сотиб олинган қимматбаҳо металларни экспортга сотиш мумкин эмас.

Маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш биржа етказиб берувчилари томонидан 100 фоизли олдиндан ҳақ тўлаш шартларида амалга оширилади. Қонун ҳужжатларига мувофиқ биржа савдоларида сотиладиган қимматбаҳо металларга қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинмайди.

Мавзуга оид