Жаҳон | 08:34 / 09.03.2019
59113
2 дақиқада ўқилади

Учинчи Рейхнинг хазиналари харитаси эълон қилинди

Фото: Getty Images

Германияда Учинчи Рейх зобити Эгон Олленхауэрнинг шахсий кундалиги эълон қилинди, унда яшириб қўйилган хазиналар қаерда жойлашгани кўрсатилган. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.

Ёзувларга кўра, Адольф Гитлер Польшадан чекиниш пайтида олтин, санъат асарлари ва бошқа қимматбаҳо буюмларни яширишни буюрган. Бу хазиналар 260та юк машинасига жойлаштирилган ва совет қўшинлари уларни топа олмаслиги учун эгаллаб олинган мамлакат ҳудудидаги 11та жойга яширилган.

Таъкидланишича, яширин жойларда тахминан 28 тонна олтин, заргарлик буюмлари, медаллар, диний объектлар, шунингдек, 47та санъат асари, жумладан, Боттичелли, Рубенс, Караважо, Моне, Рафаэл ва Рембрандтнинг Франциядан ўғирланган асарлари бор.

Бир неча ўн йиллар давомида Олленхауэр кундалиги Германиянинг Кведлинбургидаги масонлар ложасида сақланган, кейинчалик у Schlesische Brücke жамғармасига берилди. Ёзувлар масонлар ложаси томонидан қўйилган талаблар туфайли илгари эълон қилинмаган. Ташкилот аъзолари урушнинг барча иштирокчилари, бу ҳодиса билан боғлиқ шахслар, хусусан, «Ваффен СС» ходимлари ҳаётлигида кундалик эълон қилинишидан бош тортишган.

Жамғарма ходими Роман Фурманьякнинг билдиришича, бешта немис таълим муассасаси кундалик ҳақиқий эканини тасдиқлади. Ҳозирги пайтда жамғарма Учинчи Рейх хазиналари бўлиши мумкин бўлган жойларни текширмоқда. Хусусан, қимматбаҳо буюмлар кўл тубида, Польшадаги саройлардан бирида жойлашган махфий хонада, шунингдек, боғдаги қудуқда сақланаётган бўлиши мумкин.

Бундан олдин, Учинчи Рейх бўйича эксперт Меркелни кескин танқид қилганди.

Мавзуга оид