Жамият | 10:00 / 11.03.2019
12496
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида «Ўзпахтасаноат» АЖ ташкил этган янги тикувчилик мажмуаси ишга туширилди

Жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифлари чоғида, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти олдига 2019 йил давомида вилоят худудларида жами 32 та тикувчилик ва тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш ва уларда яратиладиган 4200 та янги иш ўринларига хотин-қизларни ишга жойлаштириш вазифаларини белгилаб бердилар.

Сирдарё вилоятининг Ховос тумани Бунёдкор маҳалласида дастлабки енгил конструкцияли тикувчилик мажмуаси ташкил этилди. Унинг очилиш маросимида бош вазир ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Сирдарё вилояти ҳокими Ғафур Мирзаев, президент маслаҳатчисининг ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, “Ўзпахтасаноат” АЖ бошқарув раиси Алишер Мақсудов иштирок этди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёнида корхонани жойлаштириш ҳудудини белгилаш ва тегишли муҳандислик тармоқларига улашда Сирдарё вилояти ва Ховос тумани ҳокимликлари зарурий амалий ёрдам кўрсатди.

Лойиҳани амалга ошириш ҳисобига мазкур маҳаллада 140 нафар ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар ишга қабул қилинди. 

Корхонанинг тўлиқ қувватларда ишга туширилиши натижасида йилига 8 млн. дона ҳар хил тайёр тикувчилик маҳсулотлари (сочиқ, болалар ва катталар кийимлари, махсус кийимлар, чойшаблар) ишлаб чиқарилади ва маҳсулотларнинг дастлабки йиллар давомида 60 фоизи экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.

 

Мавзуга оид