Ўзбекистон | 11:43 / 12.03.2019
5529
6 дақиқада ўқилади

Давлат харидлари бўйича хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар қандай талабларга жавоб бериши керак?

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат харидларини ўтказиш бўйича хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослашган ташкилотлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Давлат харидларини ўтказиш бўйича хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослашган ташкилотлар тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 10 январдаги “Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5624-сонли фармонига мувофиқ давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Ихтисослашган ташкилотлар қуйидаги давлат харидлари бўйича хизматларни кўрсатиши мумкин:

ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни, шунингдек давлат буюртмачиларининг хўжалик фаолиятини рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган;

Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари ва бошқа давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан донор мамлакатлар, халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган чет эл ташкилотлари билан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитлари ҳисобидан молиялаштириладиган.

Давлат буюртмачиси томонидан ихтисослашган ташкилотларни танлаш, давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган махсус ахборот портали оператори томонидан юритиладиган ва махсус ахборот порталида камида бир ойда бир маротаба эълон қилинадиган (янгиланадиган) ихтисослашган ташкилотлар рўйхатида мавжуд бўлган ихтисослашган ташкилотлар орасидан танлов асосида амалга оширилади.

Ихтисослашган ташкилотлар давлат харидларини ўтказишни ташкил этиш бўйича хизматларни кўрсатиш учун қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилган юридик шахс бўлиши;

ихтисослашган ташкилотнинг таъсисчиси давлат хариди субъекти бўлмаслиги;

солиқ имтиёзларини тақдим этувчи ва (ёки) маълумотларни тўлиқ очишни ва банк назоратига маълумотларни (оффшор ҳудуд) тақдим этишни кўзда тутмаган, шунингдек якуний давлатларда ва ҳудудларда рўйхатдан ўтмаган ихтисослашган ташкилот таъсисчилари сафида бўлмаслиги;

штатида хизмат кўрсатиш бўйича амалий тажрибага эга бўлган бир нафардан кам бўлмаган ходимга эга бўлиши;

махсус ахборот порталига уланиш имконини таъминловчи дастурий техник қурилмага эга бўлиши.

Талабларга жавоб берадиган ихтисослашган ташкилот, махсус ахборот порталида эълон қилинадиган ихтисослашган ташкилотлар рўйхатига киритиш юзасидан ариза билан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли органга мурожаат этишга ҳақли. Бунда давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан мурожаатлар 5 календар куни давомида кўриб чиқилади.

Давлат буюртмачисининг ихтисослашган ташкилотнинг салбий фаолияти юзасидан асосли ёзма мурожаати, шунингдек фаолияти талабларга жавоб бермай қолган ихтисослашган ташкилот ваколатли орган томонидан махсус ахборот порталида эълон қилинадиган рўйхатидан чиқарилади.

Ихтисослашган ташкилот:

давлат буюртмачисидан харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказишни ташкиллаштириш учун зарур маълумотни олишга ҳақли;

давлат буюртмачиси талабига мувофиқ исталган босқичда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этишга мажбур;

давлат харидларининг асосий принципларига риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатиши;

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия, давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сўровига кўра мазкур Низомга риоя этилиши юзасидан маълумот тақдим этиши;

давлат харидларининг принципларининг бузилишига йўл қўймаслиги;

инсофсиз иштирокчиларнинг давлат харидларида иштирокини олдини олиш бўйича чоралар кўриши;

“Давлат харидлари тўғрисида” ги Қонун талаблари асосида харид тартиб-таомилларини ташкил этиши шарт.

Ихтисослашган ташкилот қуйидаги хизматларни кўрсатади:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) бошланғич нархини аниқлайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

маркетинг ва бошқа тадқиқотларни ўтказади;

реклама ишларини ташкил этади;

харид тартиб-таомиллар ўтказилиши тўғрисида хабарномаларни, эълон матнларини ва харид ҳужжатларини (тендер ёки танлов ҳужжатлари, техник шартлар) расмийлаштиради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ харид тартиб-таомили шартлари ва талаблари, харид тартиб-таомили бўйича тушунтиришлар матнларини тайёрлайди;

давлат буюртмачисига харид тартиб-таомили турлари бўйича таклиф беради;

давлат буюртмачисининг ёзма мурожаатига кўра қонун ҳужжатларига асосан давлат харидлари тартиби ва муддатлари тўғрисида махсус ахборот порталга маълумот жойлаштиради;

харид тартиб-таомили иштирокчилари ғолиблари билан имзоланадиган шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди;

давлат буюртмачисининг ёзма мурожаатига асосан махсус ахборот портали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ўтказилиши режалаштирилган давлат харидлари тўғрисидаги эълонларни молия манбалари мавжуд бўлган ҳолда жойлаштиради;

давлат буюртмачисининг ёзма кўрсатмасига биноан харид тартиб-таомили иштирокчиларига таклифларнинг амал қилиш муддатларини аниқ бир муддатга узайтириш тўғрисида таклиф билан мурожаат этади;

танлов ва тендер комиссияси йиғилиш баёнларини расмийлаштиради;

харид тартиб-таомили якунлари бўйича ҳисоботларни шакллантиради;

харид тартиб-таомилида иштирок этишга таклифномалар юборилишини таъминлайди;

харид тартиб-таомилини ташкил этишда иштирок этади.

Мавзуга оид