Ўзбекистон | 15:25 / 12.03.2019
11284
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги беш туманда оқова сув тармоқлари умуман мавжуд эмас

Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартларига оид қисми Тошкент вилоятида ижро этилишини ўрганиш якунларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: senat.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, қўмитаси томонидан Тошкент вилоятида олиб борилган ишлар давомида аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли қарорига мувофиқ вилоятлар “Сувоқова” ДУК Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг ташкилий тузилмасига киритилган. Жумладан, бугунги кунда Тошкент вилояти туман ва шаҳарларида “Сувоқова” ДУКнинг 9 та тозалаш иншооти мавжуд. Мазкур иншоотлар 1953-1987 йиллар оралиғида ишга туширилган бўлиб, жами лойиҳавий қуввати суткасига 436 минг м3 сув қабул қилишга мўлжалланган. Тошкент вилоятида барча абонентлар сони 147133 та, шундан 145686 таси хонадон ва 1447 таси турли корхона, муассаса, ташкилотлардир. Ўрганиш жараёнида вилоятдаги оқова сувларни тозалаш иншоотлари билан боғлиқ қатор камчиликлар аниқланди.

Фото: senat.uz

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 18 апрелдаги фармонида сув таъминоти ва канализация объектларини ривожлантириш, модернизация ва реконструкция қилиш Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланганлигига қарамай, мазкур вазифанинг ижроси етарлича таъминланмаган. Соҳада вужудга келган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўрилмаган. Хусусан, вилоятнинг марказлашган оқова сув тизимига фақат абонентларнинг 22 фоизи уланган бўлиб, Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Қуйичирчиқ, Чиноз туманларида оқова сув тармоқлари умуман мавжуд эмас.

Мажлисда вилоятда фаолият юритаётган сув тозалаш иншоотларининг аксариятида асбоб-ускуналар жуда эскирган, айримлари умуман фаолият юритмаётган бўлса-да, ён-атрофда жойлашган иншоотлардан оқинди сувлар учун маблағ ундириш давом этилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Ачинарлиси, айрим иншоотларга келиб тушаётган оқинди сувлар биологик, кимёвий ва механик тозалашдан ўтказилмасдан таркибида кўплаб заҳарли моддалар бўлгани ҳолда  вилоятдаги турли сойлар, каналлар, дарёлар ва сув ҳавзаларига оқизиб юборилмоқда. Улардан ҳаттоки фермер ва деҳқон хўжаликлари экин майдонларини суғориш, аҳоли эса айрим маиший эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланмоқда.

Мажлисда айтиб ўтилган фикр-мулоҳазалар аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиниб, мутасадди идораларга йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратиш ва мазкур соҳадаги мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш юзасидан кескин чоралар кўриш лозимлиги уқтирилди. Жумладан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Тошкент вилоятидаги сув тозалаш иншоотларини жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш учун таклифлар тайёрлаши ва Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгилаб олинди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид