Ўзбекистон | 17:38 / 13.03.2019
62997
5 дақиқада ўқилади

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ОТМга қабул давлат буюртмаси асосида амалга оширилиши мумкин

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида:

олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва иш берувчиларнинг олий таълим муассасалари битирувчиларига бўлган давлат эҳтиёжининг параметрлари ишлаб чиқилган;

аниқ йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тайёргарликка эга бўлган олий таълим муассасалари битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган давлат буюртмаси, ҳамда битирувчиларнинг мутахассисликлари бўйича ишга жойлашуви юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари асосида, давлат эҳтиёжлари учун 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрлари шакллантирилган.

Белгиланишича, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

олий таълим муассасаларига қабул иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг мақсадли инвестицион лойиҳаларни инобатга олган ҳолда Давлат аҳамиятига эга бўлган соҳалар учун олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжнинг Давлат буюртмаси асосида;

қўшимча қабул параметрлари олий таълим муассасалари томонидан мавжуд қувватлари ва профессор-ўқитувчилари таркиби ҳамда реал бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, мустақил равишда амалга оширилади.

Имтиҳон фанлари блоки ва кетма-кетлигининг мослигини ҳисобга олган ҳолда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)га ҳужжат топшириш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда абитуриентларни бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш имкониятини берувчи механизмни ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси тасдиқланади.

Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

бакалавриат таълим йуналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш параметрларига ўзгартиришлар киритиш;

бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)га ҳужжат топширган абитуриентларни кириш тест синовлари натижасига кўра тўплаган баллари тавсия этишга етарли бўлган олий таълим муассасаларига тақсимлаш;

янги йўналишлар ва мутахассисликларни киритиш учун бакалавриат ҳамда магистратуранинг давлат буюртмаси параметрларига ўзгартиришлар киритиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг, шу жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган туманларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш.

Тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда тасарруфидаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура бўйича ўринлар квотасини таълим тилларига қараб тақсимлашга оид таклифларни Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда белгиланган давлат эҳтиёжи параметрларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари томонидан қўшимча мустақил белгилашлари мумкин бўлган қабул кўрсаткичларини аниқлаб, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда Давлат комиссиясига киритилишини таъминлайди;

тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки бўлимларига қабул квоталари юзасидан, салоҳиятли талабгорларнинг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича эҳтиёжларини ҳисобга олиб асосланган таклифларни, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда Давлат комиссиясига киритади;

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали олий таълим муассасаларини ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш, уларга молиявий масалаларда мустақиллик бериш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

 

Мавзуга оид