Ўзбекистон | 15:31 / 13.03.2019
44545
8 дақиқада ўқилади

«Ижтимоий тармоқдаги реклама». Танганинг ортида нима бор?

Фото: Pinterest

Инглиз тилида омма эътиборида бўлган шахс ё кишилар гуруҳига нисбатан celebrity атамаси қўлланади. Машҳур инсонлар, жумладан спортчи, актёр ё қўшиқчилар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда катта оммани эргаштирган аккаунт эгалари «селебритилар» сирасига ​киради.

Атаманинг бу қадар батафсил шарҳига тўхталишимнинг бир сабаби бор: истайсизми, йўқми, Ўзбекистонда ҳам омма эътиборида бўлган шахслар, айниқса ижтимоий тармоқларда муридларни бир жойга бирлаштирган аккаунтлар кўпайган. 

Ижтимоий тармоқларда «селебритилар»нинг турли товар ва хизматларни реклама қилиши одатий ҳолга айланиб улгурган. «Тавсия қиламан», «ўз тажрибамда синаб кўрдим...», «менга энг ёққан...» сингари жумлалар билан кўрсатиб ўтиладиган, «фалон фирманинг совғаси» ёки «25-кадр эффекти» тарзида намойиш қилинадиган тасвирлар аниқ тижорий мақсадларда амалга оширилади, лекин бунда рекламага қўйиладиган талабларнинг бузилиш ҳолатлари етарлича қайд этилади. 

Соддароқ қилиб айтганда, катта омма эътиборини бир аккаунтга жалб этолган шахс тижорий мақсадда олиб бораётган реклама фаолиятини қонун талабини бузган ҳолда олиб бормоқда.

Реклама қилиш тартиби қандай?

Ҳар қандай маҳсулот/хизматни Ўзбекистон ҳудудида ва халқи учун реклама қилишда «Реклама тўғрисида»ги қонун доирасида иш кўриш лозим. Хусусан:

ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот ҳақида ахборот тарқатиш, ўзга шахсларнинг маҳсулотини камситиши ёки бадном этиш; 

мажбурий сертификатлаштирилиши талаб этиладиган маҳсулотни керакли ҳужжати бўлмаган ҳолда реклама қилиш, порнографияни тарқатиш кабилар тақиқланади. (6-модда)

Катта контингентга эга «селебрити» маҳсулотнинг ижобий хусусиятлари ҳақида гапириб, унинг ишлаб чиқарувчисига тўхталиб ўтган ҳолда, бу ахборотнинг реклама характерига эгалигига мутлақо ишора қилинмаслиги кўп учрайди.

Ваҳоланки, юқоридаги қонуннинг 11-моддасига кўра реклама, уни тарқатиш шакллари ёки воситаларидан қатъий назар, бошқа ахборотдан реклама деб ҳисоблаш мумкин бўладиган даражада ажратилган бўлиши керак. 

Машҳурлар томонидан маҳсулот ҳақида маълумот бера туриб, бунинг реклама эканлигига ишора қилмаслик ҳаракат эгалари томонидан бу ҳақда гапиришдан ҳеч қандай манфаат кўрилмаслиги билан изоҳланиши мумкин. 

Лекин маҳсулотга қизиқишни шакллантириш ва маҳсулот реализациясига кўмаклашиш учун маҳсулотнинг муайян маркасига ёки унинг ишлаб чиқарувчисига истеъмолчининг эътиборини атайин жалб қилувчи, шунингдек, мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки тарқатувчи шахсга тааллуқли маълумотлардан иборат ахборот материали реклама ҳисобланади ҳамда у «реклама» ёки «реклама ўрнида» рукни остида жойлаштирилиши лозимлиги белгиланган.

Шунингдек, чекловлар қўйиш қийин масала бўлган ижтимоий платформада маҳсулотларни тарғиб қилишда аудиторияда вояга етмаганлар ҳам бўлиши мумкинлиги кўп ҳолларда назардан қочирилади. 

Тижорий мақсадга айнан тўхталиб ўтмаган ҳолда маҳсулот ҳақида ахборот бериб ўтиш ҳолатлари ҳам қонунга зид ҳисобланади. Хусусан, «яширин реклама истеъмолчининг идрокига унинг ўзи англамаган ҳолда таъсир ўтказадиган, шу жумладан, махсус видео иловалардан фойдаланиш йўли билан ҳамда бошқа усуллар билан таъсир ўтказадиган рекламадир. Ўзбекистонда яширин реклама тарқатилишига йўл қўйилмайди». (айни қонуннинг 14-моддаси)

«Ижтимоий тармоқларда маҳсулот ҳақидаги маълумот тижорий мақсадда тарқатилаётгани ёки йўқлигини аниқлаштириб олиш анча қийин масала. Агар ахборотни узатишдан фойда кўрилаётган бўлса, бу реклама характерига эга бўлади. Фойда бўлмаса, реклама қилинмайди ҳам. Олинаётган фойдани кўрсатишни эса исташмаслиги мумкин. Бу эса қонунга зид. Чунки даромад солиғи тўлаш керак бўлади», — дейди қўмита Реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимов.

Унинг қайд этишича, оддий фойдаланувчи тақдим этилаётган маълумотнинг тижорий характерга эгалиги ёки чиндан ҳам шунчаки «беминнат тавсия» эканлигини фарқлаши қийин масала.

«Ўз атрофида анча-мунча кишиларнинг эътиборини жамлайдиган машҳурлар мавжуд тартиб ҳақида билмаслиги мумкин. Биз бу нарсани ҳам инобатга олишимиз керак. Қонунни билмаслик чора кўриш учун асос бўмайди. Реклама қилишни ҳеч ким тақиқламайди. Фақатгина «Реклама тўғрисидаги қонун»да белгиланган тартибга риоя қилишсин», —дея қўшимча қилди у.

Мақсад даромад солиғини яширишми?

«Реклама муносабатларида, албатта, реклама тарқатувчи фойда кўради. Ўз-ўзидан даромад солиғи тўлаши керак бўлади. Ёки у реклама тарқатиш ҳуқуқи бўйича патент олган бўлиши керак», — дейди Дилшод Азимов.

Давлат солиқ қўмитаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими тақдим этган маълумотга кўра, жисмоний шахслар фоиз ва дивиденд кўринишида, мол-мулкни ижарага бериб даромад олганда, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромад олганда, асосий бўлмаган иш жойидан моддий наф тарзида қўшимча даромад олган бўлса, жами йиллик даромадлари тўғрисида Солиқ қўмитасига декларация топшириши ҳамда даромад солиғини тўлаши лозим.

Агар жисмоний шахс қўшимча даромадларини яшириб, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси учинчи қисми билан жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жаримага тортилиши мумкин.

Британияда аниқ талаблар мавжуд

Буюк Британияда Монополия ва бозорни бошқариш бошқармаси томонидан (СMA) ижтимоий тармоқларда маҳсулот/хизматларни реклама қилишнинг тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра:

─ агар маҳсулот совға бўлса, #freebie ҳештеги қўйилиши керак;

─ ҳомийлик ёки пулли тўлов асосидаги реклама характеридаги матнда #ad, #sponsored ҳештеги кўрсатилган бўлиши керак;

─ матннинг тижорий характерга эгалигини кўрсатувчи бундай ҳештеглар матн орасида билинтирмай эмас, балки алоҳида ажратиб, яққол кўринадиган тарзда қўйилиши лозим.

ВВС рус хизматининг маълумотларига кўра, Россияда ва кўплаб МДҲ давлатларида ижтимоий тармоқларда реклама характеридаги матнларни маркировка қилиш тартиби ҳақида алоҳида қонунчилик тартиби мавжуд эмас.

Реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси берган ахборотга кўра, реклама қилиш тартибига риоя этиш бўйича хабардорликни ошириш чоралари кўриб чиқилмоқда. Telegram каналларининг администраторларига хат орқали мурожаат қилиниб, улар белгиланган қонун талабларига риоя қилиш бўйича огоҳлантирилган.

Машҳур шахслар, «юлдуз»лар ўз мухлисларининг ишончини ва бошқаларнинг истеъмолчилик ҳуқуқини ҳурмат қилиш этикаси ҳамда қонунга бўйсуниш заруратини кўздан қочирмаслиги лозим.

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид