Ўзбекистон | 15:00 / 13.03.2019
4832
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш кўрсаткичлари кенгайтирилди

Фото: Shutterstock

Унга Жаҳон банкининг Voice and Accountability Index (Овоз ва масъулият индекси) ҳамда Control of Corruption (Коррупцияга қарши курашиш) давлат бошқаруви индикаторлари киритилди. Президентнинг 7.03.2019 йилдаги ПФ–5687-сон фармонида тегишли тузатишлар назарда тутилган, деб ёзмоқда Norma.  
 
Аввалбошдан Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача инновацион ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларида ушбу позициялар мавжуд эмас эди. Энди мамлакат 83 та халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашни ўзининг устувор вазифаси этиб белгилади.
 
Овоз ва масъулият индексидаги баҳони 2,46 баллдан (2015 й.) 2030 йилда 76 баллгача кўтариш мўлжалланган. Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Савдо-саноат палатаси ушбу йўналишдаги ишлар учун масъул этиб белгиланди.
 
«Коррупцияга қарши курашиш» позициясидаги Ўзбекистоннинг баҳоси 2030 йилга келиб 77 гача яхшиланиши керак (2015 йилда – 8,65). Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, ДХХ ва ИИВ ушбу натижаларга эришиш учун масъулдир.
 
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти мамлакатнинг Давлат сиёсати ва институционал баҳолаш индексидаги ўрнини яхшилаш устида ишлайди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) кредит рейтинги ҳамда Глобал рақобатбардошлик индекси учун жавобгарлик Инвестициялар бўйича давлат қўмитасидан Молия вазирлигига ўтказилди. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги эса «Doing business» ҳисоботи линияси бўйича ваколатли орган (илгари – ЛБМА) этиб тайинланди.
 
Ҳужжат 8.03.2019 йилдан кучга кирди.

Бундан олдин, Молия вазирлигида янги лавозим ва бошқарма ташкил этилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид