Роналдудан чорлов олган Месси енгилмас «Лион»га қарши. ЕЧЛ анонси
«Трибуна» Чемпионлар лигасининг 1/8 финали доирасидаги охирги икки учрашув анонсини тақдим этади. Бугун Мюнхенда ва Барселонада чорак финалнинг яна икки иштирокчиси аниқланади.
«Бавария» - «Ливерпуль» ҳамда «Барселона» - «Лион» биринчи ўйинларда нурсиз дуранглар қайд этганди, йўлланма тақдири Каталония ҳамда Мюнхендаги ўйинларда ҳал бўлади.
«БАВАРИЯ» - «ЛИВЕРПУЛЬ»
«Ливерпуль» қурбонликка тайёрми?
Куннинг марказий ўйини Мюнхенда ўтказилиб, «Бавария» ўз майдонида «Ливерпуль»ни қабул қилади. Жамоаларнинг «Энфилд»да ўтказилган биринчи ўйинида ҳисоб очилмаганди. Юрген Клоппнинг айтишича, ўз майдонидаги энг яхши дуранг натижа бу 0:0. Бироқ, бу натижа кўпроқ «Бавария» учун қулайроқ. Чунки, меҳмондаги ўйинда гол ўтказмаслик ўз майдонидаги ўйинда яхшигина устунлик беради. Бошқа томондан немисларнинг меҳмонда гол ура олмаганликлари уларга қийинчилик туғдириши ҳам мумкин. Энди «Ливерпуль» урган ҳар бир гол иккитага юради.
«Ливерпуль» 29 йилдан буён Англия чемпиони бўла олмай келмоқда. Шу сабаб АПЛ совринисиз ўтаётган ҳар бир йил клуб мухлисларининг аламини кучайтирмоқда. Ҳозир жамоа Юрген Клопп мураббийлигида охирги йиллардаги энг яхши ҳолатида. Мухлислар улардан Премьер-Лига ғолиблигини кутишмоқда. «Ливерпуль» ҳозир икки фронтда кураш олиб бормоқда ва бир қарашда иккита мусобақада ғолиблик учун курашиш жамоага оғирлик қилиши мумкин.
Мухлислар орасида «Ливерпуль» икки мусобақадан бирини қурбон қилиши кераклиги, акс ҳолда иккаласини ҳам бой бериши муҳокама қилинмоқда. Клоппдан бу ҳақда сўрашганда, мураббийнинг жаҳли чиқди. Муҳаммад Салоҳ эса қуйидагича жавоб берди: «Премьер-Лига ғолиблиги учун Чемпионлар Лигасидан жон деб кечган бўлардим».
Бундай алмашувга клубнинг барча мухлислари кўнишса керак, лекин Чемпионлар Лигасидан кечиш бу АПЛ ғолиблигини таъминлайди дегани эмас. Ундан ташқари, Клопп шогирдларига «Йигитлар, бизга Чемпионлар Лигаси керак эмас, бор эътиборни Премьер-Лигага қаратамиз. Бугун «Бавария»га ютқазиб берамиз», дейиши ақлга сиғмайдиган нарса. Топ-клублар ҳеч қачон ютқазиш учун майдонга тушишмайди.
«Ливерпуль»нинг захира имкониятлари катта бўлмаса ҳам, ўзи қатнашаётган барча мусобақада ғолиблик учун курашиши аниқ. Британиянинг халқаро майдондаги энг муваффақиятли жамоаси Чемпионлар Лигасидаги 6-совринни ҳеч қанақасига қурбон қилмаса керак.
«Бавария» жавоб ўйинини ўз майдонида ўтказса ҳам, бу баҳсда фаворит эмас. Чунки, биринчи ўйинда Нико Ковач шогирдлари деярли ҳеч қандай вазият ярата олишмади. «Бавария» Германияда етакчиликни қайтариб олиб, ўзига бўлган ишончни қайтариб олган бўлиши мумкин, лекин юқори прессингга асосланган «Ливерпуль» қаршисида «Бавария» кучли кўринмади. Жавоб ўйини ҳам катта эҳтимол билан «Ливерпуль»нинг назоратида ўтади.
Клопп «қасос ўтида ёнмоқда»
«Ливерпуль» ўтган йил Чемпионлар Лигаси ярим финалида «Рома»га қарши ўйнаганди. Ўша ўйиндан олдин мураббийдан финалга чиқса ким билан ўйнашни хоҳлашини сўрашганда (иккинчи яримфиналда «Бавария» ва «Реал» тўқнаш келганди) Клопп шундай жавоб берганди: «Тақдир мендан нимани хоҳлайсан деб сўраса, яна бир марта Чемпионлар Лигаси финалида «Бавария» билан ўйнашни деган бўлардим». Клопп «Боруссия» Дортмундда ишлаган вақтида, 2013 йилги ЕЧЛ финалида «Бавария»га ютқазганди. Шу сабабли ушбу мураббий «Бавария»дан айнан Чемпионлар Лигасида аламини олишни хоҳлайди. Чунки Бундеслигада мураббий шундоғам кўп марта «Бавария»нинг «курагини ерга теккизган».
Бу қарама-қаршиликда «Ливерпуль»га кўп эътибор бериб, «Бавария» ҳам Европа грандларидан эканини унутиш ярамайди. Нико Ковач клуб раҳбариятидан етарлича имконият олди. Жамоа Бундеслигада учликдан ҳам тушиб кетиб, етакчидан 10 очколаб орқада қолганида ҳам, раҳбарият Ковачга ишонишини маълум қилди. Натижада, хорватиялик мураббий чемпионатда етакчиликни қайтариб олди. Бироқ, «Бавария»ни Германия чемпионига айлантириш бундай катта клуб мураббийи учун катта натижа ҳисобланмайди. Чунки, «Бавария» қўпол қилиб айтганда, мураббийсиз ҳам чемпионатда ғолиб бўлиши мумкин. Ковач «Бавария»га бежизга келмаганини айнан Чемпионлар Лигасида исботлаши керак. Мусобақа фаворитларидан бўлган ўтган йилги финалчини енгиш бу борада катта қадам бўлади.
Жамоалар сафидаги йўқотишлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада «Бавария»нинг муаммолари жиддийроқ. Роббен жароҳати сабаб, Киммих ва Мюллер дисквалификация сабаб майдонга туша олишмайди.
«БАРСЕЛОНА» - «ЛИОН»
Месси Роналдунинг чорловига қандай жавоб беради?
Бу ўйинда «Барселона»нинг имкониятлари яхшироқ баҳоланмоқда. Каталонияликлар яққол фаворит десак ҳам бўлади. Биринчи ўйинда «Лион» ўз майдонида яхши қаршилик кўрсатганди, аммо «Барса» ўз майдонида қандай ўйнашини ҳамма билади. Биласизми, «Барселона» 1/8 финални энг охиргилардан бўлиб ўтказаётгани жамоа учун фойдали бўлди. Чунки, «Реал», «ПСЖ», «Атлетико» каби жамоалар биринчи ўйиндаги устунликни бой берганини кўрган каталонияликлар «Лион»га қарши ўйинда эҳтиёткорликни янада оширишади. Ўтган мавсумда «Барселона» яримфинал остонасида «Рома»га қандай мағлуб бўлганини эсласангиз керак. Ўшанда «Барса» айнан эҳтиёткорлик қилмагани сабаб қоқилганди. Бугунги ўйинда Вальверде шогирдларидан биринчи навбатда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормасликни талаб қилади.
Месси учун чорлов
Роналду «Реал»дан кетган бўлиши мумкин, лекин унинг Месси билан рақобати тугаб қолгани йўқ. Масалан, кеча Криштиану «Атлетико» дарвозасига учта гол уриб, мадридликларни мусобақадан чиқариб юборди (одатда Роналду мадридликларни қутқариб қоларди). Бу голлардан сўнг мухлисларда бир савол пайдо бўлгани табиий: Месси бугун нечта гол ураркин? Ҳа, бу йигитлар битта чемпионатда ўйнамай ҳам рақобатга киришаверади. «Лион»га ҳурматимизни сақлаган ҳолда бугун ўйиннинг асосий интригаси айнан Мессининг қандай ўйин кўрсатиши эканини таъкидлашимиз керак.
Бироқ «Лион»ни ҳам курашдан эрта чиқариш тўғри эмас. Фекир ва Депай жамоадошлари Франция чемпионатида учинчи ўринда боришмоқда. Жамоа Чемпионлар Лигаси ҳудудида қолишни деярли уддалаб бўлган ва ҳозир «Лион» фақат Чемпионлар Лигаси ҳақида ўйламоқда. Олимпикда ўтган биринчи ўйинда Терье, Траоре ва Ауар каби футболчилар ҳам яхши таассурот қолдиришганди. «Барселона», «Реал» каби жамоаларга қарши ўйинларда мана шундай янги порлаган юлдузлар ўзини кўрсатишга интилади. Қолаверса, «Лион» ЕЧЛнинг жорий мавсумида ҳали бирор марта ҳам мағлуб бўлмади - гуруҳдаги 6 ўйиндан 5тасида дуранг ўйнаб, биттасида ғалаба қозонган - сафарда «Сити» 2:1 ҳисобида мағлуб этилган.
«Барселона» бу ўйинда жуда яхши руҳий кўтаринкилик билан етиб келди. Жамоа «Лион» билан ўтказилган биринчи ўйиндан сўнг азалий рақиби «Реал»ни икки марталаб мағлуб этди. «Барселона» учун бундан яхшироқ адреналин йўқ, тўғрими? Жамоалар сафида йўқотишлар кўп эмас. «Барселона» сафида Усмон Дембеленинг майдонга туша олмаслиги каталонияликлар учун кичик муаммо туғдириши мумкин, холос.
1/8 финал. Биринчи ўйинлар
12 февраль, сешанба
«Рома» – «Порту» 2:1
«Манчестер Юнайтед» – «ПСЖ» 0:2
13 февраль, чоршанба
«Тоттенҳэм» – «Боруссия» Д 3:0
«Аякс» – «Реал» 1:2
19 февраль, сешанба
«Лион» – «Барселона» 0:0
«Ливерпуль» – «Бавария» 0:0
20 февраль, чоршанба
«Атлетико» – «Ювентус» 2:0
«Шальке» – «Манчестер Сити» 2:3
Жавоб ўйинлари
5 март, сешанба
«Боруссия» Д – «Тоттенҳэм» 1:0
«Реал» – «Аякс» 1:4
6 март, чоршанба
«ПСЖ» – «Манчестер Юнайтед» 1:3
«Порту» – «Рома» 3:1
12 март, сешанба
«Ювентус» – «Атлетико» 3:0
«Манчестер Сити» – «Шальке» 7:0
13 март, чоршанба
«Барселона» – «Лион»
«Бавария» – «Ливерпуль»
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:52 / 27.10.2024