Тожикистон - Қирғизистон чегарасидаги кескин вазият сақланиб қолмоқда
13 март куни Қирғизистон томони ўзаро келишувларга қарамай, Ворух жамоатида можарога сабаб бўлган «Кўктош-Оқсой-Тамдик» йўли қурилишини бошлагач, Тожикистон билан чегарада можаро юзага келди.
Ворух жамоати аҳолиси йўл қурилишига қарши норозилик билдирганида, қирғиз томони уларга қарата ўқ узди, оқибатда бир тожикистонлик ҳалок бўлди, яна 11 киши жароҳатланди.
Маълумотларга кўра, можарода Тожикистон томондан 70 киши, Қирғизистон томондан эса 50 киши иштирок этган Тожикистонликлар йўл қурилиши учун олиб келинган техникаларга тош ота бошлаган ва қурилишга қаршилик қилишган. Тожикистонлик чегарачилар маълумотига кўра, можаро давомида қирғизистонликлар ўқотар қурол ишлатишга ўтган, Ворух жамоати аҳолиси бўлган 50-60 чоғли киши гаровга олинган.
Ўз навбатида, қирғизистонликлар чегара ҳудудидаги Чоркуҳ жамоатига ҳам ҳужум қилишиб, Абдумажид Муллажоновга тегишли тегирмон ҳамда савдо омборига ўт қўйишган.
Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси баёнотида 43 ёшли Ҳусайн Ҳакимов ҳалок бўлгани тасдиқланган. У ов милтиғидан отилган ўқ туфайли вафот этган.
Тожикистон МХДҚ баёнотида айтилишича, 15 март кунига келиб ҳам, вазиятни барқарорлаштириш учун қўлланган чораларга қарамасдан, чегарадаги вазият оғирлигича қолмоқда.
«2019 йилнинг 14 мартида Қирғизистон республикаси фуқаролари, Баткен вилояти Оқсой қишлоғи аҳолиси Исфара тумани Ворух жамоатига бориш йўлида тўпланиб, делегация аъзолари ўтишига қаршилик қилишди. Маҳаллий вақт билан тахминан соат 15:30да оқсойликлар Ворух жамоатини ўраб олиб, йўлларни тўсиб қўйишди ва тожикистонликларни тошбўрон қила бошлашди. Тожикистон Республикаси фуқаролари баткенликлар ҳужумидан ҳимояланишга мажбур бўлишди. Кейин эса қирғиз чегарачилари ва қуролланган қирғизистонликлар Тожикистон Республикасининг қуролсиз фуқароларини ўққа тутди», дейилади баёнотда.
Отишма натижасида Тожикистоннинг яна бир фуқароси ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланган.
Маълум қилинишича, Тожикистон фуқароси бўлган, 1982 йилда туғилган, Ворухдаги Тидон участкасида яшаган Тешаев Расулиддин Имомбоевич оғир жароҳат олиб, вафот этган. Тожикистоннинг яна бир фуқароси, 2003 йилда туғилган Хайдаров Ансориддин эса чап қўлидан жароҳат олган ва маҳаллий шифохонага ётқизилган.
«Шу билан биргаликда қирғизистонликлар Ворухда яшовчи Тожикистон фуқаролари, 1970 йилда туғилган Зайниева Мавлуда ҳамда 1955 йилда туғилган Вохидов Абдуманоннинг уйларига бостириб кириб, уларга тан жароҳатлари етказишган», дея қайд этилган баёнотда.
Тожикистон томони Қирғизистон фуқаролари ва қирғизистонлик чегарачилар давлат чегарасини қўпол равишда бузишгани ва ҳудудда эскалация келтириб чиқаришганини айтмоқда.
«АП» хабарига кўра, Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ва Исфара милицияси бошлиғи Муҳаммадшоҳ Искандарзода 14 март куни Ворух анклавига келишган ва Қирғизистон томони билан музокаралар ўтказган. Тожикистон делегацияси фақат кечга бориб ортга қайтиб кетган, аввалига йўлни тўсиб қўйиб, уларни ортга қайтаришмаган, кейин барибир Сўғд вилояти раҳбарини ўтказиб юборишган.
Бундан ташқари, 14 март куни кечқурун Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Исфарага келган, кейин чегарадаги бошқа бир қишлоқ Чоркуҳга борган ва вазиятни ўрганиб, Исфарага қайтган.
Бугун, 15 март куни Исфарада Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари иштирокида музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.
13 март куни қирғизистон томон ташаббуси билан Қирғизистон ТИВ раҳбари Чингиз Айдарбеков ва Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган. Мулоқот давомида вазирлар икки мамлакатнинг тегишли органлари ўртасида яқиндан ҳамкорлик қардош халқлар ўртасида яқин қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиши ҳамда янада кучайтиришида катта аҳамият касб этишини қайд этган.
14 март куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Президентлар тегишли органларга инсонлар қурбон бўлишига олиб келган воқеа бўйича жиддий текширув ўтказиш ҳамда низони музокара йўли билан ҳал қилиш юзасидан топшириқ беришга келишиб олишган.
Қирғизистон давлат чегара хизмати маълумотига кўра, можаро давомида 3 нафар қирғизистонлик ўқотар қуролдан жароҳат олган, уларнинг бири оғир аҳволда қолмоқда.
Маълумот учун, Ворух - Тожикистоннинг икки эксклавидан бири бўлиб, Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Бу ҳудудда 31 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади ва уларнинг 99,99 фоизи тожиклар, 0,01 фоизи қирғизлар ҳисобланади. Ворухда Сари-Дашт, Тидон, Кучаи-Боло, Сари-Курум, Гузар, Навобод, Кишлок, Майдон, Сари-Канда, Таги-Махалла, Калъача, Точикон Санг-туда каби маҳаллалар жойлашган. Ворух экслави маъмурий жиҳатдан Исфара тумани таркибида ҳисобланади. Ҳудуд аҳолиси ўсиши туфайли ер етишмовчилиги кузатила бошлагач, 1980-йиллардаёқ тожиклар ва қирғизлар ўртасида можаролар бошланган.
«Кўктош-Оқсой-Тамдик» йўли қурилиши 2013 йилнинг апрелида бошланганди, аммо 2015 йилда йўл ярмига етгач, баҳсли участкалар туфайли қурилиш ишлари тўхтатилганди. Бу йўл стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади, бу йўл орқали Оксой, Самаркандек ва Оқ-Татира қишлоқлари аҳолиси тожикларнинг Қирғизистон ичида жойлашган Ворух анклавига кирмасдан Баткеннинг бошқа ҳудудларига ўтиши мумкин.
Мавзуга оид
16:43 / 27.12.2024
«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилишига старт берилди
10:43 / 27.12.2024
Қирғизистон айрим Кўрфаз давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилди
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024