Жамият | 21:05 / 18.03.2019
9313
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудига яширинча тилла буюмлар олиб ўтмоқчи бўлганлар тўхтатиб қолинди

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси

Маълумки юртимизга фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун 65 граммгача заргарлик буюмларини божхона тўловларисиз олиб киришларига рухсат этилади. Аммо ушбу товарларни мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан олиб киришга бўлган уринишлари ҳамон учраб турибди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари томонидан ана шундай ҳолатларнинг бир нечтаси фош қилинди.

Жумладан, юртимизга кириб келган фуқаро М.Э. шахсий кўрикдан ўтказилганида, эгнидаги кийимлари ичига яширилган, жами оғирлиги 199 граммга тенг бўлган 59,7 миллион сўмлик 10 дона сариқ металлдан ясалган заргарлик буюмларини қўшни давлатдан олиб киришга бўлган уринишлари фош қилинди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси

Фуқаро М.Г.ни холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказиш чоғида эса, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда айтилмаган оғирлиги 112 граммга тенг бўлган қиймати 44,8 миллион сўмлик 13 дона заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтаётган вақтда тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, фуқаро М.Д.нинг ҳам тузган режаси чиппакка чиқди. У шахсий кўрикдан ўтказилганида, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган, 244 грамм сариқ металлдан ясалган, қиймати 73,2 миллион сўмлик заргарлик буюмларини яширинча юртимизга олиб кираётгани аниқланди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси

Яна бир қонунбузар фуқаро Р.И.нинг кирдикорларини ҳам божхоначилар фош этишди. Ушбу фуқаро 74,7 миллион сўмлик 249 грамм оғирликка тенг бўлган сариқ металлдан ясалган, заргарлик буюмларини яширишга бўлган уринишлари наф бермади.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид