Жаҳон | 23:22 / 18.03.2019
27612
2 дақиқада ўқилади

Туркия Истанбулнинг Константинополга айланишига йўл қўймайди – Эрдўған 

Турк халқи Истанбулнинг Константинополга айланишига йўл қўймайди, деб айтди Янги Зеландиядаги терактга изоҳ бериб Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. 

Истанбул 1930 йил мартигача Константинополь деб аталган. 

“Янги Зеландиядаги теракт муайян гуруҳларнинг Туркияга йўллаган сигналидир. Мусулмонлар душманлари бизни ҳамон ёмон кўришларини кўрсатишди. Биз уларга қаршилик кўрсатишга тайёрмиз ва бу ҳақда Чанаккаледа баралла айтмоқдамиз. Турк халқи бу ерларда доим яшаган ва у Истанбулнинг Константинополга айланишига йўл қўймайди”, деб айтган Эрдўған турк қўшинларининг Дарданелла операциясидаги ғалабасининг 104 йиллиги муносабати билан ўтказилган маросимда.

Эрдўған “ўша жангдаги ғалаба тарихга турк халқи қони билан ёзилгани, у Мустафо Камол Отатурк бошчилигида қўлга киритилганини” айтган.

Туркия етакчиси Исроил бош вазири ўғлининг Туркияга қарши баёнотлари кўп томонлама янги зеландиялик террорчининг сўзларига мос келишини айтган. Унинг фикрича, бу маломатлар бир манбадан қўллаб-қувватланади. 

Эрдўған Туркия кулфатга тушган барчани қўллаб-қувватлашга, бутун дунёдаги мусулмонлар ва туркларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини таъкидлаб ўтган.  

1915 йил апрелида Биринчи жаҳон урушининг муҳим эпизоди бўлган – Дарданелла операциясининг фаол босқичи бошланган. У турк қўшинларининг қаршилиги сабабли Британия, Франция ва унинг иттифоқдошларига кўзланган натижани келтирмаган, яъни бу давлатлар Дарданелла бўғозини босиб ололмаган. Турк қўшинларининг Чанаккаледаги (Галлиполи) жангдаги муваффақияти Туркия ҳудудидан хорижий қўшинларнинг олиб чиқилиши билан якунланган бутун операция учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.

Мавзуга оид