Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқди
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз ваколатларини топширди. Бу ҳақда у 19 март куни телевидение орқали миллатга махсус мурожаатида эълон қилди.
«Мен президент сифатидаги ўз ваколатларимни тугатишга қарор қилдим. Бу йил энг олий лавозимни эгаллаб турганимга 30 йил тўлади. Халқ менга мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлиш имкониятини берди», — деди Нурсултон Назарбоев жонли эфирга намойиш этилган мурожаатида.
Энди сайловгача Қозоғистон Президенти вазифасини Парламент Сенати спикери Қосим-Жомарт Токаев бажариб туради. Нурсултон Назарбоев ўз мурожаатида Токаевга юксак ишонч билдиришини таъкидлаб ўтган.
20 март куни маҳаллий вақт билан соат 12:00да, Касим-Жомарт Токаев Қозоғистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи сифатида Парламент палаталарининг умумий мажлисида қасамёд қабул қилади.
Навбатдаги президентлик сайлови 2020 йилнинг баҳорида бўлиб ўтиши керак эди. Аммо энди мамлакатда муддатидан аввалги сайловлар ўтказилиши кутилмоқда.
Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига раислик қилади. У умрининг охирига қадар шу лавозимда қолиши мумкин. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси Қозоғистон парламенти томонидан 2018 йил май ойида қабул қилинганди.
У шунингдек, «Нур-атан» партияси раҳбари, мамлакат конституциявий кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Шу тариқа, мустақил Қозоғистон тарихида илк марта президент ўзгаради. Нурсултон Назарбоев 1990 йилдан буён мамлакатни бошқариб келмоқда.
У 2015 йилда муддатидан аввалги сайловда ғалаба қозониб, бешинчи марта президентликка сайланганди. Охирги сайловда у сайловчиларнинг 97,75 фоизи овозини олган.
Шу йилнинг июлида Назарбоев 79 ёшга тўлади.
Февраль ойи охирида Қозоғистон тарихида биринчи марта президент Нурсултон Назарбоев бош вазир, ҳукумат аъзолари, шунингдек, вилоятлар ҳокимларини эгаллаб турган лавозимларидан четлаштирганди. Элбоши ўз мурожаатида ҳукуматнинг иш фаолиятини кескин танқид остига олган, охирги вақтларда юз бераётган иқтисодий турғунлик, ишсизлик, инфляция ҳолатлари тилга олинганди.
Мавзуга оид
14:01
Қибрайда Қозоғистондан тортилган яширин ерости қувури аниқланди
09:00
Қозоғистонда AZAL лайнери ҳалокати версияларига ҳозирча баҳо берилмади
20:58 / 26.12.2024
Катта эҳтимол билан Россия ракетаси зарба берган. Оқтовдаги авиаҳалокатнинг иккинчи кунига келиб яна нималар маълум?
19:17 / 26.12.2024