Таҳририятга хат келди: Зўравон эр хўрлаган келиннинг изтироблари
Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида истиқомат қилувчи С.Ғ.дан таҳририятимизга хат келди. Ҳикоядан маълум бўлишича, 32 ёшли С.Ғ. 2018 йилнинг декабрида 35 ёшли Б.Қ.га турмушга чиқади.
«Турмушим узоққа чўзилмади: гўзал ва чиройли оила қураман деб турмушга чиққандим, афсуски, алдандим. Турмушимдан уч кун ўтиб, ҳар куни спиртли ичимлик ичиб келиб ура бошлади, лекин ҳаммасига чидадим. Уйдагиларга, яъни ота-онамга гап етказмасликка ҳаракат қилиб келдим.
Бир куни яқин қариндошларим — ота-онам меҳмон бўлиб келишди. Шунда менинг кўзларим кўкарган, эрим анча тан жароҳат етказган эди. Кейин улар мендан кўзларимга нима бўлганини сўрашди. Мен эса ҳеч нима бўлмаганини айтдим ва оиламни дедим: эрим вақт ўтиб ичишдан воз кечиб, яхши бўлади деган умидда эдим. Ота-онам «яхши яшанглар, уришманглар», деб насиҳат қилиб кетишди.
Мен яқин қариндошларим билан телефон орқали гаплаша олмасдим. Сабаби — телефон йўқ, свет йўқ, қишлоқ аҳолисидан анча олисда яшардик, байрамларда табриклаб қўяй, десам иложи йўқ: ҳеч қаерга чиқарилмасдан яшадим. Жонимдан қаттиқ ўтказиб хўрлашлар давом этар эди.
Туғилган кунимга ота-онам, яқинларим келишди. Ҳаммамиз онам пишириб келган нон-кулчаларга тўлиб тошган дастурхон атрофида ўтирдик.
Меҳмонлар кетишгач, кейин яна катта жанжал бошланди: «уйдагиларинг ётиб кетишмади», «кўп овқат ейишмади», «сенинг онанг ёмон, отанг ёмон», деб менга «тилингдан тилхат ёзасан: ўз-ўзимни ўлдирдим, менинг ҳеч кимдан даъвоим йўқ», деб, бир қўлида пичоқ билан бўйнимга ниқтади. Кейин «сени ўлдираман, мана буни ич!» — деб ароқни оғзимдан мажбурлаб қуйди. Сўнг дастурхонда турган нон-кулчаларни оёғи билан тепиб, «онанг ёпган нонга тупурдим», деб идиш-товоқларни синдириб, шиша синиғи билан танамга қаттиқ жароҳат етказди. Баданим қонга беланди.
Уйдан қочиб чиқишни ўйлардим: бу қўли қон инсон билан яшаш қийинлиги аниқ эди. Шу кеча турмуш ўртоғим бир қўлида пичоқ, бир қўлида ароқ билан ухлаб қолди. Бундан фойдаланиб, деразадан қочиб чиқиб, қоронғи тунда тоғма-тоғ ошиб, туман тиббиёт марказига етиб келдим. Шифокорлар ёрдами билан уйдагиларимга хабар берилди, мени кўриб ота-онам қўрқиб кетишди.
Кейин Қўшробот туман ИИБга хабар беришди. Ҳозиргача суриштирув ишлари давом этмоқда. Энди бу инсон билан ярашиш ниятим йўқ».
* * *
Биз мазкур хатни йўллаган жувон билан телефон орқали суҳбатлашдик. Сўнгра оилада юз берган бундай зўравонликка қандай чора кўрилгани билан қизиқдик.
Маълум бўлишича, Б.Қ турмуш ўртоғи С.Ғ.нинг «соғлиги енгил бузилишига сабаб бўладиган тан жароҳати» етказгани учун туман ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган ва иш судга оширилган.
12 март куни жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судининг «Қоратош» МФЙ биносида судья И.Ғуломов раислигида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида мазкур иш кўриб чиқилган.
Суд мажлисида жабрланувчи ва гувоҳлар, шунингдек, судланувчи зўравон эр ҳам сўроқ қилинган. Суд судланувчи Б.Қ.нинг содир этган жиноий хатти-ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексинининг 109-моддасининг 2-қисми билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблаган.
Суд, Б.Қ. томонидан содир этилган жиноятни қасддан содир этилган ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят деб ҳисоблаб, унинг қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганини, қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, оиласида ягона боқувчи эканини ва жабрланувчидан кечирим сўраганини унинг айбини енгиллаштирувчи ҳолатлар; жиноятни спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ғараз ва паст ниятда содир этганини айбини оғирлаштирувчи ҳолат ўлароқ баҳолаган.
Суд ҳукми билан Б.Қ.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддасининг 2-қисми билан ҳар ойда иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда бир йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган.
Биз билан суҳбатда С.Ғ. турмуш ўртоғи билан ФҲДЁ органида қонуний никоҳдан ўтгани, энди туман фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиб, турмушидан ажралишини маълум қилди.
Албатта, ичкилик — барча балоларнинг бошидир. Бир марта турмуши бузилган эр бундан тўғри хулоса чиқармасдан, иккинчи марта уйланиб, ўз хотинига яна зўравонларча муносабатда бўлиши, аёвсиз ҳақоратлашларига чидаш қийин. Бундайларга ҳеч кимнинг тушунтириши ҳам, насиҳати ҳам, ялиниб-ёлвориши ҳам кор қилмайди. Инсофни ўзига бермаса қийин.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
15:29 / 19.12.2024
Индонезияда аёлларга нисбатан зўравонлик туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди
13:50 / 02.12.2024
Дунёда шундай қишлоқ бор: унга эркаклар кириши тақиқланган
17:13 / 29.11.2024
Тожикистонда болаларни хивчин билан савалаган аёл ушлангани маълум бўлди
12:00 / 27.11.2024