Ўзбекистон | 15:55 / 20.03.2019
51143
3 дақиқада ўқилади

AKFAга боғлиқ барча компаниялар раҳбарлари ўзгарди

Наврўз-янгиланиш байрами арафасида республикамиздаги етакчи компаниялар раҳбариятида ҳам қатор ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу ҳақда компаниялар расмий сайтлари хабар бермоқда.

Жумладан:

ARTEL корхонаси сайтида “ARTEL савдо белгиси остида фаолият юритувчи корхоналар таъсисчилари таркиби ўзгарганлиги натижасида, компания раҳбарияти таркибида ўзгариш содир бўлди. Бунга асосан, 2019 йил 20 мартда Директорлар кенгаши раиси сифатида Абдуллаев Баҳодир Равшанович тайинланди.

ARTEL савдо белгиси остида фаолият юритувчи корхоналарнинг асосий фаолияти Ўзбекистон Республикасида Artel, Samsung ва Shivaki савдо белгилари остида маиший техника ва электроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобланади” – деган хабар эълон қилинган.

AKFA ва IMZOда ҳам ўзгариш

“AKFA компанияси таъсисчилари ва директорлар кенгаши ўзгарганлиги муносабати билан директорлар кенгашининг янги раиси сифатида Ганиев Аброр Ахралович тайинланди. У ўз фаолиятини 2019 йил 20 мартдан бошлади.

AKFA компаниялар гуруҳининг асосий фаолияти AKFA ва IMZO савдо белгилари остида қурилиш маҳсулотлари, жумладан, алюмин ва ПВХ профиллари, иситиш радиаторлари ва алюмин компазитли панеллар ишлаб чиқаришдан иборат” – дейилади расмий маълумотида.

Тиббий йўналишда ҳам янгилик: AKFA Medline янги раҳбар бошқарувида

“2019 йилнинг 20 мартидан бошлаб AKFA Medline кўп тармоқли тиббий марказини Мирзалиева Камолат Куканбаевна бошқаради.

AKFA Medline – бу Марказий Осиёдаги йирик хусусий кўп тармоқли тиббий марказ бўлиб, унда кардиохирургик, нейрохирургик, ортопедик ва бошқа турдаги мураккаб операциялар амалга оширилади. Юқори малакали шифокорлар замонавий ускуналар ёрдамида аниқ ва мукаммал ташхис қўядилар” – деган хабар жойлаштирилган тиббий марказ хабарида.

«Crafers» компаниясидан расмий хабар

“2019 йил 20 мартда «Crafers» компаниясининг Директорлар кенгаши Раиси лавозимига Амилов Азизхон Алишерович тайинланди.

«Crafers» компаниясининг асосий фаолияти кенг турдаги қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Лойиҳанинг биринчи босқичида 256 номдаги қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда йиллик ишлаб чиқариш қувватини 46 000 тоннадан ошириш режалаштирилган” – деган сўзлар билан мавзу давом этади.

Ва ниҳоят MEDIAPARK...

“MEDIAPARK муассислари таркиби ўзгариши муносабати билан 2019 йилнинг 20 мартидан бошлаб Убайдуллаев Нодир Ригнатович компания раиси этиб тайинланди.

MEDIAPARK компаниясининг асосий йўналиши маиший техникаларнинг чакана савдоси бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб 11 та савдо марказлари фаолият юритмоқда” – деган хабар жойлаштирилган mediapark.uz сайтидаги хабарда.

Йирик компаниялардаги бундай ўзгаришлар сабаби маълум қилинмаган. 

Мавзуга оид