Спорт | 14:02 / 20.03.2019
6959
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Ўзбекистон бокс федерациясининг сайёр йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан Андижонда сайёр йиғилиш ўтказилди. Унда спортнинг мазкур турига дахлдор бўлган мутасаддилар, Андижон, Наманган, Фарғона бокс федерациялари вакиллари, фахрий спортчилар иштирок этди.

Анжуманда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатовлар мамлакатда бокснинг ривожи ва оммавийлигини янги сифат босқичига олиб чиқиш, нуфузли халқаро турнирларда янги ғалабаларга эришиш учун режалаштирилаётган ишлар ҳақида маъруза қилдилар.

Андижон бокси вакиллари, таниқли мутахассислар Марс Қўчқоров, Ўткирбек Ҳайдаровлар ҳам ўз фикрларини баён этишди. Андижонлик бокс усталари жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган “Андижон бокс мактаби”нинг янада ривожланиши учун моддий техника базасини такомиллаштириш, ёш иқтидорларни вояга етказиш учун Андижонда “Бокс маркази” мажмуасини қуриш лозимлиги ҳақида таклиф киритишди.

Республика мутасаддилари ўз ўрнида вилоятда мавжуд бокс мактабининг нуфузини янада ошириш учун барча ёрдамларини аямаслигини билдирдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон бокс федерацияси Андижон вилояти бўлими раислигига Зайнобиддин Аюбжонов сайланди.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар шаҳардаги БЎСМ қошида фаолият юритаётган бокс мактаби ҳамда олимпия захиралари мактаб-интернатида бўлиб машғулотлар жараёни билан танишишди.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид