Ўзбекистон | 01:18 / 20.03.2019
7817
5 дақиқада ўқилади

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Россия билан ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқмоқда

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси делегацияси Россия Федерацияси Миллий тиббий палатаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга доир келишувга эришди. Москва шаҳрига амалга оширилган ишчи ташриф давомида Миллий палата раиси Равшан Изамов бошчилигидаги делегация РФ Миллий тиббий палатаси президенти Леонид Рошаль билан учрашди.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси

Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизматидан хабар берилишича, музокаралар давомида Леонид Рошаль Ўзбекистонда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси каби тузилманинг яратилиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Томонлар фуқароларни мажбурий тиббий суғурталаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди. Мазкур тузилма қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда тиббиёт соҳаси билан боғлиқ ҳодисаларни тадқиқ қилиш учун тўлқонли шароит яратиш мақсадида РФ Тергов қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси

Ишчи ташриф доирасида шунингдек РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. У ерда Бош бошқарма раҳбарияти ва РФ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор мутахассислари иштирокидаги музокараларда тиббий таълим, тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва аккредитациядан ўтказиш бўйича ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Россияда узлуксиз тиббий таълим янги тизими жорий қилинишига оид батафсил маълумот берилди. Бу иш билан РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2011 йилдан буён шуғулланиши ҳамда белгиланган режаларнинг 2024 йилга бориб тугалланиши қайд этилди. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг аккредитация моделини такомиллаштириш муҳимлиги таъкидланди, РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ишда Россия Миллий тиббий палатаси иттифоқининг тавсия ва хулосаларини ҳисобга олади.

Учрашув доирасида Россия томон Ўзбекистон Миллий палатаси мутахассисларини етакчи тиббий таълим Марказлари ва ОТМларга таклиф қилишга тайёр эканини билдирди, бундан мақсад маслаҳатлашувлар ўтказиш ва тажриба алмашиш эканлиги қайд этилди.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси

Ташриф доирасида ўзбекистонликлар, шунингдек, РФ Президенти бошқаруви остидаги 1-сонли клиник шифохонага ҳам ташриф буюришди ва у ерда креоногипертоник терапияда (ишемик инсультда) қўлланувчи инновацион ишланма-жиҳоз билан танишишди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мазкур қурилмадан фойдаланишда инсульт билан касалланган беморларнинг омон қолиш имкони 30 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Бугунга келиб бу тиббий ускуна Россиянинг бир неча йирик тиббий марказларида қўлланилади.

Музокаралар давомида мазкур аппаратни Тошкентдаги Республика марказларидан бирида клиник синовдан ўтказишга ҳамда “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими 2019” кўргазмасида намойиш қилиш учун 1-2 аппаратни етказиб беришга оид келишувга эришилди.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Равшан Изамов

Бундан ташқари, Изамов бошчилигидаги делегация Россиядаги GE – Medicine (Америка) компаниясининг вакиллари билан учрашди. Ҳозирда ушбу компания томонидан Ўзбекистон учун махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, у аёлларда кўкрак бези саратони скрининги ва уни даволашга доир лойиҳа тайёрланган ва Ўзбекистон Республикаси Онкологик илмий марказига кўриб чиқиш учун топширилган. Лойиҳа, хусусан, Ўзбекистонга 30 миллион долларгача инвестицион кредит тақдим этишни кўзда тутади ва бу мутахассисларни тўлиқ дастур асосида ўқитишни ўз ичига олади.

Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасининг Россияга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар асосида РФ соғлиқни сақлаш тузилмалари билан ҳамкорликка оид “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

Маълумот учун: Россия Миллий тиббий палатаси 2011 йилда ташкил топган ва тузилма раҳбарининг сўзларига кўра, унинг тўлиқ тузилишига 8 йил кетган. Миллий тиббий палата таркибидан Россиянинг барча ҳудудларида фаолият юритувчи олимлар ва тиббий илм ҳамда тиббий таълим вакиллари ўрин олган. Улар РФда тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар давомида юзага келган масалаларни муҳокама қилишади ва вазиятни яхшилашга доир тегишли қарор қабул қилишади.

Мавзуга оид