Ўзбекистон | 13:52 / 20.03.2019
9302
2 дақиқада ўқилади

Иш ҳақини ололмаган 1800 нафар ўқитувчининг иши ижобий ҳал қилинди 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига 2019 йил 19 март куни Андижон вилояти Бўз тумани халқ таълими муассасалари ходимларига март ойи учун аванс (бўнак) пуллари берилмаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушди, деб хабар бермоқда касаба уюшмаси.

Хабарга кўра, Андижон вилояти Бўз туманлараро судининг 2018 йил 18 декабрдаги ижро варақасига кўра, қарздор Бўз туман халқ таълими бўлими ҳисобидан ундирувчи Э.С. фойдасига 7.652.163 сўм иш ҳақи, 500.000 сўм маънавий зарар ундирилиши ўз вақтида амалга оширилмаган. Шу туфайли Бўз туман Халқ таълими бўлими ҳисоб рақамига чеклов қўйилган ва тумандаги барча халқ таълими педагоглари ва ходимларига 2019 йил март ойи учун аванс (бўнак) пулларини ўтказиб беришнинг имкони бўлмаган.

Мазкур масалада педагогларнинг таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши ва туман халқ таълими бўлими туман Ғазначилик бўлими ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатлари ва саъй-ҳаракатлари натижа бермагандан сўнг, 2019 йил 19 март куни Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг масъул ходимларига мурожаат қилган.

Ушбу мурожаат юзасидан Республика кенгаши Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда таъсирчан чоралар кўрди ва шу куни икки соат ичида туман Халқ таълими бўлими ҳисоб рақамига қўйилган чеклов олиб ташланди. 1800 нафар педагог ва ходимларнинг 2019 йил март ойи учун аванс (бўнак) пуллари 19 март куни тушликдан кейин пластик карталарига тушириб берилган.

Мавзуга оид