Ўзбекистон | 11:10 / 23.03.2019
16341
7 дақиқада ўқилади

Тошкентда юк автомобиллари ҳаракатини чеклаш таклифи берилди. Йирик шаҳарларда бунинг имкони борми?

Kun.uz сайтига турли туман мазмундаги мурожаатлар, таклиф ва фикр-мулоҳазалар келиб туради. Дониёр Каримов исмли муштарий йўллаган таклиф бир қарашда ўринсиз туйилади. Аммо юзага келаётган вазият, жаҳон тажрибаси ўрганилганда бу фикрда ҳам жон борлиги аён бўлади.

«Сизлардан пойтахтда эрталаб ва кечки пайт автотранспортлар тирбандлиги олдини олиш мақсадида берилган таклифни ўрганишни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВга етказишингизни сўрайман.

Олдин ҳам бу мавзуда илтимос қилгандим, лекин эътиборсиз қолди. Таклифим шуки, ҳафтанинг 5 куни, яъни душанба-жума кунлари, эрталаб соат 07:00-09:00 оралиғида ва кечки соат 18:00дан соат 20:00гача Тошкент шаҳри ичида юк машиналари ҳаракати тақиқлаб қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Масала нақадар мураккаблигига ишонч ҳосил қилиш учун эрталаб Оҳангарон шоссесидан пойтахтга киришдаги «Роҳат» айланасида жуда кўп юк машиналар ҳаракатланаётганига, тирбандлик ниҳоятда ортиб кетишига гувоҳ бўласиз. Сизлардан илтимос, шу мавзуни ўрганиб чиқсангиз».

Бу таклиф ўринсиз ва иложсиздек туюлади. Сабаби оддий, Тошкент улкан шаҳар, қон томиридек йўллар орқали мунтазам таъминот йўлга қўйилган, юк машиналар озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериб туриши керак. Қолаверса, пойтахт улкан қурилиш майдонига айланиб қолган – қурилиш  бир дақиқа ҳам тинмайдиган жараён, айниқса таклифда билдирилган чеклов вақтида айни иш қизғин бўлади.

Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Тошкент шаҳрида автомобил қатнови нафақат йилдан-йилга, балки ойдан-ойга тиғизлашиб бормоқда. Аслида бошқа вилоятлар марказларида ҳам шундай муаммо бор, лекин ҳозирча мавзуни фақат пойтахт мисолида ўрганиб турамиз.

Аслида шаҳарлардаги тирбандлик бутун дунёдаги йирик шаҳарлар муаммоси ва уларнинг ҳар бири бу масалани ўзича ечишга ҳаракат қилишади.

Келинг, бир қатор давлатлар, йирик шаҳарлар тажрибаси билан танишиб чиқамиз:

* Франция, Париж. Бу давлат ҳукумати, шаҳар раҳбариятининг аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишга ўргатиш учун қилган оташин чорловлари фойда бермагач, масалани кескин усулда ечишга ҳаракат қилишган. Яъни, шаҳар йўлларининг ярмидан кўпи жамоат транспортига ажратилган, қолган тор қисмигина хусусий автомобилларга қолган;

* Буюк Британия, Лондон. Бу қадимий шаҳарда ҳамиша ер танқислиги муаммо бўлиб келган. Унинг йўллари ҳам эски, тор ва ҳаракатланиш ноқулай. Шаҳар маъмурияти оддий ва осон усулни йўлга қўйган – шаҳар марказига автомобилда кирдингизми, тамом, пул тўлайсиз. Ҳатто шу ҳудудда яшайдиганларга ҳам маълум миқдорда пул тўлаши шарт. Албатта, махсус техникадан ташқари айрим тоифа шахсларнинг бепул ҳаракатланиш ҳуқуқи сақланиб қолган – масалан қироличанинг;

* Дания, Копенгаген. Бу давлатдаги услуб ниҳоятда самарали ва фойдали. Аҳолининг 20 фоиздан ортиқроғи велосипедлардан фойдаланишга ўтган ва бу кўрсаткич ошиб бормоқда.

* Осиё қитъаси мўъжизаси – Сингапур. Бу шаҳар-давлатда оддий ва самарали усул қўлланади – автомобиллар ниҳоятда қиммат. Автомобил қийматига нисбатан 3-4 баробар қимматроқ бож тўлаш лозим;

* Хитой ва унинг йирик шаҳарлари тажрибаси ҳаммасидан ошиб тушади. 20-25 йил ичида атомобиллар сони 100 (!) мартадан кўпроқ ошиб кетган Пекинда автомобиль сотиб олиш қийин масала эмас. Аммо унга давлат рақами олиш ҳақиқий муаммо. Бунинг учун йиллаб кутиш керак. Масалан, қайсидир ҳайдовчи вафот этса, ўрни бўшайди. Шунингдек, автомобиль рақамлари лотереясида ўйнаб ютиб олиш ҳам мумкин, фақат имконият ҳақиқий лотереялардагидек. Рақам олганлар ҳам хотиржам юра олишмайди. Йирик шаҳарларда тоқ кунлар, жуфт кунлар каби усуллар қўлланилади. Яъни, тоқ кунларда маълум тоифа, жуфт кунларда иккинчи тоифа ҳаракатланиши мумкин.

* Россия, Москва. Россияни кўп жиҳатдан бошқа ривожланган давлатлар билан қиёслаб бўлмасада, айнан тирбандликка қарши кураш бўйича Москва шаҳри кўпчиликка ўрнак бўла олади. Тақиқ, чеклов ва тўловлар усулини биринчи даражага кўтармаган ҳолда бу шаҳар маъмурияти жамоат транспорти, хусусан метро тизимини жадал ривожлантириш, кўплаб янги бекатларни ишга туширишда жуда илғор ҳисобланишади. Шунингдек, кўприклар, туннеллар, транспорт тугунларида ер ости йўллари, эстакадаларни кўпайтириш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда.

Бу масала билан деярли барча мегаполисларда шуғулланишади. Хусусан, уяли алоқа компаниялари маълум йўлларда телефонлар (яъни автомобиллар) кўпайишини ҳисобга олиб, бошқа фойдаланувчиларга хабар беришади. Маҳаллий радиоларда хабарлар узатилади, махсус сайтлар эълонлар тарқатади.

Ўзбекистон, хусусан Тошкентда ҳам бу борада катта ҳажмдаги лойиҳалар амалга оширилаётганини эътироф этиш лозим. Масалан, охирги йилларда Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳада, Чўпонота-Бунёдкор чорраҳасидаги ишга туширилган йўл ўтказгичлар, Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасида барпо этилаётган уч қаватли замонавий автомобиль кўприги лойиҳаси яхши мисол бўла олади. Шаҳар бўйлаб ҳалқа темирйўли, метронинг янги бекатлари каби бундай йирик лойиҳалар албатта жуда яхши.   

Тошкент шаҳри инфратузилмаси ҳозирча ўз вазифасини бажара олаётган бўлса-да, эртами кечми тирбандлик ошгандан ошаверади ва бизда ҳам юқоридаги усуллардан бири ёки бир нечтаси, балки мутлақо янги (хусусан муштарий таклиф этаётган) усуллар қўлланилиши мумкин.

ЙҲХХ изоҳи:

– Йўл ҳаракати қоидалари Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарорлари билан тартибга солинади. Биз айнан ўша қоидалар асосида фаолият олиб борамиз ва барча бу қоидаларга бўйсуниши шарт.

Юқоридаги таклиф ўрганиб чиқишга арзийди. Лекин айни пайтда бундай чекловлар режалаштирилмаган.

Энди бевосита Оҳангарон шоссесига тўхталадиган бўлсак:

1. Оҳангарон шоссеси номидан ҳам билиниб турибдики, давлат аҳамиятига молик йўл ҳисобланади;

2. Геометрик параметрлари бўйича бу кўча барча турдаги транспорт воситаларига хизмат қилишга мўлжалланган;

3. Бу йўл пойтахтни Фарғона водийси билан боғловчи ягона йўл ҳисобланади, ундаги ҳар қандай чекловлар катта ноқулайликлар келтириб чиқаради;

4. Ҳар қандай чекловлар бир неча ташкилотлар томонидан мувофиқлаштирилиши лозим. Бундай чекловлар қайси ташкилотлар томонидан қўйилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид