Жаҳон | 14:40 / 24.03.2019
6351
2 дақиқада ўқилади

Нетаньяху Вашингтонда Трамп билан Жўлан, Эрон ва Сурияни муҳокама қилмоқчи

Фото: REUTERS / Kevin Lamarque

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп билан унинг Жўлан тепаликлари бўйича декларацияси, Суриядаги вазият ва Эронга босим ўтказишни давом эттиришни муҳокама қилмоқчи. Бу ҳақда Исроил бош вазири девонхонаси маълум қилди.

"Мен Трамп билан Жўлан тепаликлари, унинг тарихий декларацияси, Сурия, Эронга босим ўтказишда давом этиш, унга қарши киритилган ва киритиладиган қўшимча санкциялар, хавфсизлик ва разведка бўйича ўртамиздаги ҳамкорлик даражаси тўғрисида суҳбатлашаман", - дея иқтибос келтирилади Нетаньяхунинг сўзларидан.

Америка президенти Дональд Трамп АҚШ учун Исроилнинг Жўлан тепаликлари устидан суверенитетини тан олиш вақти келганлигини билдирганди.

У Twitter саҳифасида Жўлан тепаликлари ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга эканлигини, Исроил давлати ва минтақавий хавфсизлик учун муҳимлигини эътироф этди.

Ўз навбатида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Трампга Жўлан тепаликлари устидан яҳудий давлатининг суверенитетини тан олишга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди.

Трампнинг баёноти Биньямин Нетаньяхунинг АҚШга ташрифи ва Исроилда бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида янгради.

Жўлан тепаликларининг Исроилга тегишли эканлигини тан олиш ҳақидаги мазкур баёнот бошқа мамлакатлар томонидан салбий қарши олинди.

Мавзуга оид