Венесуэлага Россиядан бортида юзга яқин ҳарбий бўлган икки самолёт келиб қўнди
23 март куни Каракасдаги Майкетия халқаро аэропортига россиялик ҳарбийлар ва 35 тонна юк бўлган Ан-124 ва Ил-62 самолётлари келган. Бу ҳақда El Comercio нашри маълум қилди.
Нашрнинг таъкидлашича, гап 99 ҳарбий ҳақида бормоқда, уларга Россия қуролли кучлари бош штаби ташкилий-мобилизация бош бошқармаси бошлиғи генерал-полковник Василий Тонкошкуров бошчилик қилмоқда. Маълум қилинишича, россиялик ҳарбийларни Венесуэланинг халқаро алоқалар ва интеграция бўлими бошлиғи Марианни Мата, Венесуэла миллий гвардияси вакили Эдгар Колина Рейес ва Россиянинг Каракасдаги дипломатик ваколатхонаси вакиллари кутиб олишган.
Hoy llegaron al aeropuerto Internacional de Maiquetía estos dos aviones de la Fuerza Aerea rusa.
— Federico Black B. (@FedericoBlackB) March 23, 2019
1 Ilyushin Il-62M
1 Antomov 124
Fotos: cortesía pic.twitter.com/w7hgQhyivr
Нашрга кўра, Ан-124 ҳарбий-транспорт ва Ил-62 йўловчи самолётлари Каракасга Москвадан Сурия орқали учиб келган.
Россия Мудофаа вазирлиги ва ТИВ Венесуэладаги ҳарбийлар ҳақида расмий маълумот бермади.
РИА Новости агентлиги Каракасдаги дипломатик манбасига асосланган ҳолда хабар беришича, ҳарбийлар ҳарбий-техник ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун келишган. Унинг қайд этишича, Венесуэла ва Россия ўртасида бир неча йил муқаддам ҳарбий соҳада бир неча шартнома тузилган ва россияликлар ташрифида «ҳайрон қоларли жиҳат йўқ».
«Икки томонлама маслаҳатлашувлар учун келишди. [...] Россияда (Венесуэла билан) қатор битимлар бор, улар ижро босқичида, шу жумладан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича», - деган у.
Венесуэлада оғир сиёсий инқироз давом этмоқда. АҚШ ва бошқа кўплаб Ғарб давлатлари амалдаги президент Николас Мадурони тан олишмаяпти ва январь ойида ўзини муваққат президент деб эълон қилган мухолифат етчакчиси Хуан Гуайдони қўллаб-қувватлашмоқда.
Март ойида Николас Мадуро PDVSA давлат нефть компаниясининг Лиссабондаги бўлимларини Москвага кўчирди. Расмий Москва озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар етказиб беришни, шунингдек, нефть қазиб олишда ёрдам кўрсатишни ваъда қилди.
Венесуэла иқтисодиёти қаторасига олтинчи йил қулаш жараёнини бошдан кечирмоқда. Мамлакатда инфляция миллион фоизга ошган ва Венесуэла ўтган йили бу кўрсаткич бўйича 1920-йиллардаги Веймар республикаси ва 2000-йиллардаги Зимбабве билан бир хил натижа қайд этди.
2018 йилнинг декабрида Россия Венесуэлага Ту-160 русумли иккита стратегик ракета ташувчиларини йўллаганди. Январь ойи бошида Венесуэладаги инқироз шароитида «Вагнер» гуруҳи ҳарбийлари Николас Мадуро ҳимояси учун етиб келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бундан ташқари, январь ойида Каракасга россияликларнинг бир неча самолётлари учди — тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу самолётлар Венесуэла ҳукуматига олтин захираларини сотишда ёрдам берган.