Жамият | 11:50 / 25.03.2019
25138
6 дақиқада ўқилади

«Агробанк» АТБ Қарши филиали ва фермерлар ўртасидаги можаро. Ҳисоб рақамдаги пуллар қаерга кетди?

Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги «Турон» фермер хўжалиги раҳбари У.Ҳақбердиев ва «Улуғбек Нур Турсунпўлат ўғли» фермер хўжалиги раҳбари Н.Худойбердиев томонидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда «Агробанк» АТБ Қарши тумани филиали фермерларнинг ҳисоб рақамларидаги маблағларни бошқа фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларига ўтказиб юборганини, бу жараёндан уларнинг хабари йўқлиги, маблағлари талон-торож бўлгани баён этилган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Қарши туманида бўлдик ва шикоят хати йўллаган фермерлар билан учрашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«2018 йилда фермер хўжаликларимиз пахтадан кўрган даромадларидан тушган маблағларни ҳисоб рақамларимиздан банк кредитидан қарздор бўлиб қолган бошқа фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларига «Агробанк» АТБ Қарши филиали ходимлари ўтказишган. Шу орқали улар қарздор фермерларнинг қарзларини ёпишган. Аммо биз ҳеч қандай ҳужжатга муҳр ва имзо қўймаганмиз. «Турон» фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан 20 миллион сўм, «Улуғбек Нур Турсунпўлат ўғли» фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан 30 миллион сўм маблағ бошқа ҳисоб рақамларга ўтказилган. Бундай ҳолатга тушган фермерлар кўп. Дастлаб турли ташкилотларга бу борада мурожаат қилганимизда уларнинг сони кўп эди. Кейинчалик номаълум сабабларга кўра даъволаридан қайтишди. Қолаверса, йил давомида банк бизнинг ҳисоб рақамларимиздаги маблағлардан турли тадбирлар, хайрия ва ҳомийликлар учун туман раҳбарлари топшириғи билан ўтказаверади. Маблағларимизни очиқчасига талон-торож қилади. Энди эса пахтадан олган даромадимизни ҳам бошқа фермерлар ҳисоб рақамларига ўтказган. Биз бу маблағларимиз ўзимизга қайтарилишини истаймиз», – дейди «Турон» фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Ҳақбердиев.

Ўрганиш давомида фермерлардан бу эътирозларига асос бор ёки йўқлигини сўрадик.

Уларнинг айтишича, маблағ ўтказилгани ҳақида тўлов-топшириқнома борлигини «Агробанк» АТБ Қарши филиали уларнинг эътирозларидан кейин тақдим этишган. Унда фермер хўжалиги раҳбари имзоси, муҳри ва банк штампи бор.

Аммо фермерлар бизга худди шундай сонли бошқа тўлов-топшириқномаларни ҳам кўрсатишди. Уларнинг айтишича, бу ҳужжатлар ҳам банк ходими томонидан уларга тақдим этилган. Лекин бу тўлов-топшириқномаларда банк штампи йўқ. Имзо ва муҳр тушган ўринлари ҳар хил.

Фермерларнинг эътирозлари ва ушбу ҳолат юзасидан «Агробанк» АТБ Қарши филиали бошқарувчиси Ҳ.Қултоев билан суҳбатлашдик.

«Ушбу фермерлар ҳақиқатан ҳам банкимиз мижозлари ҳисобланишади. Биз мижозлар маблағини фақат тўлов-топшириқнома асосида бошқа ҳисоб рақамга ўтказамиз. Бу фермерларники ҳам тегишли тартибда, ўзлари муҳр қўйган ва имзо чеккан тўлов-топшириқномалари асосида бошқа фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларига ўтказилган. Бу ерда ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатлари йўқ. Агар фермерлар тўлов-топшириқномалар сохталаштирилган дейишаётган бўлса, тегишли органларга ариза беришсин. Ҳужжатлар тегишли тартибда экспертизадан ўтказилсин. Шунда ҳаммаси ойдинлашади. Буни фермерларнинг ўзига ҳам тушунтирганмиз. Фермерлар кўрсатаётган икки хил тўлов топшириқномасига келсак, биз фақат банкимиз штампи бўлган тўлов-топшириқномаларга жавоб берамиз. Улар кўрсатаётган бошқа тўлов-топшириқномаларда банкимиз штампи йўқми, биз жавоб бермаймиз», – дейди Ҳ.Қултоев.

Шунингдек, банк бошқарувчисининг таъкидлашича, бу фермерлар Марказий банкка ҳам ариза билан мурожаат қилишган. Уларнинг шикоятлари Марказий банк Қашқадарё вилоят бош бошқармаси, «Агробанк» АТБ Қашқадарё вилоят бошқармаси мутасаддилари томонидан ўрганилган ва хулосалар қилиниб, далолатнома тузилган.

Ўрганиш давомида ушбу хулосалар билан танишдик. Марказий банк Қашқадарё вилоят бош бошқармаси, «Агробанк» АТБ Қашқадарё вилоят бошқармаси, «Агробанк» АТБ Қарши тумани филиали мутасаддилари ва фермерлар томонидан имзоланган далолатномада «пул маблағлари тўлов-топшириқномалари асосида ўтказилган», дея хулоса қилиниб, имзолар ва муҳрлар бўйича эътирозлар бўлса фермер хўжаликлари раҳбарларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари тўғрисида тушунтирилгани қайд этилган.

Аммо биз билан такрорий суҳбатда «Турон» фермер хўжалиги раҳбари У.Ҳақбердиев ва «Улуғбек Нур Турсунпўлат ўғли» фермер хўжалиги раҳбари Н.Худойбердиев банкка ҳеч қандай тўлов-топшириқнома бермаганликлари, банк тақдим этаётган бу ҳужжатларга ҳеч қандай имзо ҳам, муҳр ҳам қўймаганликлари ҳақидаги иддаоларида қатъий туришди.

Ушбу фермер хўжаликлари раҳбарларига бу эътирозлари юзасидан тегишли органларга ариза беришларини, ушбу органлар бу ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб,  ҳуқуқий баҳо беришларини тушунтирдик.

Kun.uz тегишли органлар «Агробанк» АТБ Қарши тумани ва «Турон», «Улуғбек Нур Турсунпўлат ўғли» фермер хўжаликлари ўртасида юзага келган ушбу можароли ҳолатни тегишли тартибда ўрганиб, ҳуқуқий баҳо беришига ишонч билдиради.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид