Ўзбекистон | 21:10 / 26.03.2019
22332
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар меҳнати билан етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди

АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар «қора рўйхати»дан чиқарди. 

Ўтган йил ёзида бошланган текширув натижасида мамлакат ҳудудидаги пахта далаларида болалар зўрлаб ишлатилмаяпти, деб топилган. Меҳнат департаменти Ўзбекистонни рўйхатдан чиқариш бўйича илк таклифни 2018 йил 31 июлда киритган эди.

Вазирлик бу борада Ўзбекистон ҳукумати, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Вашингтонда асосланган «Пахта кампанияси» халқаро коалицияси берган ҳисоботларни ўрганиб чиққан.

«АҚШ ҳукумати департаментлари мавжуд маълумотлар ва етиб келаётган ахборотларни батафсил ўрганиб чиқиб, Ўзбекистондаги пахта ҳосилини етиштиришда болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш сезиларли даражада камайганига ва болалар меҳнати фақат айрим ҳолатларда кузатилган, деган хулосага келди. Шунинг учун энди бу маҳсулот EO рўйхатида қолиши учун асос йўқ», — дейилади АҚШ Меҳнат департаменти баёнотида.

Бу қарорнинг аҳамияти шундаки, Американинг бирор компанияси ёки ташкилоти мажбурий ёки болалар меҳнати эвазига етиштирилган маҳсулот билан ишлай олмайди. 1999 йилда жорий этилган тартибга биноан, болалар меҳнати кузатиладиган давлатлар билан алоқа чекланиши керак.

Ўзбекистон пахтасини «қора рўйхат»дан чиқариш республика билан ҳамкорликни осонлаштиради.

Маълумот учун, Ўзбекистон пахтаси 2010 йилда №13126 ижро рақамли рўйхатга қўшилган бўлиб, унга кўра, АҚШ федерал агентликлари Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ёки болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда етиштирилган, қазиб олинган, ишлаб чиқилган моллар, маҳсулотлар ва хом ашёларни харид қилиши тақиқланарди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг февралида дунёдаги машҳур 310 брендни бирлаштирган Cotton Campaign Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан учрашган, 2018 йилда Ўзбекистон пахта далаларида меҳнатга мажбурлаш ҳолатлари кескин камайганини эътироф этган ҳолда, тўлиқ ва батамом барҳам берилмаганини билдирган, ҳукумат мажбурий меҳнатни тугатиш борасида сезиларли ишлар қилган бўлса-да, уни тугатолмагани учун ўзбек пахтасига бўлган бойкотни ўз кучида қолдирганди.

Мавзуга оид