Жамият | 17:00 / 26.03.2019
56503
7 дақиқада ўқилади

«Суд қарорини бажаришимиз ҳам, бажармаслигимиз ҳам мумкин». Сурхондарёда ҳоким ва фермерлар орасидаги низо

Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида фаолият юритаётган «Дўсан бобо» фермер хўжалиги иш юритувчиси Абдуназар Сафаров ва «Жасурбек янги хирмон» фермер хўжалиги бошлиғи Рисолат Лакаева мурожаат қилди. Мурожаатда фермерлар туман ҳокимидан қаттиқ норозиликларини ифодалашганди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Аввалига «Жасурбек янги хирмон» фермер хўжалиги иш юритувчиси вазиятни атрофлича баён қилди. Унинг айтишича, фермерликка қарашли 71,6 гектар ер майдони атрофида тут дарахтлари бўлган. Туман ҳокими ҳеч қандай тендерсиз унинг ерини бошқа фермерга бериб юборган. Кейин кечаси унга қарашли ердаги 162 туп дарахт қўпориб ташланган. Мурожаат қилмаган ташкилоти қолмаган. Туман ҳокимиятига мурожаат қилса, ундан тезроқ ерни топшириши лозимлигини талаб қилишган. Туман ҳокимлиги томонидан доимий босим бўлаётгани ва ҳатто тут дарахтлари кесилмаган деб тилхат ёзиб беришини ҳам сўрашган.

Кейин «Дўсан бобо» фермер хўжалиги иш юритувчиси Абдуназар Сафаровнинг мурожаатини тингладик. Маълумотларга кўра, фермер хўжалигига туман ер захирасидан тендер асосида 76,9 гектар ер майдони ажратилган. Тумандаги 406-контурдан ноқонуний эгалланган 7 гектар ер майдони ҳам туман захирасига олинишида фермерлик ташаббус кўрсатган.

Абдуназар Сафаров

Лекин туман раҳбарлигига Зиёдулла Давлатов келгач, ушбу фермер хўжалиги ҳудудида ҳам тегишли текшириш ишлари бошланган. Унинг иштирокисиз камчиликлар юзасидан далолатнома тузилган. Далолатнома асосида фермер хўжалиги раҳбари Хуррам Сафаровга туман ҳокимлиги билан тузилган ер ижара шартномасини 2018 йил 3 июль кунига қадар ўз хоҳиши билан бекор қилиши лозимлиги ва акс ҳолда иқтисодий судга даъво аризаси киритилиши таъкидланган. Аниқланган камчиликларни бартараф қилиши эса сўралмаган.

2018 йилнинг 7 август куни Қўмқўрғон туманлараро иқтисодий суди фермер хўжалиги иштирокисиз ишни кўриб чиққан. Иш ҳокимият фойдасига ҳал бўлган. Хўжалик ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси бекор қилинган.

Орадан вақт ўтгач, фермер хўжалиги Сурхондарё вилоят иқтисодий судига кассация инстанциясига даъво аризаси беради. Сурхондарё вилоят иқтисодий суди биринчи инстанция суди қарорини бекор қилади. Ҳокимият даъво аризасини кўрмасдан қолдиради. Бу орада эса ҳоким ерни бошқа фермерга бериб юборади.

«Туман ҳокими фаолиятимизга доим тўсқинлик қилиб келди. Тумандаги банклардан ҳосил учун ишлатишимиз керак бўлган кредит олишда ҳам қийналдик. Бош прокуратура аралашуви билангина ишимиз ижобий ҳал этилди. Мақсади нималигини тушунмадик. Ўзларича келиб бизнинг иштирокимизсиз текширувлар ўтказади. Еримизни суғоришимизга ҳам тўсқинлик қилади. Биз кимга мурожаат қилайлик ахир?», - дейди «Дўсан бобо» фермер хўжалиги иш юритувчиси Абдуназар Сафаров.

Шундан сўнг, ўша вақтда фермер хўжалигида суғориш ишлари билан шуғулланган ишчилар Холиқов Фахриддин ва Абдумажид Мингноровдан ўтган йили бўлиб ўтган воқеалар тафсилотини сўрадик. Тушунтиришларича, ўтган йили пахтага суғориш мавсумида ишчилар томонидан сув очилган. Лекин «Умид» исмли мироб ишчилар йўқ бўлган вақтда сув йўлини ёпиб қўйган. Орада тортишув бўлган. Шунда «Умид» исмли мироб туман ҳокимига қўнғироқ қилган. Ҳоким эса Холиқов Фахриддин ва Абдумажид Мингноровга у ердан кетиши, бунга аралашмаслиги ва ўз ишларини давом эттириши кераклигини тушунтирган. Улар индамай суғориш ишларини якунламай чиқиб кетишга мажбур бўлишган.

Холиқов Фахриддин

«Пахтага сув ўз вақтида берилмади ва бу таъсир қилиб ҳосил ҳам яхши бўлмади. Берилиши керак вақтда сув берилмаса шундай бўлади», - дейди ўша вақтда фермер хўжалигида ишлаган ишчилар.

Ниҳоят туман ҳокимиятига ҳам изоҳ олиш учун бордик. Тахминан соат 16:15лар эди. Камерани ёқиб ҳокимлик биноси ҳудудига кирдик. Ҳокимнинг хонаси берк экан. Ёрдамчиси чиқди ва туман ҳокимига қўнғироқ қилди. Бироздан кейин ҳоким ўз эшигини очиб, бизни қарши олди. Юқоридаги мурожаатларга қуйидагича тушунтиришларини бериб ўтди.

«Дўсан бобо» фермер хўжалиги судга бериб судда ютган бўлса, қонуний кўриб чиқамиз. Суд қарори бизга ҳали етиб келмади. Суд қарори нима деган бўлса кўриб чиқамиз. Ердан фойдаланаётган фермер томонидан сарфланган маблағ масаласида низо келиб чиқса, ўзлари ҳал қилишади.

Тутлари кесилган фермер масаласи бўйича гапирадиган бўлсам, унинг тутзори бузилмаган. Сурхондарё вилоят экология бошқармасидан масъуллар келиб қонуний кўриб кетган. Ким нима қилган бўлса, қонуний чорасини кўрган. Ҳеч ким олиб қўйгани йўқ. Қарзлари бор. Ҳосилнинг режасини ҳам бажармаган.

Сув масаласи бўйича гапим – туҳмат бу! Сув катта каналдан берилади. Сувнинг йўлини беркитиб қўйишга ваколатим ҳам, кучим ҳам етмайди. Гувоҳлар марҳамат келсин, гаплашамиз.

Суд қарорини кўриб чиқамиз. Бажаришимиз ҳам, бажармаслигимиз ҳам мумкин. Қонунда бажар деган бўлса, суд қарорини бажарамиз. Бўлмаса, Олий судга берамиз», - дейди туман ҳокими Зиёдулла Давлатов.

туман ҳокими Зиёдулла Давлатов

Лекин ҳоким суд қарорини бажариш ҳақида ўйлагани ҳам йўқ. Кўриб чиқамиз деган гапни айтмоқда, холос. Суд қарорлари муддати келгач, ижрога қаратиш лозимлигини Зиёдулла Давлатов билмайдими? Нега иккиланмоқда? Чунки, ер шошма-шошарлик билан бошқа фермерга бериб юборилган. У эса ерга озми-кўпми 2019 йил ҳосили учун маблағ сарфлаган. Фермернинг ери олиб қўйилса, низо бошланиши аниқ.

Ёдингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат қилиш демакдир» дея таъкидланган эди. Иқтисодиётда фермерликка ҳам тадбиркорликнинг бир йўналиши сифатида қаралади. Мансабдор шахслар уларга шароит яратиб бериши керак. Бу давлат раҳбарининг талаби. Ёрдам бериш қўлидан келмаса, унга тўсиқ ҳам бўлмаслиги зарур. Давлат раҳбарининг талабини бажармаса, ўша мансабдор шахс жойини бўшатиб қўйиши лозим.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва бошқа тегишли давлат ташкилотларидан мавжуд муаммолар бартараф қилинишида ва айбдор шахслар ўз жазосини олишида ташаббус кўрсатишларини кутиб қоламиз.

Kun.uz мухбири Зафарбек Солижонов,
тасвирчи Шерзодбек Эгамбердиев

Мавзуга оид