«Ҳовузга сув қуйиб ичиб ётибмиз». Қумқўрғонликлар яшаш шароитларидан норози, ҳоким эса «саноқли» фуқароларнинг гапига эътибор бермоқчи эмас
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Наманган вилоятига бўлган ташрифи давомида кортежидан тушиб халқ орасига кириб борди. Улар билан яқиндан суҳбатлашди. Ўтган вақт давомида давлат мансабдор шахсларга раҳбар қандай ишлаши кераклигини тушунтириб келмоқда. Халқ дарди билан ёниб, уларнинг муаммолари ижобий ҳал этилишида жонбозлик кўрсатишларини талаб қилмоқда. Лекин амалда-чи? Афсуски, баъзи жойларда бунинг аксини кўриш мумкин.
Ижодий жамоамиз билан яқинда Сурхондарё вилоятига бордик. Қумқўрғон тумани «Дўстлик» МФЙда истиқомат қилувчи кишилар билан суҳбатлашдик. Уларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишдик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар дардга тўлган. Уларнинг яшаш жойларини кўриб кишининг раҳми келади. Шу ерларда келажагимиз деб умид билдираётган ёшлар, тажрибаларини улашишга тайёр турган нуроний отахон-онахонлар, орзуларга тўла ёш оилалар яшаётганини кўриб, ҳайрон қоласан киши.
Бинолар жуда хароб ҳолга келиб қолган. Бир неча йиллардан бери хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатига тўлов қилаётган инсонлар уйининг том қисмигина талаб даражасида холос. Вертолётдан қарасангиз ҳаммаси жойида. Уларнинг ичига кириб борсангиз-чи?! Умуман бошқа ҳолат.
Баҳор келиб ҳаво исиганда борибмиз. Асфальт деган қурилиш материалининг ўзи йўқ. Ёмғирдан кейин қуёшда қуриб қотиб қолган лойлар ёнидан машина ўтса атрофи чангга булғанади. Ёш болажонлар эса ўйин майдончалари йўқлигидан чангга тўла масканда ўйнамоқда. Маълумотларга қараганда, электр энергияси тез-тез ўчади. Газ ҳам етарли миқдорда берилмаганидан аҳоли қишни зўрға ўтказган. Ичимлик суви эса умуман йўқ.
«Сув қўшни маҳалладан олиб келинади. Уларнинг қовоқ-тумшуғига қараб турамиз. Баъзида норозилик билдиришади. Давлатдан талаб қилинглар, дейишади. Ширкат ташкил қилингандан бери ўтган вақт давомида фақатгина биноларнинг том қисми қайта таъмирдан ўтказилган, холос. Тўловларни эса бир кун кечиксангиз Мажбурий ижро бюроси ходимлари суғуриб олиб кетади. Ҳовузга сув қуйиб ичиб ётибмиз. Ҳозир у ҳам йўқ. Ҳали ёз келмай шундай қийналсак, эртага ёзда нима қиламиз? Сурхондарё энг иссиқ ҳудуд.
Мурожаат қилинмаган давлат ташкилотлари қолмади. Мурожаат қилсак, хатни яна туманга қайтаришади. Нима қилайлик ахир? Биз ҳам инсонмиз-ку? Давлат талабларини бажаряпмиз. Давлат ҳам шароитларимизни яхшилаб бериши керак эмасми?», - дейишади аҳоли вакиллари.
Шундан сўнг, изоҳ олиш мақсадида туман ҳокимига юзландик. Туман ҳокими Нормўмин Чориев фуқаролар норозилиги масаласида ўз муносабатини билдириб ўтди.
«Фуқаролар норози деган фикрга умуман қўшилмайман. Ҳамма фуқаро норозилик билдирса, кейин фуқаролар норози деса бўлади. Бир-икки фуқаронинг гапи билан баҳо берилмайди.
Бундай ҳолат юзага келганининг асосий сабаби канализация тизими йўлга қўйилмоқда. Қумқўрғон тумани учун бу катта иш. Канализация қувурлари йўлдан ўтказилади. Канализация мазкур маҳалла ҳудудидан ўтди. Ишлар ҳали давом этмоқда.
Кўп қаватли уйлар бор жойда канализация ўтказилмаса, муаммолар ўз ечимини топмайди. Қачонки, марказлашган канализация тизими ишлаб кетса, ҳаммаси жойига тушади.
Президентимизга раҳмат айтишимиз керак. Дастурга киритилиб катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар тугагач асфальтлаш ишлари бошланади. Мана ҳаво исимоқда, асфальтлаш ишларини ҳадемай бошлаймиз. Ҳудудни асфальтлаб берамиз. Барча кўп қаватли уйлар бу канализациядан фойдалана олади.
Ичимлик суви масаласи Қумқўрғон туманида доим муаммо бўлиб келган. Чунки ер ости сувимиз йўқ. Манбаси йўқ. Сув омбори сувидан оқилона фойдаланишимиз керак. 24 соат сув бера олмаймиз. Лекин, вақти-вақти билан сув бериб турилибди», - дейди ҳоким.
Туман ҳокими муаммоларга етарли бўлмаган сабабларни келтирмоқда. Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида ер ости сувлари мавжуд. Фақатгина туман мутасаддилари асосий йиллик режага бу муаммони киргизиб, бюджетдан пул ажратилишини сўраши лозим. Туман ҳокими ушбу маҳаллага борганми ёки йўқ, ҳали буниси аниқ эмас. Лекин биз майдонда канализация трубалари ўтказилаётганига гувоҳ бўлмадик. Текис майдон. Биноларнинг том қисмидан бошқа жойлари бир аҳволда. Муаммо ҳақида айтилса, баъзи ҳокимлар сабаб кўрсатади, холос. Ечим бериш ёки чора кўришни иккинчи даражали масала деб билишади.
Ёдингизда бўлса, 2017 йилнинг 9 август куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган видеоселекторда қуйидаги фикрларни билдирган эди: «Биз халқдан узилиб, ёлғон рақамларга маҳлиё бўлиб, одамларнинг дарди ва ташвишини унутиб, оёғимиз ердан узилиб, ўзимизни ҳам, халқни ҳам алдаб шу кўйга тушмадикми?!
Ҳали ҳам биз ўз халқимиз бардош бергани, чидагани учун бош эгиб сажда қилишимиз керак. Мана бугун нима учун ушбу йиғилишга тўпландик. Ишимизни мутлақо янги тизим асосида ташкил қилмоқчимиз. Мана шуни кўрган виждони бор раҳбар ўзига ҳаққим борми бу даргоҳда, бу ерда ўтиришга деб савол беради».
Ўтган вақт давомида бу сиёсат моҳиятини тушуниб етмаган амалдорлар ҳали ҳам мавжуд. Президент халқ билан бирга бўл ва уларнинг дард-у ташвиши билан яша, демоқда. Муаммоларга ечим топиш кераклигини уқтирмоқда. Нега бу сиёсат мазмуни баъзи амалдорлар томонидан чуқур англаб етилмайди? Нега аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилишмайди? Халқ солиқларни тўлайди, қачонки давлат ижтимоий аҳволни яхшилашга хизмат қилса. Агар мансабдорлар ечим топиш ўрнига баҳона қилишда давом этса, одамлар улардан рози бўлмайди.
Ўйлаймизки, Сурхондарё вилоят раҳбарлари ҳам бу муаммо билан жиддий шуғулланишади ва ўз ижобий ечимларини беришади. Ёрдам бермоқчимизми, шунчаки уларнинг ўзига ўзимизни қўйиб кўрайлик. Уларнинг ҳолатини ҳис қила олсак, кўмак бера оламиз, деб ўйлаймиз.
Kun.uz мухбири Зафарбек Солижонов,
тасвирчи Шерзодбек Эгамбердиев
Мавзуга оид
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024