Жаҳон | 10:30 / 28.03.2019
10492
3 дақиқада ўқилади

Ўрта Ер денгизидаги мигрантлар ўзларини қутқарган танкерни гаровга олишди

AFP/GETTY IMAGES

Мигрантлар гуруҳи Ливия қирғоқлари яқинида ўзларини қутқариб, ўз бортига олган нефть танкерини эгаллаб олиб, экипаж аъзоларига кемани Мальтага ҳайдашни буюришган. Бу ҳақда Италия бош вазири ўринбосари Маттео Сальвини маълум қилган. У бу мигрантларни қароқчилар деб атаган.

Ливия пойтахти Триполидан 6 км масофада турган кема бирдан курсни ўзгартириб, шимолга йўл олган. Мальта ҳукумати вакилларига кўра, танкер оролга катта тезликда яқинлашиб келган.

Маълум бўлишича, Ливиядан бўлган 100га яқин киши «Эл Ҳиблу-1» танкеридагилар ўзларини ватанга қайтариб юбормоқчи бўлганидан кейин, уни гаровга олишган. Мальтиялик ҳарбийлар гаровга олинган танкерни давлат ҳудудий сувларига киритмаслигини билдирган.

«Шимол лигаси» номли ўнглар партияси етакчиларидан бири бўлмиш Сальвини «мигрантлар Италияни фақат дурбин орқали кўриши мумкинлиги»ни айтган.

Ҳар йили Ўрта Ер денгизида Африка давлатларидан қайиқларда Европага етиб олиш илинжида бўлган кўплаб кишилар ҳалок бўлади. Ўтган йилнинг сентябрида Европа Иттифоқи Ўрта Ер денгизи орқали контрабанда ва ноқонуний миграцияга қарши курашувчи «София» операциясининг денгиздаги қисмини вақтинчалик тўхтатганди.

«София» операцияси 2015 йилда йўлга қўйилган. Ўша йили Ўрта Ер денгизи орқали Европага етиб олмоқчи бўлганларнинг 3700 нафардан ортиғи денгизда ҳалокатга учраганди. 2018 йилнинг сентябрида операциянинг мандати тугади, Италия операцияни шу шаклда давом эттиришга қарши чиқди, бунга денгизда қутқарилган муҳожирларнинг барчаси Италия ҳудудига жойлаштирилиши сабаб бўлди.

ЕИ аъзолари, жумладан Италия операцияни давом эттиришга рози, аммо энди денгиздаги навбатчилик тугатилиб, ҳаво орқали кузатувлар йўлга қўйилади.

Ливия қирғоқлари яқинида бортига 100га яқин мигрантни олган «Эл Ҳиблу-1» танкерининг кейинги ҳолати ҳозирча маълум эмас.

MaltaToday хабарига кўра, Мальта ҳукумати вакиллари кеманинг ҳаракатини диққат билан кузатиб бормоқда.

Орол давлат ҳукумати «воқеаларнинг ҳар қандай ривожи»га тайёр ҳолатда.

Мавзуга оид