Ўзбекистон | 18:10 / 28.03.2019
43681
5 дақиқада ўқилади

Тошкент метросининг Сергели ва Юнусобод йўналиши иккинчи қисми қачон ишга тушиши айтилди

Фото: KUN.UZ

Бугун, 28 март куни «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти мажлислар залида «Тошкент шаҳрида Сергели ва Юнусобод метро йўналишлари, пойтахтимиз атрофидаги катта ҳалқа йўли бўйлаб ҳаракат қиладиган ер усти метроси қурилиш жараёни, 2018 йил таҳлили ва 2019 йилда соҳада амалга ошириладиган ишлар»га бағишланган брифинг ўтказилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда пойтахтда метро қурилиши бўйича 3та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар Сергели, Яшнобод ер усти ҳалқа метро йўллари ҳамда Юнусобод ер ости метро қурилишидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 ноябрдаги ПҚ-2664 сонли қарорига мувофиқ узунлиги 6,8 километр бўлган Тошкент метрополитенининг Сергели линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича бунёдкорлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати – 170,1 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур қарорга кўра, янги линияни 2019 йил охирига қадар қуриб фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. 

Сергели метро линияси бугунги кунгача Марказий Осиёда қўлланилмаган бутунлай янгича эстакада усулида бунёд этилмоқда. Яъни мазкур йўл кўприксимон тарзда қурилади, поездлар ер устида ҳаракатланади. «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти томонидан асосий лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра ушбу йўналишдан 6 та бекат ўрин олган. Ўтган қисқа вақт мобайнида «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонасининг тажрибали мутахассислари томонидан улкан ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда ушбу ҳудудда 221 та эстакада таянч устунларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари олинди. 158 та котлованда шағал ташлаш ва бетон қатлами билан тайёрлаш ишлари тугатилди. 21 та котлованда пойдеворнинг ростверкни бетонлаш жараёни амалга оширилди. Шунингдек, 119 дона ригел монтаж қилинди. 296 дона оралиқ қурилмалари (балкалар) ўрнатилди. Поездлар тўхташ маскани, яъни бекатлар 5 та вагондан иборат метро поездига мўлжалланиб қурилмоқда. Бекатлар усти енгил металл конструкцияларидан ишланган арк кўринишидаги каркасга ўрнатилган композит материалли ёпма (навес) билан ёпилади. Йўловчиларнинг станцияга киришлари учун бир томондан 3 та эскалатор ва иккинчи томондан имконияти чекланган фуқаролар учун лифт ўрнатилиши кўзда тутилган. Шу томонда яна авария ҳолатларида фойдаланиш учун зиналар ўрнатилади. 

«Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши» лойиҳасининг эса умумий қиймати – 124,8 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Барпо этилаётган янги йўлнинг умумий узунлиги 2,93 километрдан иборат. Лойиҳа «Тошкент Метропроэкт» МЧЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра қурилиш ишлари жорий йилда тўла ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Ушбу йўналишда бекатлар сони 2 та (Юнусобод ва Туркистон) бўлиб, уларнинг ўртача оралиғи 1,43 км. Платформаларнинг узунлиги 102 метрни ташкил этиб, электропоездлар икки томонлама ҳаракатланади. 

Туркистон ва Юнусобод бекатлари оралиғида (перегон) тоннелнинг танасини (тело) қуриш ва Туркистон станциясида қайта чиқиш (оборотний сезд) ва тупикларини қуриш бўйича очиқ усулда ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу линиянинг ёпиқ қисмида қурилиш ишларини олиб бориш учун Германиянинг «HERRENKNECHT» компаниясидан келтирилган горизонтал бурғилаш ускунаси ёрдамида 1012 метр бурғилаш ишлари амалга оширилиб, 675 та ҳалқа (тюбинг колсо) ўрнатилди. Ёпиқ усулда қазиш ишларини олиб бориш учун 25-шахта котловани ва унга туташ бўлган яна 40 метр узунликдаги котлован деворларини мустаҳкамлаш учун 56 та темир-бетон қозиқлари ўрнатилди. Шунингдек, 24-шахта котловани ва унга туташ бўлган яна 120 метр узунликдаги котлован қазиш ишлари олиб борилмоқда.

3-лойиҳа бу ер усти метро ҳалқа йўли қурилиши бўлиб, унинг умумий узунлиги 54,8 километрни ташкил этади. 2017-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳа олти босқичда амалга оширилади. Режага кўра, ушбу метро линиясида 35 та бекат қурилади.

Дастлабки босқичда Тошкент метрополитенининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган (11 км.) 8 та бекатдан иборат қисми қурилади. Кейинчалик, у «Олмазор», «Беруний», «Бодомзор» ҳамда «Тузель» бекатлари орқали яна «Дўстлик» бекатига туташтирилиб, яхлит метро ҳалқасини ташкил этади. Бундан ташқари, 2та вагон депоси қуриш ҳам режалаштирилган. Лойиҳага кўра, мазкур метро йўли Яшнобод, Учтепа, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудидан ўтади.

Айни пайтгача бу ерда 396,5 минг куб метр тупроқ, 44 200 куб метр бетон ишлари бажарилди. Дўстлик бекатидан метрополитеннинг «Ўзбекистон» депосигача 204 метр туннел қазилди. Темирйўлчилар томонидан Дўстлик, Тузел, Ғалабанинг 40 йиллиги, Гузар бекатларида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид