Жамият | 12:34 / 29.03.2019
22794
4 дақиқада ўқилади

Янгиариқ туманида пиёдалар йўлкаси фермер томонидан бузиб ташланди

Ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш даражаси ва аҳоли турмуш тарзининг фаровонлиги кўплаб кўрсаткичлар билан баҳоланади. Улардан бири қаттиқ қопламали, асфальт йўллар мавжудлигидир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг йўллар фонди жуда ҳам эскирганини, таъмирталаб бўлиб қолганини кузатмоқдамиз. Kun.uz таҳририятига келаётган мурожаатларнинг кўпчилиги айнан йўллар билан боғлиқ десак муболаға бўлмайди. Янги йўллар барпо қилиняпти, эски йўллар босқичма-босқич таъмирланяпти, аммо умумий ҳолатда бу чора-тадбирлар мавжуд йўллар фондининг ишдан чиқиш тезлигини қувиб ўтолмаяпти.

Йўллар табиий равишда эскириб боради, бу тўғри. Аммо, баъзан одамлар, ташкилотлар унга билар-билмас зарар етказади, йўлларнинг ҳолатига масъул бўлган идоралар, маҳаллий ҳокимият эса бунга лоқайдлик билан қарайди.

Қуйида мавжуд йўлнинг ўзбошимчалик билан бузиб ташланиши, бунга лоқайдлик қилиниши ва у келтириб чиқараётган оқибатлар ҳақида сўз юритамиз.

Хоразм вилояти, Янгиариқ тумани, Қўриқтом қишлоғидаги Ширшоли маҳалласида 9-сон умумтаълим ўрта мактаби бор. У 1972 йилда қурилган. Бу ерга 600 нафарга яқин ўқувчи 2-3 км масофа атрофидаги уй-жойлардан қатнаб, таълим олишади.

Маҳалла аҳолиси маълумотига кўра, мактабни катта автомобиль йўли билан боғлаб турувчи асфальтланган тротуар - пиёдалар йўлкаси мавжуд бўлган. Ўқувчилар у орқали мактабга узоқ йиллар давомида бемалол, хавфсиз етиб олиш имкониятига эга бўлишган.

Сўнгги йилларда йўлканинг бир қисми емирилиб, кўмилиб кетган. Баъзи одамлар уйи олдидан ўтган йўлкани бузиб юборишган. Унинг энг катта - 250-300 метрлик қисми дала ери атрофидан ўтган.

Бир неча йил олдин, шу даладан фойдаланиб келган фермер «давлатникими, демак ҳеч кимники» қабилида иш кўриб, йўлкани бульдозер билан бузиб, ўзбошимчалик билан ариққа айлантириб юборган. Маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар бунга эътибор қаратишмаган, жуда катта қийматга ва қимматликка эга бўлган давлат мулкини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмаган.

Ҳозирги вақтда болалар йўлка йўқлиги сабабли, автомобиль йўлининг қатнов қисмидан юришга мажбур. Бу эса болаларнинг ҳаётига ҳам хавф солмоқда. Бундан ташқари, куз-қиш ёғингарчилик мавсумида лойдан кечиб ўтишга, иссиқ кунларда чанг-тўзон ичидан мактабга боришга мажбур бўлишмоқда.

Ширшоли маҳалласида истиқомат қиладиган аҳоли маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотларга бир неча марта йўлкани тиклаб беришни сўраб, мурожаат қилган бўлишига қарамай, шу пайтгача ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

Йўлларнинг ҳолати – фуқароларнинг маҳаллий ҳокимият иши ҳақидаги фикрларини шакллантирадиган муҳим омиллардан биридир. Агар йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Агар ёмон бўлса-чи? Йўлларнинг бузиб ташланиши натижасида ноқулайликка дуч келаётган, ҳаёти хавф остида қолаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин?

Маҳаллий ҳокимият одамларнинг давлат мулкига, яъни умумхалқ фойдаланадиган мулкка нисбатан ҳурматини тиклаши шарт. Қатнов йўллари, пиёдалар йўлкасини ноқонуний қурилишлардан, панжара ва тўсиқлардан тозалаш лозим. Ўзбошимчалик билан давлат мулкига зарар етказаётган шахсларга нисбатан қонуний чораларни қўллаш керак. Агар давлат мулкига бўлган ҳурмат тикланса, бунда нафақат давлатнинг, балки барча аҳолининг манфаати ҳимояланган бўлади.  

Ота-боболаримиз йўлларни, кўприкларни барпо қилиш, одамларга озор берадиган, ноқулайлик туғдирадиган оддий нарсаларни йўлдан олиб ташлашни энг яхши савоб амаллардан бири деб билишган. Биз эса йўлнинг ўзини бузиб ташлаяпмиз...

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид