Ўзбекистон | 11:41 / 30.03.2019
37568
2 дақиқада ўқилади

Янги давлат қўмитасига раис тасдиқланди 

Фото: vetgov.uz

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 28 мартдаги ПФ-5697-сон фармонига мувофиқ Баҳромжон Тўраевич Норқобилов Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Президентнинг 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5696-сон фармони билан Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

Қўмита ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Қуйидагилар Қўмита таркибига ўтказилди:

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг академик лицейи;
Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти;
Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти;
Балиқчилик илмий-тадқиқот институти.

Маълумот учун: Баҳромжон Норқобилов 1973 йил Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида туғилган. Маълумоти олий, 1995 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини; 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини; 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Олий бизнес мактабини тамомлаган.

Мутахассислиги ветеринария врачи, иқтисодчи, бизнес бошқаруви. Шу вақтга қадар Давлат ветеринария қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид