«Бек Тўпи»нинг собиқ раҳбари ҳибсхонада вафот этди
Қатор нашрларда 30 март куни Тошкентда «Пиёз иши» доирасида судланаётган бозорқўмлардан бири - «Бек Тўпи» бозори собиқ раҳбари 57 яшар Шукриллахон Эргашев тергов изоляторида вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Kun.uz ушбу маълумотга ойдинлик киритишни сўраб, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова билан боғланди.
Унинг билдиришича, 2019 йил 30 март куни соат тахминан 12:20ларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган, 06.02.2019 йилдан бошлаб ҳибсхонанинг Даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимида «Юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония-2, АГ-2, қандли диабет касаллиги 2-даражаси» ташхиси билан даволанаётган маҳбус Ш.Э. (Шукриллахон Эргашев - таҳ.) «Ўткир миокард инфаркт, ўткир юрак қон томир ва ўпка етишмовчилиги» ташхиси билан вафот этган.
«Маҳбус Э.Ш.нинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш жойларида қонунларга риоя этилиши устидан назорат бўйича Тошкент прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда», - дея хабар қилди С.Раҳмонова.
Унинг сўзларига кўра, Эргашев тергов давомида даволанишда бўлган. Унга нисбатан экспертиза тайинланган, у уни терговга жалб қилиш имкони ҳақида хулоса берган, эҳтиёт чорасини ўзгартиришга қонуний асослар бўлмаган - тахминан 4 млрд сўм миқдоридаги зарар қопланмаган.
Шунингдек, қайд этилишича, Шукриллахон Эргашевнинг адвокатлар ва яқинлари билан учрашишига кенг имконият яратиб берилган.
«Унинг ўзи касал бўлган, лекин тергов ва суд органларига қариндошлари ёки ўзидан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ёхуд етказилган зиённи қоплаш тўғрисида илтимоснома келиб тушмаган», - деди маҳкама матбуот хизмати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг август ойида Тошкентдаги йирик бозорларнинг раҳбарлари растрата йўли билан талон-торож қилиш иши бўйича қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Сентябрь ойида Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳридаги Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш департаменти ва «Бек тўпи савдо комплекси», «Чорсу буюм савдо комплекси», «Чилонзор буюм савдо мажмуаси», «Ўрикзор савдо комплекси» бозорлари, «Эски Жўва деҳқон бозори», «Юнусобод деҳқон бозори» деҳқон бозорлари ва «Сергели автотранспорт ва эҳтиёт қисмлари бозори» мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш тергов қилинаётгани ҳақида маълумот берилди.
Иқтисодиёт асосларига қарши қатор жиноятлар содир этган 7та бозор раҳбарларига нисбатан жиноий иш очилган. Ушбу ҳолатлар бўйича Савдо ва бозорлар департаментининг мансабдор шахсларига Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов қўйилди ва уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
«Юнусобод деҳқон бозори» АЖ бозори раҳбарлари О.Мустаев ва Б.Юсупов томонидан - тахминан 800 млн. сўм, шунингдек, «Тошкент озиқ-овқат захира» ДУК директори Р.Расулов томонидан - 3,9 млрд. сўм уларнинг миқдорида етказилган зарар миқдори қоплангани инобатга олиниб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўлланилганди.
2018 йил ноябрь ойида «Чилонзор буюм савдо комплекси» АЖ бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Дилшод Абдуллаев 1-сонли Тошкент тергов изоляторида вафот этганди. Абдуллаевни 97 кун давомида «Тоштурма»да сақлашган.