Жамият | 18:12 / 02.04.2019
92806
9 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда аҳоли норозиликлари. «Сел иши» доирасидаги 2 миллиард маблағ қаерга йўқолган?

Ёдингизда бўлса, 2018 йилнинг май ойи ўрталарида кучли ёмғирлар ёғиши  натижасида Сурхондарё вилоятлари ҳудудларида шиддатли сел юзага келганди. Сел оқими Сурхондарёнинг Қумқўрғон, Бойсун, Шеробод ва Денов туманларида аҳоли турар-жойларига катта талофатлар етказганди. Табиий офат ортидан зудлик билан мазкур ҳудудларда тезкор штаблар ташкил этилди. Селдан сўнг етказилган зарарларни аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳлар фаолият олиб борди. Баҳоловчи ташкилотлар сел босган жойларда бўлиб, ҳисоботлар тайёрлади.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

2018 йилнинг 28 июнь куни эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 528-ф сонли фармойишида давлат томонидан ушбу ҳудуд аҳолисининг яшаш жойларига сел оқибатида етказилган зарарга компенсация тўланиши белгиланганди. Фармойишда 235та уй вайронага айлангани ва уларни таъмирлаш учун жами 12,6 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилгани кўрсатилганди. Шундан 7 миллиард 580 миллион сўми Қумқўрғон туманидаги «Элобод», «Ариқошган», «Азларсой» ва «Боғаро» маҳаллаларида яшаётган, селдан зарар кўрган фуқароларга ажратилиши кўзда тутилганди.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Эркинжон Турдимов топшириғи билан муаммони ҳал этиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилганди. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бу ишларга шахсан масъул этиб тайинланганди. Уйи вайрон бўлганларга ярми нақд, ярми пластик картада пул маблағлари тарқатилганди. Шу билан биргаликда, кўпчиликка ҳомийлар ҳам бириктирилганди.

Бироқ, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, аҳолига берилган пластик карталарга «блок» солинган. Ўша вақтда аҳоли мурожаати бўйича Kun.uz воқеани жойига бориб ўрганганди. Ростдан ҳам воқеа шундайлигига гувоҳ бўлгандик. Журналистик суриштирув ўтказиб, вилоят ҳокимлигига борган вақтимизда улардан изоҳ ололмаганмиз. Вилоят прокуратураси эса бу иш юзасидан жиноят иши очгани ва  қолган маълумотлар тергов сирилигини айтиб тўлиқ маълумот бермаганди. Мана орадан маълум вақт ўтиб мазкур аҳоли вакиллари яна мурожаат қилди.

Аниқланишича, ўша вақтда бир нечта фуқаролар вазиятдан норози бўлиб йиғилган. Туман прокуратурасидан вакил чиқиб вазиятни ўнглашга ва бу ишнинг охирига етказишга ваъда берган.

«Туман прокурорининг ўринбосариман. Бир гапни айтаман. Бу давлатнинг эгаси бор. Эгаси бор юртнинг эртаси бор. Эгаси бораканки, мана сизларга 7,5 миллиард сўм ва моддий ёрдамлар келди.

Президент ва конституциямиз бор. Давлатимизда қонун устуворлиги таъминланган. Ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ давлат бюджетини талон-тарож қилишга. Ҳокимиятнинг ҳам. Ажратилган маблағлар жойигача боришигача мен сизларга ваъда бераман. 4 кундан бери ишчи гуруҳимиз билан ишлаяпмиз, вазият ижобий ҳал этилади ва пуллар албатта қайтарилади», - деб туман прокурори ўринбосари ваъда берган. Лекин иш охиригача етказилишига кимлар унга тўсқинлик қилган, буниси бизга қоронғу.

Аҳоли вакиллари билан суҳбатда улар вазият ўзгармаганини таъкидлашди.

«Пластик картадаги маблағларимиз музлатилганидан сўнг, пуллар қайтариб олинди. Мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Вилоят ҳокимлигига бордик. Ҳокимнинг ўринбосари чиқди. Исм-фамилиясини сўрасак, жавоб беришдан бош тортди. У ердан натижа бўлмади.

Интернет орқали қабулхонага чиқдик. Мурожаатларимиз барчаси ижобий ҳал этилган деб ёпилибди. Қишни зўрға ўтказдик. Прокуратураларга бордик. Бирорта натижа бўлмади», - деди маҳалла фаолларидан бири. Буни бошқа маҳалла фуқаролари ҳам тасдиқлашди.

Кейин ўша атрофдаги уйлар ва йўлларни кўрдик. Ўша вақтда қандай бўлган бўлса, вазият деярли ўзгармаган. Инсонлар баъзилари қишни қандай ўтказган, Яратганга аён. Йўллар вайрона, вазият жуда ҳам ачинарли ҳолатда.

Вазиятни ўргангач, муаммо юзасидан туман ҳокими ўринбосари Мурод Қултаевдан изоҳ олдик:

Мурод Қултаев

«Ўша вақтда ишчи гуруҳ тузилиб зарар кўрган фуқароларга маблағлар ажратиб берилган. Лекин бу ерда бир муаммо бўлган. Пул маблағларини ажратилишида баҳоловчи ташкилотлар томонидан хатога йўл қўйилган. Баҳолаш чоғида асосий яшаш жойидан ташқари бошқа мулклари ҳам баҳолаб юборилган. Туман комиссияси эса баҳоловчи ташкилотларнинг хулосасига асосан маблағларни ўтказиб берган. Аввалига 142 нафар фуқарога пул ўтказилган. 2018 йил 13 августдаги вилоят ҳокимининг 218 сонли фармойиши қабул қилинган. У асосида вилоят ҳокимининг ўринбосари раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилган. Улар мурожаатлар асосида вазиятни қайтадан ўрганиб чиққан. Кейин жами 279 нафар фуқарога уйини таъмирлаш учун ҳар хил суммада маблағлар бошқатдан ажратилган», - деди Мурод Қултаев.

Суриштирув сўнгида ўша вақтда очилган жиноят иши юзасидан маълумот олиш учун туман прокурорининг олдига бордик. Туман прокурори ўзига бириктирилган секторда эканлигини айтишди. Сектор қаерда жойлашгани ва маълумот олмасак халқ тинчланмаслигини тушунтириб сўрасак ҳам, у ердаги ходимлар маълумот беришмади.

Биздаги тўпланган маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамаси фармойиши асосида 7 миллиард 580 миллион сўм ажратилган. Аҳоли норози бўла бошлагач, туман ҳокимияти томонидан ажратилган компенсация маблағлари мақсадли ва тўғри ажратилганини ўрганиш мақсадида мониторинг ишчи гуруҳ ташкил қилинган.

Ишчи гуруҳ аъзолари туман прокурори ўринбосари Н.Авазов, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сурхондарё филиали етакчи мутахассиси Р.Ишатов, қурилиш соҳасидаги Сурхондарё вилояти ҳудудий назорат инспекцияси етакчи мутахассиси А.Якубов, Сурхондарё вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри ДК Қумқўрғон филиали мутахассиси Х.Авазов ва Қумқўрғон туман молия бўлими мутахассиси М.Эшқобиловлардан иборат бўлган.

Ўрганиш жараёнида ўша маҳаллаларда яшовчи баъзи фуқароларга уйи сув тошқинидан зарар кўрмаган бўлса ҳам асоссиз компенсация маблағлари ажратилганлиги аниқланган. Таҳририятда мазкур фуқаролар ҳақида тўлиқ маълумотлар мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига зид равишда 2.110.095.511 (икки миллиард бир юз ўн миллион тўқсон беш минг беш юз ўн бир) сўм нотўғри тақсимланган.

2018 йилнинг 20 августь куни Сурхондарё вилоят прокурори адлия катта маслаҳатчиси Саидов томонидан жиноят кодексининг 167 моддаси 3 қисми «а» банди, бюджет маблағларини растрата қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши тергов ҳаракатларини ташкиллаштириш учун вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими зиммасига юклатилган.

Бироқ орадан қанча вақт ўтди. Муаммолар барҳам топмаяпти. Шу ўринда бир неча саволлар пайдо бўлади.

Нега туман ҳокимлиги бунга тўхталмади, маблағлар қайта тақсимлаб берилди деб айтмоқда? Аҳоли эса буни рад қилмоқда. Нега туман прокуратураси шунча узоқ муддат ўтган бўлса ҳам, мазкур ҳолат юзасидан тўлиқ маълумот беришни истамаяпти? Нега ўша вақтда аҳоли розилигисиз уларнинг шахсий пластик карталарига «блок» солинди? «Бу банк сири тўғрисида»ги қонунга зид эмасми? Нега 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ уйини сел олмаган фуқароларга ҳам бериб юборилган? Ёки улар кимларгадур таниш-билиш ёки қариндошмиди? Нега тергов тугатилган ёки суд бўлиб ўтган бўлса-да, фуқароларга ошкор қилинмаяпти? Нима учун маблағлар ундириб чиндан ҳам зарур бўлган фуқароларга тарқатилмаяпти? Нима учун сел олган ҳудудлар мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда? Нега «сел иши»га масъул бўлган мутасаддиларга чора кўрилмаяпти? Саволлар жуда кўп. Жавоб бериши керак бўлган ташкилотлар эса тўлиқ жавоб беришдан қочмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига хизмат сафари чоғида:

«Мана шундай танти халқ яхши яшашга, яхши шароитда яшашга ҳақли. Лекин шу шароитни яратишга белимизни маҳкам боғлаб, барчамиз бирга ҳаракат қилишимиз керак. Шунда натижа бўлади. Халқимизга хиёнат қилмасак, ёлғон гапирмасак ва адолат билан хизмат қилсак, барчасини амалга оширса бўлади. Худо насиб қилсин, Сурхондарёда 3-4 йилда таниб бўлмайдиган ўзгаришлар бўлади. Ёш ўсиб келаётган халқимиз бу сиёсатга ишонмоқда», - деган эди. Масъуллар эса бу сиёсат ва халқнинг ишончини синдириб қўйишга ҳаққи йўқ. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Вазирлар Маҳкамасидан эса юқоридаги ҳолатлар бўйича муаммолар тўлиқ ечилишида ташаббус кўрсатишини ва айбдорлар ўз жазосини олишида амалий кўмак беришларини сўраб қоламиз.

Kun.uz мухбири Зафарбек Солижонов,
оператор  Шерзодбек Эгамбердиев

Мавзуга оид