Жаҳон | 11:09 / 05.04.2019
33201
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонлик аёл хонанда туғилган кунини ресторанда нишонлагани учун жаримага тортилди 

Фото: Sputnik

Тожикистон суди мамлакатдаги таниқли аёл хонанда Фируза Ҳафизовани туғилган кунини ресторанда нишонлагани учун 5 минг сомоний (530 доллар) миқдоридаги жаримага тортди.

Қарор Душанбенинг туман суди томонидан чиқарилган. Хонанда “Анъана, тантана ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида”ги модда бўйича айбдор деб топилган.

“Қонунга кўра, фуқаролар туғилган кунларини фақат оила даврасида, дўстлари ёки қўшиқчиларни таклиф қилмаган ҳолда нишонлай оладилар. Қўшиқчининг Instagram’даги саҳифасида жойлаштирилган туғилган кунининг нишонланиши видеоси суд томонидан исбот сифатида қўлланган”, дейилган судда.

Тожикистоннинг “Анъана, тантана ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонуни 2007 йил 8 июнда кучга кирган ва 2017 йил августда қатъийлаштирилган. Қонунга кўра жисмоний шахслар туғилган кунларни фақатгина оила даврасида, учинчи шахсларни, жумладан артистларни таклиф қилмаган ҳолда нишонлаш ҳуқуқига эгалар. Шунингдек, чорва сўйилиши тақиқланади. Қонун катта маблағлар сарфланган дабдабали тўйлар ва дафн маросимлари ўтказиш анъанасига чек қўйиш мақсадида қабул қилинган.   

Мавзуга оид