Ўзбекистон | 20:00 / 08.04.2019
52998
7 дақиқада ўқилади

Президент инвестициялар бўйича видеоселекторда АТК вазирлиги, «Ўзавтосаноат» ва 6та вилоят ҳокими ўринбосарларини огоҳлантирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни жорий йилнинг биринчи чорагида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини таҳлил қилиш, биринчи ярим йилликка доир вазифаларни белгилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда

Кейинги йилларда вазирлар ва тармоқлар раҳбарлари ҳудудларга юборилиб, жойларда янги корхоналар ва доимий иш ўринлари ташкил этишни таъминлайдиган инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар жорий этилди.

Хорижий давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари, жаҳоннинг етакчи ишбилармонлари билан музокаралар ўтказилиб, мамлакатимизга ўнлаб миллиард доллар инвестиция жалб этиш бўйича 700га яқин инвестиция битимлари имзоланди.

Бундай чора-тадбирлар натижаси ўсиш суръатларида кўзга ташланмоқда. Хусусан, ўтган йили асосий капиталга инвестициялар ҳажми 18 фоиздан зиёд ўсган. Бу, ўз навбатида, саноат ишлаб чиқаришининг 14,4 фоизга кўпайишини таъминлаган.

Муҳим сифат ўзгариши шундаки, илгари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида ҳудудий лойиҳалар деярли бўлмаган бўлса, жорий йилда ўзлаштириладиган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг ярми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади.

2019 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ, жами 3 минг 200дан зиёд инвестиция лойиҳаси доирасида қарийб 14 миллиард доллар миқдоридаги капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилган. Шундан 4 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган. 

Йиғилишда мазкур инвестиция лойиҳалари тармоқлар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, олиб борилаётган ишлар юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди. Муддатидан кечикаётган лойиҳаларнинг муаммоли жиҳатлари муҳокама қилинди. 

Биринчи чоракда белгиланган маблағлар ўзлаштирилган бўлса-да, айрим тармоқлар ва ҳудудларда ишлар қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзавтосаноат», «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятлари, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раҳбарлари, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари огоҳлантирилди.

Давлат раҳбари инвестицияларнинг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш учун янги назорат тизимини жорий этишни таклиф қилди. Унга кўра, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги барча лойиҳалар тўртта рўйхатга бўлиниб, алоҳида ва изчил назорат қилиб борилади.

Биринчи рўйхатга жорий йилда 3,6 миллиард доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши мўлжалланган 27та энг муҳим стратегик лойиҳалар киритилади ва у президентнинг доимий назорати остида бўлади. 

Иккинчи рўйхат шу йили 1,3 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштириладиган 65та йирик лойиҳадан иборат бўлиб, уни бош вазир назорат қилиб боради. 

Бош вазир ўринбосарлари назорат қиладиган учинчи рўйхатга 407 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган 65та лойиҳа киритилади. 

Тўртинчи рўйхатдаги лойиҳаларни ҳудудларга бириктирилган марказий идоралар раҳбарлари ва ҳокимлар назорат қилади.

Инвестициявий лойиҳалар ижроси доимий равишда муҳокама қилиниб, муаммолар тезкорлик билан ҳал этиб борилади.

Президент тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш борасида имкониятлар тўлиқ ишга солинмаганига эътибор қаратиб, тармоқлар ва ҳудудларда янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тармоқ вазирликлари билан биргаликда нефть-газ, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, машинасозлик, электр техникаси соҳаларида, шунингдек, ҳудудлардаги мавжуд салоҳият ва ресурсларидан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича қўшимча инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шакллантирилган ушбу таклифлар асосида мамлакатимизнинг элчихоналари билан биргаликда юртимиз ва хорижда бизнес-форумлар ташкил қилиш, маҳаллий инвесторларнинг мақсадли тақдимотларини ўтказиш бўйича топшириқлар берилди. 

– Ўзбекистон билан ишлаш истагини билдирган хорижий инвесторлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, лойиҳанинг бошидан охиригача уларга ёрдам бериш, оддий қилиб айтганда, уларни «қўлидан етаклаб» натижани таъминлаш керак, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Йиғилишда Тошкент шаҳрига сармоя жалб этишни кенгайтириш, инвестиция лойиҳалари учун ер участкалари ва давлат мулки объектлари бериш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Пойтахт тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича барчага ўрнак бўлиши лозимлиги таъкидланди. 

Ҳудудлар ва тармоқларда лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, юзага келган муаммоларни тезкор аниқлаб, ҳал этиш бўйича электрон ахборот тизимини қисқа муддатда ишга тушириш зарурлиги қайд этилди. 

Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги ишлар таҳлил қилинар экан, ижтимоий соҳалардаги лойиҳалар аҳоли турмуши учун муҳимлиги, улар ўз муддатида ва сифатли амалга оширилиши кераклиги таъкидланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 4та, Сув хўжалиги вазирлигида 4та, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида 3та лойиҳа бўйича ишлар кечикаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Бундай лойиҳаларни мувофиқлаштиришни такомиллаштириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси каби халқаро молия институтлари билан бевосита ишлайдиган вазирлик ва идоралар белгиланди.

Видеоселекторда олий даражадаги ташрифлар якунига кўра тасдиқланган «йўл хариталари» ижросига ҳам эътибор қаратилди. 

Маълумки, улар доирасида 700га яқин инвестиция битими имзоланган. Ҳисоб палатаси томонидан келишувларнинг маълумотлар базаси яратилган, уларнинг ижроси бўйича мониторинг ва назорат ўрнатилган. 

Президент «йўл хариталари»даги чора-тадбирларни тез ва изчил амалга ошириш, бу борада ҳукуматлараро комиссияларнинг фаолиятини жонлантириш зарурлигини таъкидлади. 

Вазирлар Маҳкамасига ҳар бир давлат билан ҳамкорлик йўналишларининг асосий хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳукуматлараро комиссиялар таркибини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Кейинги йилдан бошлаб инвестиция дастурлари уч йиллик қилиб шакллантирилиши, барча тармоқлар ва ҳудудлар бунга тайёргарликни бугундан бошлаши зарурлиги таъкидланди. 

Муҳокама қилинган масалалар бўйича галдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Мавзуга оид