Ўзбекистон | 08:21 / 08.04.2019
17165
5 дақиқада ўқилади

ТИВ Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон пахтаси бўйича ҳисоботига изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг 1 апрель куни Брюссель шаҳрида эълон қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) ҳисоботида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эътироф этилади, деб хабар бермоқда ТИВ.

Шу аснода дунёнинг энг нуфузли ва узоқ тарихга эга халқаро ташкилотларидан бири Ўзбекистонда мазкур соҳада ишчилар ҳуқуқларининг ҳолати ҳар жиҳатдан сезиларли яхшиланганини тасдиқлади. Бу эса республика раҳбариятининг мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлари самарадорлиги, ўзининг барча халқаро мажбуриятлари ва «Давлат халқ манфаатларига хизмат қилиши керак» деган тамойилга асосланувчи миллий дастурларини бажариш ишига қатъий содиқлигининг тан олинишидир, дейилади хабарда.

ХМТнинг фикри интервью асосида шакллантирилган. Кенг кўламли мониторинг мамлакатда пахта терими чоғида асосий меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида сезиларли ислоҳотлар ўтказилаётганидан гувоҳлик беради. Ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра 2018 йилда йиғим-терим компанияси иштирокчиларининг 93%дан ортиғи ҳеч қандай шаклда мажбурий меҳнатга жалб қилинмади, шунингдек, студентлар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларнинг тизимли жалб қилиниши кузатилмади.

Ҳосилни йиғиб олиш мавсумида болалар меҳнати илгари жиддий муаммога айланганлиги, ҳозир эса ушбу камчиликнинг бартараф этилганлиги тўғрисидаги хулосалар алоҳида эътиборга молик.

ХМТ директори ўринбосари Ҳайнс Келлернинг 2018-йилда пахта ҳосилини йиғиб олиш Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнининг ва болалар ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг муҳим босқичи бўлганлиги тўғрисидаги баёноти муҳим аҳамиятга эга.

Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги меҳнат шароитининг сезиларли яхшиланганлиги, жумладан пахта теримчиларига тўланадиган ҳақнинг кўпайганлиги, сўз ва фикр эркинлигининг кучайганлиги, матбуот эркинлигини таъминлашга оид ҳолатнинг яхшиланганлиги факти ҳамда Ўзбекистоннинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва фуқаролик фаоллари билан очиқ ҳамкорлик қилаётганлиги эътироф этилади.

Мамлакатнинг барча ҳудудларида ХМТ кузатувчилари ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан пахта теримчилари ва пахта теримида тўғридан-тўғри ёки билвосита иштирок этувчи бошқа гуруҳлар билан суҳбатлар бўлиб ўтди. Бундан ташқари, телефон орқали 3000 дан ортиқ тасодифий танлаб олинган кишилар билан комплекс текширувлар ўтказилди. Ҳосилни йиғиб олишдан олдин ХМТ экспертлари пахта терими учун ишчиларни ёллаш билан бевосита шуғулланувчи тахминан 7 минг киши учун адолатли ёллаш тамойили асосида тайёргарлик курсларини ташкил этди.

Ҳисоботда пахта терими қишлоқ жойларида аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириши алоҳида қайд этилади. Йиғимда иштирок этиш кўпгина аёлларга қўшимча даромад келтиради ва улар бу пулларни ўз оилаларининг аҳволини яхшилашга сарфлашлари мумкин.

Ҳар бир теримчининг ўртача 21 кун давомида ҳосилни йиғиб олишда иштирок этганлиги борасидаги таҳлил республиканинг аграр соҳадаги ютуқларининг яна бир муҳим эътирофи бўлди. Шу билан бирга теримдан олган маошлари уларнинг йиллик даромадининг 39,9% ташкил қилди.

Ҳужжатда Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерациясида ишлаб турган тескари алоқа механизмларининг самарадорлиги ҳам тан олинди. Мазкур идоралар қонун бузилиши тўғрисидаги 2500 дан ортиқ иш ва аризаларни қабул қилиб олди ва кўриб чиқди. 2018 йилги ҳосил йиғими мавсумида 206 та амалдор ва менежерларга нисбатан жарима, лавозимини пасайтириш ва ишдан олиш шаклидаги жазолаш чоралари қўлланилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистондаги ХМТ Учинчи томон мониторинг лойиҳасининг эътибори эндиликда сақланиб қолаётган муаммоларга қаратилади. Меҳнат инспекцияси мониторинги учун жавобгарликни босқичма-босқич касаба уюшмалари, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва текширувчи-журналистларга ўтказиш шулар жумласидан.

Шу ўринда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида эришилган натижалар, аввало, кенг қамровли ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берган 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган тўхтатиб бўлмас ислоҳотларга асосланишини таъкидлаш зарур, дейилади ахборотда.

ТИВ хабарига кўра, Ўзбекистон мамлакатда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг жиддий тарафдори ва бундан кейин ҳам амалий ислоҳотлар йўлидан боради, кўрилаётган чоралар эса бўлинмас, барқарор ва тўхтатиб бўлмас характерга эга. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари ва механизмларини янада такомиллаштириш бўйича ишлар, хусусан халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш йўли орқали давом эттирилади.

Мавзуга оид