Жаҳон | 22:00 / 10.04.2019
50256
20 дақиқада ўқилади

Ливия инқирози: Халифа Ҳафтар ким ва кимлар ким томонда?

4 апрель куни Ливия миллий армияси қўмондони, фельдмаршал Халифа Ҳафтар мамлакатда ҳокимиятни ўз қўлига олишга қарор қилди ва «террорчилардан озод қилиш» мақсадида армияси билан пойтахт Триполига юриш бошлади.

Бу амалиёт «Триполини озод этиш операцияси» деб ном олди. 75 ёшли фельдмаршал Триполи аҳолисини қуролларни ташлаб, оқ байроқ кўтариб таслим бўлишга чақирди, у ўз ҳарбийларига тинч аҳоли вакиллари ва хорижликларни ўққа тутмасликни буюрди.

Триполи мудофааси

Название

Маршалнинг режаларидан бохабар бўлиши биланоқ Триполидаги ҳукумат ҳарбийлар ва турли кўнгиллилар учун тревога эълон қилди. Ливия бош вазири, Триполидаги миллий бирлик ҳукумати раҳбари Фаёз ас Сараж Ҳафтар армиясини тўхтатиш учун барча ҳукумат кучларини оёққа турғазди. 

Ички ишлар вазирлиги баёнотида «ҳужум қилувчи томон бу ҳужумнинг оғир оқибатлари учун тўлиқ жавобгарликни зиммасига олиши» қайд этилди.

Фаёз ас-Сараж ўз телемурожаатида қон тўкилишларидан сақланиш учун Ҳафтарга ён бермоқчи бўлгани, аммо у «ортдан пичоқ ургани» ҳақида гапирди. У маршални хиёнатда ва давлат тўнтаришида айблади.

У ўз ҳукумати шу вақтга қадар фақат «қўлини тинчлик мақсадида ишлатган», энди эса Ҳафтар фақат «кучли ва мустаҳкам қўллар»га дуч келишини таъкидлаб ўтди.

Эвакуация

Аэропортда эвакуация
Фото: AFP

Ҳарбий ҳаракатлар бошланиши баробарида АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги Ливиядаги контингентни кўчиришни бошлади. Якшанба куни бошқа давлатлар ҳам мамлакатдаги фуқароларини эвакуация қилишга киришди.

«Ливиядаги хавфсизлик вазияти оғирлашди ва яна нималар рўй беришини айтиб бўлмайди», дея баёнот берди AFRICOM қўмондони Томас Уайлҳаузер. Ҳарбийлар қаерга олиб кетилгани тафсилотлари маълум эмас.

БМТ ҳам Ливияда фақат энг муҳим ходимларини қолдириб, персоналнинг асосий қисмини эвакуация қилишга қарор қилди. Ҳиндистон Тунисдаги тинчликпарвар кучларини кўчирди. Италиянинг Eni нефт-газ компанияси ҳам мамлакатдан италиялик ходимларини олиб чиқиб кетишга киришди.

Қуролли тўқнашувлар

Ливия миллий армияси жангчилари
Фото: REUTERS

Халифа Ҳафтарнинг армияси дастлаб пойтахт йўлидаги шаҳарларни, пойтахтдан 100 км жанубда жойлашган Гарьян шаҳрини ҳамда пойтахтдан 60 км масофадаги Сурман шаҳрини эгаллади.

«Триполи ҳимояси иттифоқи» - қабилалар бирлашмаси ва ҳукуматга содиқ кучлар Ҳафтар қўшинларини қарши олишга чиқишди. Биринчи тўқнашувлар вақтида Ҳафтар армиясининг 145 нафар аскари асир олиниб, 60та техника қўлга киритилгани хабар қилинди.

Кўп ўтмасдан аввал ҳукуматга содиқлигини билдириб келган Ливиядаги йирик радикал жангарилар гуруҳи - «Махсус қудратли кучлар» (RADA Special Deterrence Forces) Ҳафтар томонига ўтиб кетди.

Мамлакатда турли гуруҳлар фаолият олиб боради
Фото: GETTY IMAGES

Кўп ўтмасдан Ҳафтар армияси Триполини уч томондан ўраб олди: жанглар пойтахтдан шарқдаги Тажур муниципалитети, ғарбдаги Жанзур тумани ва жанубдаги Триполи халқаро аэропорти жойлашган Бин-Ғашир шаҳри ҳудудида кечмоқда. Ҳужум қилувчи томон аэропортдан ташқари, давлат телевидениеси биноси ва миллий банкни эгаллашни мақсад қилган.

7 апрель кунига келиб икки томон ҳам бир-бирига қарши ўт очишни бошлади ва дастлабки қурбонлар берилди. Якшанба куни тонгида Триполининг жанубий қисмига ҳаводан зарбалар йўлланди. Охирги маълумотларга кўра, бу ҳужум оқибатида Триполида 32 киши ҳалок бўлган, 80 киши яраланган. Ўз навбатида, Ҳафтар кучлари 19 жангчисини йўқотган.

8 апрель куни Ҳафтар ҳарбийлари Ливиядаги ягона аэропортга, Триполи халқаро аэропорти 2014 йилги жанглардан кейин ишдан чиққач, авиарейслар амалга ошириши йўлга қўйилган Митига ҳарбий аэродромига ҳужум бошлади. Натижада, бу аэропортни ҳам ёпишга тўғри келди, барча рейслар бекор қилинди, йўловчилар хавфсиз жойга кўчирилди.

Триполи томонида жанг қилувчи Мисратдаги айирмачилар 
Фото: EPA

Ҳафтар кучлари вакили Аҳмад Мисмарининг Reuters агентлигига айтишича, авиазарбалар нишони йўловчи самолётлар эмас, Мисратга юборишга тайёрланган МиГ-23 самолёти ва «Чинук» вертолёти бўлган.

«Биз фуқаролик авиациясини нишонга олмадик. Биз парвозларни тўхтатиб қўйишни мақсад қилмагандик. Зарбалар бизга қарши қўлланиши мумкин бўлган объектларга, жумладан таъмирдаги МиГ-23 самолётига йўлланди», дейди у. Авиазарбалар оқибатида ҳарбий самолётдан ташқари, «Чинук» вертолёти ҳам яксон этилган.

БМТнинг Ливия миссияси бўйича миссия (UNSMIL) раҳбари Ҳасан Саламе аэропортга ҳужум гуманитар ҳуқуқлар бузилиши эканини, бу ҳолат ҳудудда эскалация юзага келаётганини кўрсатишини қайд этди.

БМТнинг ўт очишни икки соатга тўхтатиб туриш ҳақидаги талабига қарамасдан томонлар ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришди.

Россиянинг позицияси
4 апрель куни Россия ТИВ расмийси Мария Захарова расмий Москва Ливияда куч ишлатиш сценарийси рўй бермаслигига умид қилиши ҳақида гапирди. «Биз бу инқироз сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этилишига умид қиламиз», деди у.

Кейинроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «фақат бир томонни айбдор сифатида кўрсатмаслиги»ни билдириб, ливияликлар «ўз тақдирини ўзи белгилаши кераклиги»ни қўшимча қилди.

«Ливия инқирози НАТО кучлари бу мамлакатда 2011 йилда амалга оширган ишлар оқибатидир. Айнан ўшандан буён Ливия парчаланган давлатга айланди, келинглар, барчасини ўз номи билан атайлик, жанубдаги террорчилар учун йўлаклар, шимолдаги ноқонуний миграция учун тешиклар», деди Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шанба куни Мисрдаги чиқиши вақтида.

БМТ Хавфсизлик кенгашида Буюк Британия томонидан Халифа Ҳафтарнинг ҳужумини тўхтатиш бўйича резолюция таклиф қилинди, аммо Россия бу резолюцияни блоклади.

Қаззофийдан кейинги қўшҳокимлик

Фаёз ас Сараж
Фото: GETTY IMAGES

Фуқаролар уруши ва 2011 йилда президент Муаммар Қаззофий ўлдирилганидан кейин Ливияда ҳеч бир томон ҳокимиятни марказлаштира олмади. 2011 йилнинг октябрида Қаззофийнинг мухолифлари ўтиш даври миллий кенгаши ташкил қилишганди. 2012 йилнинг августида ҳокимият овоз бериш якунларига кўра сайланган Умуммиллий конгрессга топширилади. 2014 йил ёзида эса Умуммиллий конгресс ўрнига Вакиллар палатаси ҳокимиятга келади. Парламент аъзолари қуролли гуруҳлар назоратида бўлган Триполини тарк этишади ва мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Тобрукка бориб жойлашади.

Бир ярим йил вақт ўтиб Ливияда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган қонуний ҳукумат юзага келади. 2015 йилнинг декабрида Марокашнинг Схират шаҳрида БМТ иштирокида келишув тузилади ва бу келишув Схират келишуви номини олади.

Келишув ҳужжатларига кўра, мамлакатда вақтинчаликка Миллий бирлик ҳукумати шакллантирилади, президентлик кенгаши (9 кишидан иборат) тузилади. «Триполидаги ҳукумат»ни бош вазир Фаёз ас Сараж бошқара бошлайди.

Миллий бирлик ҳукумати халқаро доираларда тан олинган ҳукуматдир, лекин уни парламент тасдиқламаган. Қонунчилик органи икки марта вазирларнинг рўйхатига қарши овоз берган.

Бу ҳукумат бир неча йирик қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлайди ва уларнинг фаолиятига қаршилик қилмайди. Бундай гуруҳлар эса исталган вақтда бошқа томонга ўтиб кетиши мумкин, ҳукумат фуқаролар хавфсизлигини кафолатлай олмайди.

Сиёсий инқироз ҳудуддаги нефтни керакли миқдорда қазиб олишга имкон бермайди, мамлакатда энергия ва озиқ-овқат билан таъминлаш аҳволи оғир. Минглаб ливияликлар ноқонуний муҳожирлар сифатида Ўрта Ер денгизини кечиб ўтиб, Европага етиб олишга ҳаракат қилишади.

Ливиянинг алоҳида ҳудудларида йирик қуролли гуруҳлар назорат ўрнатган. Жумладан, ИШИД, «Ал-Қоида» ва бошқа радикал гуруҳлар. Бу гуруҳлар кучли марказий ҳокимият йўқлигидан фойдаланиб, аҳоли яшовчи ҳудудларни ҳам қўлга олган.

Халифа Ҳафтар ким ўзи?

Фото: AFP

Миллий бирлик ҳукумати ўз таъсирини мамлакат шарқига ва жанубга ўтказа олмаган ва бу ҳудудларда Халифа Ҳафтар бошчилигидаги армия ва унинг тарафига ўтган парламент назорат ўрнатган - «Тобрукдаги ҳукумат». Ҳафтарни радикал кучлардан ҳимоя воситаси сифатида Миср, БАА ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатлар қўллаб-қувватлашади.

Халифа Ҳафтар 40 йилдан ошиқ вақт давомида Ливия сиёсий ва ҳарбий ҳаётидаги муҳим шахслардан бири бўлиб келади. 1969 йилда у Муаммар Қаззофий томонидан уюштирилган ҳарбий тўнтаришда унинг сафдошлари қаторида бўлганди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Ҳафтар Чад-Ливия можаросида ҳам муҳим фигуралардан бири бўлган. У президент топшириғи билан Чад ҳудудига бостириб кирган, аммо унинг бошчилигидаги Ливия ҳарбийлари 1987 йилги жанглардан бирида мағлубиятга учраган, қўмондоннинг ўзи эса асирга тушган. Асирликдан қайтгач, Қаззофий уни ҳарбий амалиёт муваффақиятсизлигида айблаб қамоққа ташлаган.

Қамоқдан чиққач, Ҳафтар АҚШга кетган ва кейинги 20 йилини Қаззофийга қарши курашга бағишлаган. Ҳафтар бу йиллар давомида Виржиния штати ҳудудида яшаган - Марказий Разведка бошқармаси бош қароргоҳи ҳам айнан шу штатда жойлашган. Бу факт эса айрим таҳлилчилар томонидан Ҳафтарнинг Америка разведкаси билан алоқадорлиги ҳақида тахминлар қилинишига асос бўлган.

Ливияда исён бошлангач, Ҳафтар ватанга қайтган ва мамлакат шарқидаги исёнчиларга бошчилик қилган. 2014 йилнинг февралида у ливияликларга мурожаат қилиб, радикал кучлар томонидан ташкил этилган Умуммиллий конгрессга қарши чиқишга чақирган.

Ҳафтарнинг позицияси кўпчиликка ёқиб тушган ва у аҳолиси ИШИД ва «Ал-Қоида»нинг маҳаллий филиали «Ансор аш-Шариа»дан азият чеккан ҳудудларда шуҳрат қозона бошлаган. Бу эса унинг МРБ билан алоқадорлиги ҳамда «Қаззофийнинг одами» тамғасидан қутулишини таъминлаган.

Ливия шариат қоидалари асосида ривожланиши тарафдорлари эса Ҳафтарнинг мухолифларига айланишган. Улар «Ансор аш-Шариа» халқ билан бирга, Ҳафтар эса хоин ва террорчи деб ҳисоблашади.

2015 йилнинг 2 мартида Ҳафтар парламент тарафида жанг қилувчи қуролли кучлар бош қўмондонига айланган. У Қаззофийнинг собиқ аскарларини бирлаштиргач, 2017 йилда шарқдаги асосий шаҳар - Бенгазини эгаллаган. 

Шундан сўнг Ҳафтар бошчилигидаги қўшинлар мамлакат жанубидаги нефть қазилмаларига бой бўлган ҳудудлар устидан назорат ўрнатган, бу ресурслар унинг позициясини мустаҳкамлаган. Нефть ҳавзалари Умуммиллий конгресс билан яқин алоқаларда бўлган гуруҳлардан йирик нефть ҳавзалари тортиб олинган. Бу хизматлари учун парламент раҳбари Акила Салоҳ - Ҳафтарнинг муҳим иттифоқчиси унга фельдмаршал унвонини берган. 

"Москванинг дўсти"

Парламент раҳбари Акила Салоҳ Ҳафтарнинг энг яқин иттифоқчиси
Фото: AFP

Кейинги йилларда фельдмаршал Халифа Ҳафтар расмий Москва билан қалин алоқалар ўрнатган. Унинг номи Россиянинг Яқин Шарқда таъсири кенгайиши ҳақидаги материалларда тез-тез тилга олинадиган бўлди. 2016 йилда фельдмаршалнинг элчиси Абдулбосит ал-Бадри, парламент раҳбари Акила Салоҳ ҳамда Ҳафтарнинг ўзи Россияга юқори мартабали амалдорлар билан учрашувлар ўтказиш учун келади.

2017 йилнинг 11 январида Ҳафтар русларнинг Ливия сувларида турган «Адмирал Кузнецов» авиаташувчисига келган ҳамда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан видеоконференция ўтказганди. Ўша йилнинг августида ливиялик фельдмаршал Москвага ташриф буюриб, Шойгу билан «халқаро террорчилик гуруҳларига қарши курашиш» масаласида музокаралар ўтказган.

Ғарб Россия Ҳафтар ёрдамида 2011 йил воқеаларидан кейин «йўқотилган» Ливиядаги таъсирини кенгайтиришидан хавфсирайди. Икки томонда ҳам бир-бирига таклиф қилиш учун нимадир бор. Ҳафтар ва унинг армиясига қурол-яроғ керак (БМТ эмбаргоси туфайли бу мамлакатга қурол етказиш тақиқланган), расмий Москва эса Ўрта Ер денгизи қирғоқларида ишончли иттифоқчиси бўлишидан манфаатдор.

Шойгу ўз чиқишларида Сурия, Ироқ ва Ливия «ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги»ни билдирганди. Мудофаа вазири шунингдек, Россия хориждаги ҳарбий базаларини кенгайтиришда давом эттиришига шаъма қилган. 2008 йилда Ливия ўз ҳудудида Россия ҳарбий-денгиз кучлари базаси бўлишига қаршилик қилмаслигини маълум қилган.

Ҳафтар ва ҳамроҳларининг Москвага ташрифидан кейин Ғарб давлатлари Россия ўз ҳарбий кемаларини Бенгази портига, Европадан 700 км масофага жойлаштириши мумкинлигини фаол муҳокама қилишни бошлаганди.

2012 йилда Бенгазида Америка элчихонасига уюштирилган ҳужумдан кейин америкаликларнинг Ливиядаги роли чекланди ва шу туфайли Европа бу давлатдаги инқирозли ҳолат қаршисида ёлғиз қолди.

Россия Ҳафтарни қуроллантирадими?

Ҳафтар ва унинг иттифоқчилари Москвага камида икки марта келган
Фото: AFP

2016 йилнинг сентябрида маршалнинг элчиси ал-Бадри Москвага келиб Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов билан учрашди. «Известия» материалида, элчи Россия президенти Владимир Путинга Ҳафтарнинг қурол етказиб бериш бўйича илтимосини етказганди.

Кейинроқ вазирлик расмийси Мария Захарова бу учрашувда Ливияга қурол етказиб бериш масаласи муҳокама қилинмагани айтиб, Россия БМТ ХК томонидан қабул қилинган эмбарго бўйича қарорга қатъий амал қилишини билдирди.

2016 йилнинг декабрида Россия ТИВ раҳбарининг бошқа бир ўринбосари Геннадий Гатилов Россия нафақат фельдмаршал билан, балки Ливиядаги бошқа «йирик ўйинчилар» билан, жумладан Акила Салоҳ, Фаёз ас-Сараж ва унинг ўринбосари Аҳмад Майтига билан ҳам учрашувлар ўтказишини маълум қилган.

The Times маршалнинг яқин сафдошларидан бири Акрам Бухулайгага асосланган ҳолда Россия Ҳафтар армиясига қурол етказиб беришга тайёрлиги ҳақида маълумот тарқатган. Унинг сўзларига кўра, маршал «Адмирал Кузнецов»га келганида зарурий қуроллар рўйхатини тақдим этган, Россия эса БМТ ХКда эмбарго бекор қилиниши учун саъй-ҳаракатларини давом эттиришни ваъда қилган. Хабарларга кўра, томонлар ўртасида икки миллиард долларлик қурол етказиш бўйича келишув тузилган.

2017 йилнинг ноябрида ливиялик қўмондон яна бир марта Москвага келиб, Россия Мудофаа вазири билан учрашган, ОАВда бу учрашувда россиялик бизнесмен, «Вагнер» хусусий ҳарбий кампанияси билан алоқадорлиги айтиладиган Евгений Пригожин ҳам иштирок этгани маълум қилинган.

Шойгу ва Ҳафтар 2018 йилнинг майида ҳам видеоконференция шаклида музокаралар ўтказган. 

2019 йилнинг март ойида Британиянинг The Sun газетаси Ливия миллий армияси сафида россиялик ёлланма жангчилар ҳам борлиги ҳақида хабар тарқатди. Россия ТИВ бундай маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

ОАВда Ливияда С-300 зенит-ракета мажмуалари ва «Калибр» қанотли ракеталари ҳам мавжудлиги ҳақида хабар тарқатилган. Лекин қайд этиш керакки, Ҳафтарда бундай қуроллар, айниқса қанотли ракеталарга эҳтиёж йўқ, чунки ливиялик ҳарбийлар бундай қуроллардан фойдаланишни ўрганишмаган ҳам.

Париждан нигоҳ
Рим ва Париж Африкада 19 асрдан буён рақобат қилиб келади. Французлар ҳозир ҳам собиқ колонияларида ўз таъсирини сақлаб қолган, аммо Италия Ливияда бу борада айтарли натижаларга эриша олмаган.

Шу билан биргаликда, Италиянинг собиқ бош вазири Сильвио Берлускони Муаммар Қаззофий билан яқин дўст эди, аммо 2011 йилда икки сиёсатчида ҳам жиддий муаммолар юзага келди: Ливия фуқаролик уруши гирдобида қолди, Италияда ҳукумат инқирози юз бериб, бу Берлусконининг истеъфоси билан якунланди.

Франция Қаззофийнинг ағдарилишидан кейин Ливияда бошланган зиддиятни ҳал этишда Европа вакилига айланди. 

Франция Ливияда ҳокимиятни қўлга олиб, ўзаро курашувчи гуруҳларни бирлаштирувчи кучли сиёсий етакчи бўлишидан манфаатдор. Ливиядаги парокандалик қўшни давлатларга ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаган, ҳудуддаги гуруҳлар фаолияти масалан, 2013 йилда қўшни давлат Малига кўчган ва Франция бу вазиятга аралашишга мажбур бўлган.

Ливия атрофидаги кўплаб давлатлар - Тунис, Чад, Нигерда муаммолар шундоқ ҳам етарли ва ливиялик жангарилар улар учун ортиқча бош оғриқ.

Тўғри, Ливия - минтақадаги муаммоларнинг ягона манбаи эмас, аммо муаммоларнинг энг йиригидир. Париждагилар бу муаммони қўшҳокимлик асосида ечиш имконсизлигини англаб етишди ва шу туфайли французлар Россия, Миср, Форс кўрфазлари давлатлари қаторида Халифа Ҳафтарни қўллаб-қувватлашга тайёр.

Ҳафтар «Ливия халоскори»ми?

Фото: AFP

Ҳафтар билан яхши таниш бўлган британиялик дипломат, Буюк Британиянинг Ливиядаги собиқ элчиси Питер Миллеттнинг ҳисоблашича, БМТнинг чақириқлари самара бериши даргумон.

«Мен у билан Бенгазида учрашганман. У ўзига эътибор тортмас, доимо сипо юрарди. Аммо у ҳамиша ҳарбий ечим устувор бўлиши кераклигини таъкидларди. Унингча, аввало ҳарбий қарорлар қабул қилиш керак, кейин сиёсий қарорлар келади. Мен унга икки вариантга ҳам таяниш кераклигини айтганман. Аммо менимча у сиёсий жараёнларни ва сиёсий сулҳларни тушунмасди. У ўзини Ливия халоскори деб билади. Худди Мисрнинг собиқ президентларидан бири Носир ўзини «араб дунёси халоскори» деб билгани каби», дейди Миллетт Би-би-си билан суҳбатда.

У Ҳафтар сиёсатчи сифатида Ливияни бирлаштиришига ишонч билдирмаган.

«Унинг вазиятида бир қатор зиддиятлар мавжуд. У шарқни қўлига олган. У яқинда жанубни ҳам эгаллади. Аммо Триполида ва унинг атрофидаги ҳудудларда унга қаршилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Шунингдек, Мисрат шаҳри, Сиртда ИШИДга қарши курашганлар Ҳафтарга ҳам қарши курашади ва у Триполини олишига йўл қўймасликка ҳаракат қилади», деб ҳисоблайди дипломат.

Унинг айтишича, Ҳафтар қасддан БМТ талабларини инкор этмоқда.

«У Бирлашган Миллатлар ташкилотига «тумшуғини кўрсатиб қўйди». У ҳужумни Антониу Гуттериш Триполига келган вақтда бошлади. Гуттериш у билан учрашиш учун Бенгазига йўл олди, Ҳафтар эса унга деди: «Мен ҳарбий кампанияни тўхтатмайман». Бу ишлар Ливиядаги зиддиятга барҳам бериш ва мамлакатни сайловларга тайёрлаш бўйича халқаро конференция ўтказилишига бир ҳафта муддат қолганида рўй бермоқда», дея фикрларини билдириб ўтган дипломат.

Барчаси ўз жойига қайтадими?
Итоатсиз исёнкор генерал ўз ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан қораланаётганига қарамай, Ливия келажагидаги сиёсий ўрнини фақат ҳарбий йўл билан эгаллаши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Дипломатлар у узил-кесил мағлуб бўлмагунича чекинмаслигидан ташвишда.

Қайд этиш керакки, Ҳафтар анча вақтдан буён шундай амалиёт бошлаш билан таҳдид этиб келарди. 

Кўпчилик у бир йил давомида гоҳ Парижга, гоҳ Палермога, гоҳ Бирлашган Араб Амирликларига учиб, музокаралар ўтказиши вақтдан ютишга имкон бериб ва якунда мамлакатдаги сиёсий барқарорликни таъминлайдиган сайловлар ўтказилишига ишониб қолганди.

Бугунги кунда Ғарб давлатларида Ливиядаги эскалациянинг олдини олиш имкониятлари жуда кам, бу давлат яна 2011 йилга қайтиши ва барчаси яна қайтадан бошланиши мумкин.

Азиз Қаршиев тайёрлади

Мавзуга оид