Жаҳон | 17:55 / 11.04.2019
51562
7 дақиқада ўқилади

«Чексиз ваколатга эга қўшин» – АҚШ террористик гуруҳлар қаторига киритган Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қандай ташкилот?

Фото: REUTERS

АҚШ давлат департаменти террористик гуруҳлар қаторига яна бир ҳарбий ташкилотни киритди. Эроннинг диний раҳнамоси оятуллоҳга бўйсунувчи Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси эндиликда террористик гуруҳлар қаторида тилга олинади. Бу ҳарбий ташкилот АҚШ давлат департаментининг «қора рўйхати»дан 68-бўлиб жой олди.

8 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳга бўйсунувчи ислом инқилоби соқчиларини террорчилик ташкилоти сифатида эълон қилганди. Шундан сўнг АҚШ давлат департаменти (бундай қора рўйхатларни расмийлаштириш каби бюрократик жараёнлар билан давлат департаменти шуғулланади) инқилоб соқчиларини террористик гуруҳ сифатида рўйхатга олди. 15 апрелдан бошлаб АҚШ Эроннинг энг олий ҳарбий тузилмасини расман террористик гуруҳ деб атайди.

Фото: REUTERS

Ҳали ҳеч қачон АҚШ давлат департаменти бирор мамлакатнинг расман фаолият юритаётган қўшинларини террористик ташкилотлар сирасига киритмаганди. Бу эса АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар қай даражада таранглашганини кўрсатади. АҚШ бу қарори билан Эрон террорчиларнинг ҳомийси эканини яна бир бор таъкидламоқчи эканини айтди. Хусусан, Дональд Трамп бу борада шундай деди: «Эрон терроризмнинг асосий ҳомийси ҳисобланади. Инқилоб қўшинлари Эроннинг қуролига айланган терроризмни молиялаштиришда фаол қатнашади».

Давлат департаментининг баёнотида инқилоб қўриқчилари Германия, Босния, Болгария, Кения, Баҳрайн ва Туркияда ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани келтирилган. Хусусан, қуйидаги операциялар айнан саналади:

* 2011 йил АҚШда Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчисига қарши суиқасд. Операциянинг олди олинган.

* 1996 йил Саудия Арабистонининг Ал Хубар шаҳридаги портлаш. Унинг оқибатида 19 нафар америкалик ҳалок бўлган. Давлат департаментнинг маълум қилишича, 2018 йилда бу терактда инқилоб соқчилари қўшинларининг айбдорлиги исботланган.

* 2012 йил Туркия ва Кенияда теракт уюштиришга тайёрланиш вақтида инқилоб соқчилари аскарлари қўлга олинган.

* 2012 йил Германияда терактга тайёрланаётган ўнлаб инқилоб соқчилари агентлари қўлга олинган.

Майк Помпео инқилоб соқчилари ҳақида шундай дейди: «Улар расмий ҳарбий структура ниқобига ўраниб олишган. Лекин бунга алданмаслигимиз керак. Бу ташкилот бутун дунё бўйлаб террористик операцияларда қатнашади». Помпеонинг айтишича, инқилоб соқчилари Эрон иқтисодиётининг катта қисмини назорат қилади ва улар бутун дунё бўйлаб ноқонуний бизнес тармоқларига ҳам эга. Ташкилотнинг легал ва нолегал даромадлари бутун дунёда терроризмни молиялаштириш учун кетади, деб айтилади АҚШ давлат департаменти баёнотида.

Дональд Трамп АҚШ бу ҳаракати билан Эронни огоҳлантирганини маълум қилди: «Биз Теҳронга аниқ сигнал юбордик. Улар терроризмга ҳомийлик қилишнинг бадали қиммат бўлишини англашсин. Бу бадалнинг қийматини оширишимиз шарт. Эрондаги режимга иқтисодий босимни улар қинғирликларини тўхтатгунларига қадар давом эттиришимиз керак»,- дейди Трамп.

Фото: AP Photo/Evan Vucci

"АҚШнинг бунчалик агрессив қарорга келишига сабаб бўлган инқилоб соқчилари қандай ташкилот ўзи?",- деган савол туғилиши табиий. Тўлиқ номланиши Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўлган ташкилот Эрондаги олий ҳарбий тузилма ҳисобланади. Турли манбааларга кўра, 125 мингдан 400 минггача аскарлари бўлган инқилоб соқчилари Эрон диний етакчиси оятуллоҳга (шиалар учун фатво чиқариш ҳуқуқига эга деб ҳисобланадиган диний раҳнамолик даражаси. Амалда Эроннинг биринчи рақамли инсони сиёсатчилар эмас, айнан оятуллоҳ бўлади ва мамлакат сиёсатининг ҳал қилувчи йўналишларини айнан у белгилайди) бўйсунади.

Инқилоб соқчилари 1979 йилда Эрондаги ислом революцияси етакчиси оятуллоҳ Ҳумайний томонидан тузилган. Унинг мамлакатдаги ақлбовар қилмас обрўси инқилоб соқчиларининг ҳам даражасини баланд қилган. Ҳумайнийни Эрон учун ким бўлганини англаш учун у ҳақда бир нечта фактни келтириш кифоя: Ҳумайний расман буюк оятуллоҳ ва Эроннинг биринчи олий раҳбари номларига эга.

14 йиллик қувғиндан сўнг Ҳумайнийнинг 1979 йил 1 февралда Эронга қайтиши байрамдек кутиб олинган. У келганидан 10 кун ўтиб Эронда ислом инқилоби расман тантана қилган ва Эрон расман Эрон Ислом Республикаси деб атала бошланган. 1983 йил 3 июндаги Ҳумайнийнинг жанозасига 10 миллиондан кўпроқ одам қатнашган. Ҳумайнийнинг сурати Эроннинг 1000 риаллик купюрасида тасвирланган.

Инқилоб соқчиларига Эрондаги ислом инқилобининг фарзандлари деб қарашади ва бу тузилма мамлакат ҳудудида чексиз ваколатга эга. Қудратлилик жиҳатидан АҚШнинг Марказий разведка бюросини эслатиб юборади. Бироқ инқилоб соқчилари МРБдан фарқли ўлароқ разведка, контрразведкадан ташқари ҳарбий амалиётларда ҳам қатнашадилар. Масалан Эрон – Ироқ урушида, Суриядаги ҳамон давом этаётган урушда оятуллоҳ аскарларининг қатнашгани айтилади.

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / TASS

Инқилоб соқчилари сафига пиёда аскарлар, ҳаво ва денгиз қўшинлари киради. Тузилма қошидаги «Ал-Қудс» ва «Басиж» гуруҳларига махсус тайёргарликдан ўтган аскарлар қабул қилинади ва «Ал-Қудс» гуруҳини Дональд Трамп алоҳида таъкидлагани бежизга эмас. «Басиж» эса Эрондаги кўнгиллилар отряди ҳисобланади. Унинг аъзолари сони 10 миллиондан ортиқ. Улкан пропаганда натижасида эронлик ёшлар «Басиж»га аъзо бўлишни ҳаётларидаги муҳим жараён деб билишади.

Инқилоб соқчилари ўз уставида иддао қилишича, ташкилотдаги барча ишлар шариат қоидалари асосида олиб борилади ва буни шахсан оятуллоҳ текшириб боради. Эрон олий етакчиси инқилоб қўшинлари орасида раҳбар деб аталади (форсчада ҳам айнан «раҳбар»). Инқилоб жангчилари орасидан кўплаб давлат раҳбарияти вакиллари етишиб чиққан. Масалан, Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажот ҳам инқилоб соқчиларидан.

АҚШнинг бу ўта кескин баёноти икки катта давлат ўртасидаги шундоғам мураккаб муносабатларни янада ёмонлаштириши табиий. Дональд Трампнинг бу провакацион юришидан сўнг америкаликлар агрессив ҳисоблайдиган Эрон янада агрессивлашиши мумкин холос. Бунақа чиқишлар билан таранг муносабатларни юмшатиб бўлмайди. Афтидан океан ортидагилар Эрон билан муносабатлар мўътадиллашишини хоҳлашмайди. Хуллас, Америка иккита тортишувдаги ҳудуд Исроилга тегишли эканини тан олишга чақириши ва бутун бошли мамлакатнинг олий ҳарбий ташкилотини террористик гуруҳ деб аташи билан Яқин Шарқдаги вазиятни фақат ёмонлаштиради...

Мавзуга оид