Ўзбекистон | 13:12 / 11.04.2019
20392
5 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов президент мактаблари ва анъанавий мактабларга айрича эътибор қаратилаётгани ҳақидаги эътирозларга муносабат билдирди

«Президент мактабларига қабул қилишда асосий эътибор боланинг мантиқий фикрлашига қаратилади»

Kun.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан президент мактаблари, ўқитувчи - ўқувчи - ота-она муносабатлари, ўқитувчиларнинг мақоми ва халқ таълими тизимига доир бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашди.

Вазир президент мактабларининг анъанавий мактаблардан энг асосий фарқлари, имтиҳон тартиби ҳақида маълумот берди.

«Президент мактабларини ташкил этиш ташаббуси таълим тизимига катта ўзгаришлар олиб келадиган ташаббус бўлди. Мамлакатимиздан қанча-қанча алломалар чиққан. Шунча алломаларни етиштирган юртдан яна алломалар чиқиши керак. Президент мактабларининг асосий вазифаси ҳам худди шу – энг иқтидорли ва билимга чанқоқ болаларни саралаб, таълим олиши учун зарур барча шароитларни яратиш – хориждан ўқитувчилар чақириб, энг замонавий методологияда уларни тарбиялаш.

Бундай мактабларнинг дастлабкилари Нукус, Хива, Тошкент, Наманган шаҳарларида очилади.

Президентимиз кейинчалик алоҳида президент университетини ҳам ташкил этиш, олий ўқув юрти даражасини ҳам йўлга қўйиш вазифасини топширди.

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик президент мактаблари ва анъанавий мактабларга эътибор ўртасидаги фарқ ҳақида турли фикрлар ёзди. Халқ таълими тизимида катта ислоҳотлар бошланган. Ислоҳотлар бирор бинони қуриш, компьютер етказиб бериш билан чекланиб қолмайди. 

Аввало, мазмун – ўқув дастурига эътибор қаратилади. Таълим даражаси жиҳатидан дунёда етакчилардан бири Англия тажрибаси асосида президент мактабларини очишни мақсад қилганмиз. Президент мактабларида йилига нафақат 24 ўқувчи саралаб ўқитилади, балки ушбу мактабларда биз учун янги ўқув дастуридан фойдаланилади. Дастур тузишда маҳаллий ўқитувчилар хорижлик педагоглар билан ҳамкорликда ўз тажрибасини ошириш имконига эга бўлади. Кейинчалик бу шаклдаги дастурлар бошқа мактабларда ҳам кенг татбиқ қилинади. Президент мактаблари таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг локомотивига айланади.

Англия таълим методикаси ва инглиз тилида ўқитилса, ўқувчилардан ватанпарвар чиқмайди деган фикрга бориш керак эмас. Бизнинг олдимиздаги асосий вазифа шу – етук ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш. Президент мактабларида энг тиришқоқ болалар саралаб, йиғиб олинади. Улар бир-бирига намуна бўлиб, бундан ҳам яхшироқ натижа кўрсатишади. Бу энг керакли жиҳат. Ўқувчиларга энг замонавий методика асосида энг яхши ўқитувчилар дарс беради. Контингент, методика ва ўқитувчиларнинг энг саралари – бу президент мактабларининг ўзига хос хусусиятлари бўлади.

Президент мактаблари имтиҳонлари олдидан бизни қийнаётган масалалардан бири – бу қабулни ҳалол ва тўғри ташкил қилиш. Имтиҳонларимиз адолатли бўлмас экан, биз олдимизга қўйилган вазифаларга эриша олмаймиз. Имтиҳон ташкил этиш бўйича дунёдаги энг тажрибали компаниялардан бири – Cambridge Assesment English билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Имтиҳон куни, тартиби тўғрисида яна аниқ маълумот тақдим этамиз.

Инглиз тилини ўрганиш ҳақида тавсия бергандик, бу дегани фақат инглиз тилидан имтиҳон бўлади дегани эмас. Инглиз тилини имтиҳон қиладиган бўлсак ҳам, баҳолашда мантиқий фикрлаш ва масалаларни мустақил ҳал этиш қобилияти асосий ўринда бўлади. Инглиз тили синови фақатгина уларнинг билим даражасини баҳолаш учун ўтказилади. Ўқувчини қабул қилиш ёки қилмаслик боланинг мантиқий фикрлаши билан боғлиқ ҳал этилади. Ушбу синовлар ўзбек тилида ҳам ўтказилиши мумкин.

Бироқ яна бир савол юзага келади – имтиҳон давлат тилида бўлса, саволлар таржимаси билан шуғулланган мутахассис бу саволларни ташқарига чиқариб юбормайдими? Бунинг ҳам ечимларини излаяпмиз. Масалан, инглиз тилидаги тест саволларини ечишда Англияда яшаётган ўзбек миллатдошларимиз ёрдамидан ҳам фойдалансак бўлади.

Cambridge Assesment English имтиҳонларининг тоза ва шаффофлиги сабабли ўзининг ижобий имижини сақлаб келган. Ўйлаймизки, компания вакиллари алданиб қолиш мумкин бўладиган барча йўлларнинг олдини олишади», дейди вазир.

Шерзод Шерматов билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Мавзуга оид