Ўзбекистон | 22:58 / 12.04.2019
4597
3 дақиқада ўқилади

Корея Республикасининг Ахборот жамияти масалалари бўйича миллий агентлиги президенти Ўзбекистонга келди

Фото: Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги

12 апрель куни Корея Республикасининг Ахборот жамияти масалалари бўйича миллий агентлиги президенти жаноб Енг Сик Мун бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Агентликда Корея Республикаси делегациясининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази вакиллари билан учрашуви ташкил этилди.

Учрашув давомида томонлар Тошкентда май ойида режалаштирилган электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзбек-корейс марказини очиш, Агентлик мутахасислари учун қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, Ўзбекистонда Электрон ҳукуматни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш учун Корея мутахассисларини жалб қилиш ҳамда маълумотларни қайта ишлаш ягона марказини ташкил этишда ўзаро кўмаклашиш масалаларини муҳокама этишди.

Фото: Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги

Шу билан бирга, томонлар Тошкент шаҳрида ўзбек-корейс марказининг очилишига оид масалаларни мувофиқлаштириш учун Ишчи гуруҳ ташкил этиш тўғрисида қўшма қарор қабул қилишди.

Муҳокамалар якунида Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ва Корея Республикасининг Ахборот жамияти масалалари бўйича миллий агентлиги ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг март ойида Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазири ўринбосари жаноб Юн Джонг Ин бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга амалга оширилган расмий ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандум имзоланган эди.

Меморандумнинг устувор йўналишлари сифатида янги ахборот технологияларини жорий этишда ҳамкорлик қилиш, ўқув дастурларини ташкил этиш, электрон ҳукумат соҳасида тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳамда Ўзбекистонда ягона маълумотлар марказини ташкил этишда кўмаклашиш белгиланган эди.

Маълумот учун: Ахборот жамияти масалалари бўйича миллий агентлиги (NIA) – Корея Республикасида АКТ соҳасини янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва ахборот инфратузилмасини янада ривожлантириш учун масъул бўлган Корея Республикасининг давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлигининг идоравий мансуб ташкилоти ҳисобланади.

Мавзуга оид