Жамият | 15:26 / 12.04.2019
6147
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда телетиббиёт ўзлаштирила бошланди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Равшан Изамов Ҳиндистондан ташриф буюрган ҳамкорлар билан ҳудудларда ташкил қилинган телетиббиёт сеансларида бўлди. Watch Witz Technologies Pvt Ltd (Ҳиндистон) компаниясининг тиббиёт ускунасида онлайн диагностика ўтказилди.  Миллий палата матбуот хизмати Kun.uz’га шу ҳақида хабар берди. 

Жиззахда - вилоят ҳокими Эргаш Солиев иштирокида, Термизда эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирокида телетиббиёт сеанслари ташкил этилди. 

Теледиагностика давомида бир неча бемор текширувдан ўтказилди, уларнинг натижалари онлайн режимда Ҳиндистондаги мутахассисларга йўлланди. Олинган маълумотлар асосида шифокорлар томонидан ташхис қўйилиб, даволаш муолажалари белгиланди. 

Илк тажрибанинг кўрсатишича, юксак даражали профессионалларни жалб қилиб, телетиббиёт усулини қўллаш нафақат шифокорларга кўп беморларни текшириш ва даволаш имконини беради, балки ёрдам учун мурожаат қилганлар орасида ҳам жуда ижобий эътирофга сазовор бўлмоқда. Мазкур сеансларда қатнашган беморлар онлайн теледиагностиканинг устувор жиҳатлари ҳақида ижобий фикрлар билдиришди.  

Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Равшан Изамовнинг сўзларига кўра, онлайн теледиагностика Ўзбекистон фуқароларига мамлакатдан ташқарига чиқмай, энг яхши хорижий экспертлардан консультация олиш имконини беради. Бу беморларга вақт ва маблағини тежаш  билан бирга даволанишга муҳтож беморларни оворагарчиликдан сақлайди. 

Ўзбекистонда телетиббиётни ривожлантириш, шунингдек, республика бўйлаб тиббиёт туризми имколниятларини кенгайтиришга йўл очади ҳамда Туркманистон, Афғонистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлар фуқароларини Ўзбекистонга  жалб қилади. 

Келишувларга кўра, Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси базасида Телетиббиёт ўқув марказини очиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳани бутун республика бўйлаб амалга ошириш доирасида барча ҳудудий бўлинмаларда телетиббиёт марказларини очиш режалаштирилмоқда. 

Мавзуга оид