Спорт | 17:29 / 15.04.2019
20058
16 дақиқада ўқилади

АПЛда соатига ўзгарган етакчилар, аутсайдерни юта олмаган Мессисиз «Барселона», 5 та гол ўтказиб юборган «ПСЖ» – «Кучли бешлик»да ҳафта якунлари

Фото: AFP/Getty Images

Дам олиш кунлари Европанинг «Кучли бешлик» чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари ўтказилди. Англияда етакчилар ҳамон қувлашмачоқни давом эттиришмоқда. Ла Лигада 32-тур «Барселона»нинг очко йўқотиши билан ёдда қолди. Италия ва Францияда етакчилар чемпионликни нишонлаш имконини қўлдан бой беришди. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа эсда қоларли воқеаларини эслаймиз.

Англия

«Мушук-сичқон» ўйини давом этди

Англияда чемпионлик учун рақобат шунчалик қизидики, етакчи соатига алмашмоқда. 34-турда «Кристал Пэлас» меҳмони бўлган «Манчестер Сити» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва турнир жадвалида етакчига айланиб олди. «Пэлас» биринчи даврада «Сити»ни «Иттиҳод»да 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик пойгасига бевосита таъсир қилганди. Бироқ «Ливерпуль» собиқ мураббийи Рой Хожсон жамоаси бу гал «Сити»ни оёғидан чала олмади.

34-турнинг мараказий баҳсида «Челси»ни қабул қилган «Ливерпуль» эса тур ўйинини «Сити»нинг ўйини тугашидан 30 дақиқа ўтиб бошлади ва ғолиб бўлди. Шу тариқа Клопп жамоаси очколар сонини 85 тага етказиб, жадвалда яна етакчига айланди.

Бироқ «Ливерпуль» ҳам фақат вақтинча етакчига айланди. Чунки ҳозирда 83 очко тўплаган «Манчестер Сити» ҳисобида битта захира ўйини бор ва 25 апрель куни Гвардиола жамоаси «Олд Траффорд»да «МЮ» меҳмони бўлади. Қолдирилган мақомида бўлган бу ўйинда амалда АПЛ чемпионлиги тақдири ҳал бўлади.

Салоҳ барчани ички хотиржамликка чорлади ва «Челси» мухлисларига муносиб жавоб берди

Юқорида «Ливерпуль» ҳафтанинг марказий баҳсида «Челси»ни қабул қилганини айтдик. Бу баҳсда Муҳаммад Салоҳ қаҳрамон бўлди. У собиқ жамоаси дарвозасига фантастик гол урди ва голини «ички хотиржамликка» чорлаб нишонлади. Салоҳ олдинги сафар «Челси»га гол уриб, голини нишонламаганди. Бироқ бу гал голни нишонлашга сабаб бор эди...

«Челси»нинг Европа Лигаси доирасидаги «Славия»га қарши ўйинида сўнг Прагадаги барлардан бирида «Челси» мухлислари «Salah is a bomber» (Салоҳ бомба портлатувчи, қўпорувчи) деб қўшиқ куйлашганди... Балки Салоҳ уларга эътибор ҳам бермагандир, лекин унинг супер голи «Челси» мухлисларига «совға» бўлди.

Қутқарувчи Моура

«Тоттенҳэм» Чемпионлар Лигаси чорак финалининг биринчи ўйинида «Манчестер Сити»ни мағлуб этди, лекин ўша куни жамоанинг икки асосий етакчилари Харри Кейн ҳамда Деле Аллилар жароҳат олишди. Бироқ Кейн ўтган сафар жароҳат олгани каби бу сафар ҳам Кейнсиз «Тоттеҳэм» ғалаба қозонди (олдинги сафар Кейн жароҳат олганда «Тоттенҳэм» АПЛда учта ғалабали серия қайд этганди).

«Ҳаддерсфилд»ни қабул қилган «тақачилар» 4:0 ҳисобида ғолиб бўлишди ва ўйинда Лукас Моура ҳет-трик қайд этди. Почеттино аллақачон АПЛни тарк этиб улгурган «Ҳаддерсфилд»га қарши ўйинда Моура-Сон-Льоренте учлигини ҳужумда ўйнатди ва улар ишончни оқлашди. Дарвоқе, Кейн учун мавсум якунланганини инобатга олсак, Лукас ва Сон кейинги ўйинларда ҳам тер тўкишларига тўғри келади.

«Кардифф»нинг аҳволи ёмонлашди

34-турда «Бёрнли» меҳмони бўлган «Кардифф» 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди ва Премьер-Лигани тарк этиши деярли аниқ бўлди. Айни дамда уэльсликлар ҳисобида 28 очко бор ва жамоа 18-ўринда бормоқда. 17-ўриндаги «Брайтон» ҳисобида 33 очко бор ва «Брайтон»нинг битта захира ўйини ҳам бор. Шуни инобатга олсак, Нил Уорнок шогирдлари АПЛни тарк этадиган 3-жамоага айланишлари эҳтимолга яқин. «Фулҳэм» ва «Ҳаддерсфилд» эса аллақачон лигани тарк этиб бўлган.

Ҳафта рақами. Ван Дейк бор – мағлубият йўқ!

«Ливерпул»даги иккинчи мавсумидаёқ жамоа етакчиларидан бирига айланган Виржил Ван Дейк клубнинг уй учрашувларида айниқса жуда фойдали бўлмоқда. Буни қуйидаги статистикадан ҳам билиб олиш мумкин:

«Ливерпуль» Ван Дейкнинг «Энфилда»даги дастлабки 24 та АПЛ доирасидаги ўйинида қайт этган статистикаси:

Ғалаба: 20 та

Дуранг: 4 та

Мағлубият: 0.

Тўплар нисбати: 68:13.

«Қуруқ ўйинлар»: 15 та.

Дарвоқе, «Ливерпуль» жорий мавсумда 18 тадан кўпроқ «қуруқ ўйин» ўтказган Европанинг икки жамоасидан бири бўлиб турибди. Иккинчи жамоа шубҳасиз «Атлетико».

Испания. «No Messi – no party»

Ла Лиганинг 32-тури одатдагиларидан фарқ қилди, чунки бу турда мухлислар Мессининг феноменал голи ёки голли узатмасини кўришмади. Чунки у майдонга тушмади. «Барселона» аутсайдерлар қаторида бораётган «Уэска» билан ўйинда Леони безовда қилгиси келмади. Лекин Мессисиз ўйин жуда зерикарли ўтди ва 0:0 ҳисобида якунлади.

«Севилья» медаллар учун курашга қайтди

Иккинчи ўринда бораётган «Атлетико» 32-турда «Селта»ни Гризманн ва Моратанинг голлари эвазига мағлуб этди. Турнинг энг қизиқарли ўйини эса «Севилья» ва «Селта» ўртасида ўтказилди. «Севилья» бу баҳсда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. «Атлетик» яна бир қувноқ ўйинда «Райо Вальекано»ни 3:2 ҳисобида енгди.

«Севилья» мавсум аввалида чемпионлик учун курашадигандек кўринганди, лекин кейинчалик кетма-кет мағлубиятлар жадвалда пастлаб кетди. «Валенсия», «Севилья» ёки «Вильярреал» каби жамоаларнинг етакчилар қаторида бўлишига ўргангандик, лекин бу мавсумда «Хетафе» «кучли тўртлик»га «суқилиб кирди». «Хетафе»нинг «Вальядолид» билан дуранг ўйнаганидан фойдаланган «Севилья» 4-ўринга кўтарилиб олди ва яна медаллар учун курашга қайтди.

«Сувости кемаси» «чўкишдан қутулиб қолди»

Бундан бир неча йил аввал Чемпионлар Лигасида муваффақиятли қатнашган «Вильярреал» кейинчалик Ла Лигада муваффақиятсиз қатнашган ва Сугундага тушиб кетганди. Жорий мавсумда ҳам «сариқ сувости кемаси» узоқ вақтдан буён «хавфли ҳудуд»да ўралашиб юрибди.

32-турда «Жирона» меҳмони бўлган «Вильярреал» охирги вақтлардаги асосий юлдузи Самюэль Чуквезенинг голи эвазига ғалаба қозонди ва «хавфли ҳудуд»ни тарк этди. «Реал» ва «Барселона»нинг қийнаб қўйган «Жирона» устидан меҳмонда қозонилган ғалабанинг ўзи ёқимли, лекин бу ғалаба жамоани «хавфли ҳудуд»дан чиқаргани ундан-да ёқимли бўлди.

32-турда ҳамшаҳари «Леванте»ни қабул қилган «Валенсия» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. «Кўршапалаклар»нинг голларидан бирига португалиялик Гонсало Гедеш муаллифлик қилди. Гедеш «Валенсия» иштирокидаги охирги 8 ўйинда 6 та гол урди. У олдинги 59 ўйинда ҳам худди шунча гол урган эди.

Италия. «Ювентус»нинг чемпионлиги кечикди, «Наполи» ва «Интер»да ишончли ғалаба

«Ювентус» ЕЧЛ учун муддатидан олдин чемпионликни қурбон қилди

Италияда 32-турнинг ўзида чемпион аниқ бўлиши мумкин эди, бироқ «Ювентус» меҳмонда СПАЛни енга олмади ва чемпионликни кечга сурди. «Ювентус» бу баҳсда камида 1 очкони қўлга киритса, муддатидан олдин чемпион бўлиши мумкин эди. Аммо, Аллегри захира таркибни туширди.

Сабаби оддий эди, туринликларни кейинги ҳафтада Чемпионлар Лигасидан ўрин олган «Аякс»га қарши муҳим ўйин кутиб турган эди. Натижада, «Ювентус» иштиёқи баланд бўлган СПАЛ қаршилигини синдира олмади. 30-дақиқада туринликларнинг ёш ҳужумчиси Мойзе Кен ҳисобни очди. Иккинчи бўлим бошланиши билан Кевин Бонифацци гол уриб, мувозанатни тиклади. Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида Сержио Флоккари жамоасига ғалаба келтирувчи голни урди.

Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 84 очко билан пешқадам бўлим турибди. СПАЛ 35 очко билан 13-ўринга чиқиб олди. «Ювентус»ни таъқиб этиб келаётган «Наполи» бу турда ғалаба қозонгач, туринликларнинг чемпионлик масаласи камида кейинги тургача кечикадиган бўлди.

Кулибали «Арсенал» билан ўйиндаги хатосини дубль бидан ювди

«Наполи» сафарда «Кьево» билан ўйнади ва 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Кутилмаганда сенегаллик ҳимоячи Калиду Кулибали ўзини кўрсатиб, ўйинда 2 та гол уришга муваффақ бўлди ва қаҳрамонга айланди. Футболчи 15 ва 81-дақиқаларда «Кьево» дарвозабонини доғда қолдирди. Кулибали «Арсенал»га қарши кечган Европа Лигаси ўйинида ўз дарвозасига гол уриб қўйганди. «Кьево»га қарши ўйиндаги дубли билан марказий ҳимоячи ўз хатосини ювди.

64-дақиқада эса ҳужумчи Аркадиуш Милик рақиб дарвозасини ишғол қилди. «Кьево» сўнгги дақиқаларда Цесарнинг голи билан жавоб қайтарди.

Бу натижадан сўнг, «Наполи» 67 очко билан 2-ўринда бормоқда. «Кьево» эса 11 очко билан сўнгги ўринда қолди ва А Серияни муддатидан олдин тарк этди.

«Интер» сафарда муҳим уч очкони қўлга киритди

«Интер» сафарда аутсайдерлардан бири «Фрозиноне» билан ўйнади. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «нерадзуррилар» учун бу ўйиндаги уч очко жуда зарур эди.

Жамоа ўйинга жиддий тайёргарлик кўриб, рақиби устидан 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Биринчи бўлимда Ража Наингголан жарима майдони ичида кучли зарба йўллаб, ҳисобни очди. 37-дақиқада Иван Перишич пенальтини аниқ амалга ошириб, голлардаги фарқни оширди. Иккинчи бўлимда Франческо Кассата ҳисобни қисқартирган эди. Аммо сўнгги дақиқаларда Матиас Весино учинчи голни уришга муваффақ бўлди.

«Милан» жанжалли ўйинда «Лацио»ни енгди

Турнинг марказий ўйини «Сан-Сиро»да ўтказилди. Майдонга Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «Милан» ва «Лацио» клублари тўқнаш келишди. Ўйин муросасиз курашларга, эҳтиросларга бой тарзда ўтди. Мезбонлар тўпни назорат қилишда устунликка эга бўлишди. Меҳмонларнинг қарши ҳужумлари эса хавфлироқ бўлди. Ҳар иккала жамоа аввало ўз дарвозаси дахлсизлиги ҳақида бош қотиришди.

79-дақиқада беллашув тақдирини ҳал қилган гол урилди. «Лацио» ҳимоячиси рақибига нисбатан ўз жарима майдонида қўпол ўйнади. Кессиэ белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоасига ғалаба келтирди. Ўйин охирида ҳар икки жамоа футболчилари муштлашишга ҳам улгуришди. Бу натижадан сўнг, «Милан» 55 очко билан 4-ўринга чиқиб олди. «Лацио» 49 очко билан 8-ўринни эгаллаб турибди. Айни пайтда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун «Рома», «Аталанта», «Торино» ва «Сампдория» клублари ҳам даъвогарлик қилмоқда.

Бир ўйинда учта қизил карточка

«Торино» ҳамда «Кальяри» жамоалари ўртасидаги ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Бу ўйинда голлар сонидан қизил карточкалар сони кўпроқ бўлди. «Торино»дан ягона гол муаллифи Симоне Дзадза, «Кальяри»дан эса Нико Пеллегрини ҳамда Николо Барелла майдондан четлатилди.

Франция. «ПСЖ» 5 та гол қўйиб юборди

Францияда ҳам 32-турдаёқ чемпион номи аниқ бўлиши мумкин эди, лекин «ПСЖ» бу имкониятдан фойдалана олмади. Иккинчи ўриндаги «Лилл» меҳмони бўлган «ПСЖ» 1:5 ҳисобида мағлуб бўлди. Парижликлар бу баҳсда асосий таркиб футболчилари билан ўйнашганди, лекин бу йирик ҳисобдаги мағлубиятдан суғурта бўла олмади.

Шу тариқа «Лилл» очколари сонини 64 тага етказиб иккинчи ўринга мустаҳкам жойлашиб олди. «ПСЖ» эса 81 очко билан ҳамон етакчилик қилмоқда. 3-ўриндаги «Лион» бу турда «Нант» меҳмони бўлиб мағлубиятга учради – 1:2. «Монако» эса «Реймс» билан 0:0 ўйнаб «хавфли ҳудуд»дан янада узоқлашиш имконидан фойдалана олмади.

Турнинг энг қувноқ ўйини «Страсбург» ҳамда «Генгам» жамоалари ўртасида ўтказилди. 3:3 ҳисобида якунланган ўйинда Лиллиан Тюрамнинг ўғли Маркус ҳам гол урди. «Кучли тўртлик»нинг охирги вакили «Сент-Этьен» бу турда «Бордо»ни 3:0 ҳисобида енгди. Матьё Дебюши иккита гол урди.

Германия. Дортмунднинг «қуролбардори» Санчо чемпионлик интригасини қутқариб қолди

Бундеслигада ҳали чемпионат якунланишига бироз вақт бор. Дам олиш кунлари 29-тур ўйинлари ўтказилди. «Бавария» кутилганидек меҳмонда «Фортуна»ни мағлуб этди – 4:1. Ковачнинг янгиланаётган жамоаси бу ўйинда муаммога дуч келмади. Коман, Горецка ва Гнабрининг голлари эвазига зафар қучиб, етакчиликни сақлаб қолди. Турнинг энг шиддатли ўйини эса «Сигнал Идуна Парк»да ўтказилди. «Майнц»ни қабул қилган «Боруссия Д» Жейдон Санчонинг иккита голи эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва чемпионлик интригасини сақлаб қолди.

32-турда «Ҳерта»ни қабул қилган «Ҳоффенхайм» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ўйинда Нагелссман шогирдлари 30 марта дарвоза томон зарба йўллашгани диққатга сазовор. 4-ўринда бораётган «Айнтрахт» бу турда аутсадлер «Аугсбург» меҳмони бўлди ва кутилмаганда 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўйиннинг 47-дақиқасида «Айнтрахт» футболчиси Желсон Фернандеш майдондан четлатилди ва бу франкфуртликларнинг мавсум давомидаги 6-қизил карточкаси бўлди. Бу борада «Айнтрахт» етакчилик қилмоқда.

Мавзуга оид