Жаҳон | 18:07 / 17.04.2019
24194
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик Раъно Жўраева “S7 Space” бош директори этиб тайинланди

Фото: ТАСС

Асли тошкентлик Раъно Жўраева «С 7 Космик Транспорт Тизимлар» (S7 Space) МЧЖнинг бош директори лавозимига тайинланди. Компания директорлар кенгашининг қарори ҳақида холдинг матбуот хизмати хабар берди. МЧЖнинг аввалги бош директори Сергей Соповнинг фаолият муддати тугаган.

Раъно Жўраева – соҳанинг энг кучли менежерларидан бири. S7 Group авиация-космик холдингига келишдан аввал у бир неча йил давомида “Роскосмос”нинг “Ер усти космик инфратузилмаси объектларини эксплуатация қилиш маркази” (“ЦЭНКИ” – рус.)ни бошқарган. Унга қадар эса транспорт соҳаси лойиҳаларини ривожлантириш билан шуғулланган. «Эйрпорт Менеджмент Компани Лтд» бизнесни ривожлантириш бўйича директор лавозимида Домодедово аэропорт комплексини ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга оширган.

“Космик фаолият коммерциализацияси – глобал тренд. Мамлакат раҳбарияти ва “Роскосмос” космос ривожини айнан шунда кўрмоқда. S7 Group 20 йилдан ортиқ вақт давомида бизнеснинг энг мураккаб технологик турларидан бирида – ички ва ташқи авиаташувларда барқарор ҳамда муваффақиятли рақобатбардошликни намойиш этиб келмоқда. Ишончим комилки, бундай ёрқин ва ғайратли жамоа дастурни амалга оширишга масъулият билан ёндашади. Менинг фуқаролик авиациясидаги кўп йиллик тажрибам - компания бизнес-стратегиясини шакллантиришда, “ЦЭНКИ”да бош директор лавозимидаги тажрибам эса уни рўёбга чиқаришда ёрдам беради, деб умид қиламан”, - деди Раъно Жўраева.

Маълумот учун: S7 Group – Россиянинг энг йирик хусусий авиацион ва космик холдинги. У авиаташувлар, техник хизмат кўрсатиш, космик кенгликдан фойдаланишга оид фаолият олиб борувчи компанияларни бирлаштиради. Жумладан, oneworld глобал авиацион альянс иштирокчиси S7 Airlines авиакомпанияси холдинг таркибига киради. Авиакомпания дунёнинг 36 давлатига 205 йўналиш бўйича мунтазам парвозларни амалга оширади. 2018 йил якунларига кўра, S7 Airlines 15,9 миллион нафар йўловчини ташиган. Шунингдек, Россия Федерациясида космик фаолиятни олиб боришга лицензияга эга «С 7 Космик Транспорт Тизимлар» (S7 Space) компанияси ҳам ушбу холдинг таркибига киради.

Таъкидлаш жоизки, бундан аввал Kun.uz’да “Миллиардерлар ишонган ўзбек иш бошқарувчиcи Раъно Жўраева ҳақида билармидингиз?” номли мақола тақдим этилганди, унда ўзбекистонлик Раъно Жўраеванинг фаолиятига доир маълумотлар билан танишиш мумкин.

Мавзуга оид