Ўзбекистон | 18:59 / 18.04.2019
9389
5 дақиқада ўқилади

Беруний Алимов: «Ҳеч қайси ташкилотнинг ахборот хизмати фаолиятидан қониқмайман»

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган “Ахборот хизматлари фаолиятига оид назарий ва амалий аспектлар” мавзуида икки кунлик ўқув-семинари бўлиб ўтмоқда.

Ўқув-семинари тренинглар жамоаси раҳбари, имижиология соҳаси бўйича мутахассис, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти Беруний Алимов ЎзА мухбирининг ахборот хизматлари фаолияти юзасидан берилган саволларига жавоб берди.

– Бугунги ўқув-семинарида ташкилот имижини яхшилаш, уни шакллантиришда нималарга эътибор бериш лозимлигига бағишланган "Ташкилот имижи ва уни бошқариш" деган мавзуда машғулот ўтаяпсиз? Хўш, корпоратив имиж билан ишлашда ахборот хизмати ходими нималарга эътибор бериши лозим?

– XVII асрда француз олими Б.Паскал имижни одамларга таъсир этиш технологияси, деб атаган, – деди Б.Алимов. – XXI асрда у ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. Ташкилотнинг обрўси қанча кучли бўлса, у шунча одамлар ишончини қозона олади, уларга кўпроқ таъсир ўтказади, ўз олдида турган вазифаларни амалга ошира олади.

– Ахборот хизмати ва журналист вазифалари ўртасида фарқ бор. Аммо бугунги кунда бирор ташкилот ахборот хизмати ходими ҳамда ОАВда журналист бўлиб ишлайдиган ҳамкасбларимиз сони кўпчиликни ташкил этади. Табиийки у ташкилоти билан боғлиқ, унинг манфаатига хизмат қилувчи, фақат ижобий хабарларни ОАВга тарқатишга уринади, аммо бу холисликка ўз таъсирини ўтказиб қўймайдими?

– Менимча, биз қайси жойда ишлашимиздан қатъи назар, олтин ўрталикни топишимиз лозим. Журналистлар билан ахборот хизмати ходимлари худди битта дарёнинг икки қирғоғида кетаётганга ўхшайди, лекин мақсад, борадиган жойимиз бир – Ўзбекистонда демократик, ҳуқуқий жамият қуриш. Шу боис менимча журналистлар ва ахборот хизмати ходимлари дарёнинг икки қирғоғида юрмасдан ўртадаги қайиқда биргаликда сузиши ва олтин ўрталикни топиши лозим. Энг асосийси, ахборот етказишда холислик талаби бузилишига йўл қўймаслигимиз лозим.

– Бугун ўқув-семинарининг иккинчи босқичи ўтказиляпти. Биринчи босқичдан қандай натижалар олинди ва навбатдагисидан нималар кутилмоқда?

– Бир ҳафта олдинги тренингда кўпроқ давлат бошқаруви органлари, вазирликлар ахборот хизматлари ходимлари иштирок этганди. Бугунги тренингда эса кўпроқ хўжалик бошқаруви органлари яъни корпорациялар, миллий ҳолдинглар, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда. Аудитория ўзгаргани билан мазмунда катта ўзгаришлар йўқ. Асосий мақсадимиз бугунги аудиторияни қизиқтира оладиган, замонавий ўқувчи учун маъқул бўлган ахборотни тезкор етказиш йўлларини биргаликда таҳлил қилмоқчимиз.

– Ўтган сафарги тренингда иштирокчилардан аноним сўровнома олинди ва эълон қилинди. Мутахассис сифатида тизимда қандай камчиликларни сездингиз?

– Тан олиб айтиш керак, ҳозир барча ташкилотларнинг сайтлари ҳам бугунги кун талабига мос эмас? Буни мониторинг натижалари ҳам исботлайди. Қаранг, баъзи давлат ташкилотлари веб-сайтига кунига бор-йўғи 100 киши кираркан. Унинг аксарияти шу ташкилот ходимлари. Унда сайт керакми ёки керак эмасми, деган савол ҳам туғилади. Сайт яратилдими уни қизиқарли, муҳим хабарлар билан тўлдириш керак. Бу ишни четдан журналист келиб қилиб бермайди, ахборот хизмати ходими қилиши керак. Бундан ташқари, биз ахборот хизматлари ходимларининг ҳам муаммоларини ўргандик. Уларга вазифасига кирмайдиган ишлар ҳам юклатилаётган экан. Баъзи ахборот хизмати ходимлари эса умуман ахборот тайёрлаш, у билан ишлаш сирларини билмасликларини тан олмоқда. Шу боис қилиниши лозим бўлган ишларни қайтадан ўрганиб чиқиш лозим, балки қонунчилигимизга ўзгартириш киритиш керакдир, штат бирликларини ошириш лозимдир. Хуллас, тизимда қилинган ишлардан кўра қилиниши лозим бўлган ишлар кўпроқ.

– Сўнгги савол, мутахассис сифатида кўпчилик ахборот хизматлари ишларини кузатиб борасиз, улар орасида соҳа талабларига юқори даражада жавоб берадиган ва намуналиларини айта оласизми?

– Бу жуда нозик савол. Гапни очиғи, улар хафа бўлишмасин-ку, ҳеч қайси ташкилот ахборот хизматининг ҳозирги фаолиятидан умуман қониқмайман. Кимнидир ёмон ёки жуда яхши деб айтишга ҳали вақтимиз бор, фақат ишлашимиз лозим. Нафақат ўз ташкилотимиз, бутун Ўзбекистон имижини ўйлашимиз, ягона ахборот сиёсатида биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Мавзуга оид