Ўзбекистон | 15:49 / 18.04.2019
83183
3 дақиқада ўқилади

Энди беш йилгача иш стажини сотиб олиш имкони берилиши мумкин

Ўзбекистонда иш стажини сотиб олиш имкони тақдим этилиши кутилмоқда, чеклов муддати - 5 йилгача. Kun.uz мухбири 18 апрель куни “Пенсия тизими ислоҳоти ва хорижий давлатлар тажрибаси” халқаро даражадаги конференцияси доирасида Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсуновдан янги Концепция бўйича олинган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

“Янги Концепцияда шундай таклиф билдирилганки, унга кўра, 5 йилгача бўлган иш стажини сотиб олиш имкони бўлади. Масалан, бизда ҳозир талаб қилинадиган иш стажи аёллар учун – 20 йил, эркаклар учун – 25 йил. Айтайлик, қайсидир сабабларга кўра, иш стажи эркакларда 22 ёки 23 йил бўлиши мумкин, бу эса тўлиқ пенсия олиш имкони йўқ дегани. Бундай ҳолатларда етишмайдиган 2 ёки 3 йил иш стажини маълум бир миқдордаги Пенсия жамғармасига бадални тўлаб, сотиб олиш имкониятини ҳам бериш кўзда тутилган. Шунда фуқаро тўлиқ пенсия олиш имконига эга бўлади”, - дейди Ёрқин Турсунов.

Янги Концепцияга кўра, аёллар фарзанд тарбияси билан банд бўлган даврда ҳам иш стажига эга бўлиши мумкин: агар аёл киши фарзанд парвариши билан банд бўлиб, ишлашга имконияти бўлмаса, унинг турмуш ўртоғи пенсия жамғармасига маълум бир миқдордаги бадални тўлаб бориб, аёли учун ҳам иш стажини ҳисоблатиши мумкин. 

Яна бир имкониятлардан бири аёллар учун муҳим - уларнинг стажи 20 йилдан ошгандан кейин ҳар йили учун яна 1 фоиздан қўшиб берилади.

Таъкидлаш жоизки, 18-20 апрель кунлари Тошкентда Халқаро пенсия ва ижтимоий фондлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан ташкил этилган “Пенсия тизими ислоҳоти ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Бу Ўзбекистонда ўтказилаётган биринчи шундай тадбир ҳисобланади. Унда Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон мамлакатларининг пенсия ва ижтимоий фондлари раҳбарлари иштирок этишмоқда.

Мавзуга оид