Спорт | 11:28 / 18.04.2019
20104
8 дақиқада ўқилади

«Ливерпуль» ЕЧЛда ҳам «Сити»дан олдинда. Энди Клоппни финалдан олдинги финал кутмоқда

Фото: REUTERS

«Қизиллар» Чемпионлар лигаси чоракфинали жавоб учрашувида ҳам «аждарлар»ни ишончли тарзда мағлуб этишди (4:1).

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Жавоб ўйини
«Порту» (Португалия) – «Ливерпуль» (Англия) – 1:4 (0:1)
Голлар: Мане, 26 (0:1). Салоҳ, 65 (0:2). Эдер Милитау, 69 (1:2). Роберту Фирминьо, 77 (1:3). ван Дейк, 84 (1:4).
«Порту»: Касильяс, Эдер Милитау, Фелипе, Пепе, Теллес, Отавиу (Соарес, 46), Данилу Перейра, Эррера, Корона (Фернанду, 78), Марега, Браими (Бруну Кошта, 81).
«Ливерпуль»: Алиссон, Александр-Арнолд (Гомес, 66), Матип, ван Дейк, Робертсон (Ҳендерсон, 71), Вейналдум, Фабиньо, Милнер, Салоҳ, Ориги (Роберту Фирминьо, 46), Мане.
Огоҳлантиришлар: Мане, 32. Пепе, 36.
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).
17 апрель. Порту. «Драгау» стадиони.
Биринчи ўйин – 0:2.

Каталонларга қарши ўйин имкони
Бу ўйиндан олдин «Ливерпуль» ҳам, «Порту» ҳам бу жуфтлик ғолибини яримфиналда «Барселона» кутаётганидан бохабар эди - каталонлар чоракфиналнинг жавоб учрашувида «МЮ»ни йирик ҳисобда таслим этишди. «Драгау»даги жавоб учрашуви арафасида каталонларга ўтган ҳафтадаги биринчи ўйинда 2:0 ҳисобида устун келган инглизлар рўбару бўлиши ҳақиқатга яқин эди. Португаллар вазиятни ўзгартириш учун ўйин бошидан ташаббусни қўлга олиб, камида икки гол уриши ва шу билан бирга ўз дарвозасидан гол ўтказмаслиги талаб этиларди.

Биринчи бўлимда 15та зарба
«Порту» кутилганидек ўйинни ҳужумкорлик билан бошлади ва меҳмонларни жарима майдончасига қамаб қўйишга ҳаракат қилди. Ўйиннинг илк ярим соатида мезбонлар «қизиллар» дарвозаси томон 15 бор зарба берди, шундан 6таси дарвоза соҳаси томон аниқ борди. «Ливерпуль» эса 4та зарба билан жавоб қайтарди, шундан фақат биттаси аниқ зарба. «Аждарлар» тўпга эгалик қилиш борасида ҳам устунлик қилишди, мезбон футболчилар нисбатан аниқроқ пас беришди, тўп учун курашларда кўп ҳолларда устун келишди.

Мареганинг фаоллиги
Португаллар барвақт таслим бўлишни исташмади ва танаффусга қадар барча футболчилар ҳужумга ўтишди. Статистикага кўра биринчи бўлимда «Порту»нинг 8 футболчиси камида бир марта «Ливерпуль» дарвозасини нишонга олди, улардан энг фаоли Марега бўлди. Португалларнинг ЕЧЛдаги тўпурари бўлиб турган бу малилик футболчи «Порту» зарбаларининг учдан бир қисми (5та зарба) муаллифи бўлди. У исталган нуқтадан туриб зарба бера олишини намойиш этди ва Алиссонга тинчлик бермади. Аммо бразилиялик дарвозабон ҳеч бир вазиятда ўзини йўқотиб қўймади.

VAR меҳмонлар фойдасига
«Ливерпуль» футболчилари эса ўз кучига ишонмай ҳаракатланаётганди. Биринчи бўлим ўрталарида меҳмонларнинг тезкор қарши ҳужуми Салоҳнинг аниқ паси ва Маненинг ҳал қилувчи зарбаси билан якунланди. Бу эпизод бир неча дақиқа давомида муҳокама қилинди - кўринишидан сенегаллик футболчи офсайдда қолгандек эди, аммо видеотакрордан кейин гол инобатга олинди. Бу ўйинда VAR инглизлар клуби томонда бўлди.

Салоҳнинг голи
«Порту» гол ўтказиб юборгандан кейин ҳам тушкунликка тушмади ва босимни пасайтирмади. Аммо энди вазифа қийинлашган - энди 4та гол уриш талаб қилинар, «Ливерпуль» эса бу мавсумда ҳеч кимдан бунча кўп гол ўтказмаганди.

Иккинчи бўлимни жамоалар ҳужумлар алмашинуви билан бошлашди, аммо яна «қизиллар» ўз вазиятидан фойдаланишди. 65-дақиқада Салоҳ Касильяс билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва ўйин тақдирини амалда ҳал қилувчи голни урди.

Милитао-Фирминьо-ван Дейк
Ёзда «Реал» сафига бориб қўшиладиган Милитао ўйин якунига ярим соат борлигида таслим бўлишга рози бўлмади ва бурчак зарбасидан кейин боши билан ҳисобни қисқартирувчи голни урди. Аммо Оригининг ўрнига майдонга туширилган Роберто Фирминьо кўп ўтмасдан меҳмонларнинг учинчи голини урди. Кейин эса ван Дейк бурчак зарбасидан кейин осонлик билан дарвозани ишғол этиб, ўйиндаги якуний натижани ўрнатди. Португалларга таскин берувчи ягона жиҳат - улар бу сафар ўз уйида ўтган йилда бўлгани каби «Ливерпуль»дан 5та гол ўтказмади.

Кейинги ойларда Англия чемпионатида «Манчестер Сити» билан қувлашмачоқ ўйнаётган Клопп шогирдлари Чемпионлар лигасида бу жамоадан узоқроққа борадиган бўлди. «Сити» ҳам, «Ливерпуль» ҳам 4тадан гол уришди, аммо яримфиналга фақат мерсисайдликлар йўл олишди.

Каталониялик мураббий муваффақиятсизликка руҳан тайёр эди. У «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндан аввалги матбуот анжуманида шундай деганди: «Одамлар мени «Манчестер Сити»га бу жамоа билан Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш учун келганим ҳақида гапиришади. Лекин бундай эмас. Мен бу ерга жамоа мен истаганимдек ўйнаши учун келганман. Мен учун энг муҳим соврин - Премьер-лига ғолиблиги».

АПЛ ҳаммаси ҳали олдинда. Айни вақтда турнир жадвалида «Сити» «Ливерпуль»дан 2 очко кам жамғарган ҳолда иккинчи ўринда, аммо «шаҳарликлар»да битта захира ўйини бор. Лекин Гвардиола жамоасида тақвим бироз қийинроқ: «Тоттенҳэм»га қарши уй ўйини (бу ўйинга манчестерликлар қандай важоҳат билан тушиб келишини тасаввур қилиш қийин эмас) ва «Манчестер Юнайтед»га қарши сафар ўйини. Шунингдек, «Бёрнли», «Лестер» ва лигада қолиш учун тиш-тирноғи билан курашаётган «Брайтон». «Сити»да фақат бир йўл бор, барча рақибларни яксон этиш ва ЕЧЛдаги муваффақиятсизлик учун мухлислар олдидаги айбини ювиб, Англияда чемпион бўлиш.

«Ливерпуль»да эса 4та ўйин бор: шанба куни лигада қолиш учун борини майдонга ташлайдиган «Кардифф»га қарши ўйин, шундан кейин лигани тарк этиб бўлган «Ҳаддерсфилд», иштиёқсиз «Ньюкасл» ва «Вулверҳемптон».

Қолаверса, «Ливерпуль» тақвимида яна икки мураккаб ўйин юзага келди - «Барселона»га қарши ўйинлар. Бу ўйинларга куч тежаш учун ички чемпионат қурбон қилинадими ёки АПЛ Клопп учун ҳам муҳимроқми, буни яқин ҳафталар ичида билиб оламиз.

«Ливерпуль» ва «Барселона» ўтган мавсумдаёқ ЕЧЛ яримфиналида ўзаро ўйнаши мумкин эди, аммо ўшанда кўк-анорранглилар кутилмаганда чоракфиналда «Рома» тўсиғидан ўтолмаганди. Аммо бу сафар бу икки клубнинг ўзаро тўқнашувига ҳеч ким тўсқинлик қила олмади. Футбол мухлисларини финалдан олдинги финал кутмоқда.

Мавзуга оид