Бокс. Осиё чемпионатининг учинчи кунида ўзбекистонлик 5 боксчи кейинги босқичга чиқди
Бангкокда ўтаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида учинчи кун ортда қолди. Эркаклар ўртасидаги баҳслар бугун ҳам Ўзбекистон вакиллари учун муваффақиятли ўтди.
Дастлаб Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов -52 кг вазн тоифасида бутанлик Тенсин Другйелни мағлубиятга учратди. Шундан сўнг -69 кг вазндаги Бобо-Усмон Батуров турнирдаги иккинчи жангида эронлик Сажжар Каземзадапоштиридан устун келди ва чорак финалга йўл олди. У 19 апрель куни дастлабки жангида мўғулистонлик боксчини нокдаун ҳолатига туширганди.
Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасининг -81 килограмм вазн тоифасидаги вакили Дилшодбек Рўзматов ҳам дастлабки жангида ғалабага эришди. У ҳиндистонлик Брижеш Ядавни мағлуб этди. Жанг Дилшодбекнинг қоши ёрилгани сабаб иккинчи раундда тўхтатилди. Рўзматов бу вақтга келиб очколар ҳисобида олдинда бораётган эди, натижада ҳакамлар уни ғолиб деб эълон қилишди. Унинг ярим финал йўлидаги рақиби қозоғистонлик Бек Нурмаганбет бўлади.
Шундан сўнг, -60 кг вазн тоифаси вакили Шукуржон Раҳимов ҳам чемпионатдаги иккинчи жангини ўтказди. Кеча КХДР терма жамоаси аъзосини мағлуб этган Раҳимов бугун яманлик Аҳмад Насим Ҳусайнга қарши рингга чиқиб, рақибини учинчи раундда икки марта нокдаун ҳолатига туширди ва баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда аввал Фарангиз Ҳошимова (-51 кг) қозоғистонлик Назим Кизибайга очколар ҳисобида ютқазиб қўйди, кечки дастурда эса Райҳона Қодирова (-60 кг) непаллик Пунам Равални мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионати 26 апрелгача давом этади.
Мавзуга оид
08:47 / 22.12.2024
Усик Фюрини яна енгди
21:57 / 18.12.2024
Фюри ва Усик бокс жангида илк марта сунъий интеллектга асосланган ҳакам бўлади
04:18 / 15.12.2024
Муроджон Аҳмадалиев нокаут билан ғалаба қозониб, камар соҳибига айланди
15:42 / 13.12.2024