Ўзбекистон | 22:00 / 22.04.2019
23314
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан давлат уйини сотиб олиш учун 10 йиллик прописка сўралиши мумкин — «Ҳокимиятдагилар бу муддатни қаердан олишган?»

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Қарор билан Тошкент шаҳрида 2017—2021 йилларда қурилган кўп қаватли уйлардаги турар жойларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш режалаштирилган.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, «бу ерда гап Сергелида қурилаётган, халқ тилида «арзон уйлар» деб аталадиган ва давлат томонидан қурилган (хусусий эмас) турар жойлар ҳақида кетмоқда».

Муҳокамаларда деярли барча қарорнинг бир бандига эътироз билдирган.

Яъни низомга кўра, Тошкент шаҳрида 2017-2021 йилларда қурилган кўп қаватли уйлардаги турар жойларни сотиб олиш ҳуқуқига эга талабгорлар тоифасидан бири сифатида Тошкент шаҳрида 10 йилдан кам бўлмаган даврда доимий рўйхатда (пропискада) турган бюджет ташкилотларидаги Давлат хизматчилари ва ишчилари кўрсатилган. Шунингдек, талабгорлар сафига ёш оилалар, эскирган уй-жойларда истиқомат қилувчилар ва яшаш шароитини яхшилашга муҳтож фуқаролар ҳам киритилган.

Муҳокамаларда қатнашганлар «нима учун 10 йил пропискада бўлиши кераклиги, бу муддатни ҳокимиятдагилар қаердан олишгани» ҳақидаги саволлар қўйишган.

«Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан доимий рўйхатга қўйилган ходим 3 йилдан кейин номига турар жой расмийлаштириши мумкин. Тошкент шаҳрида 2017—2021 йилларда қурилган кўп қаватли уйлардан олиш учун яна 7 йил уйсиз юриши керакми, топган пулини квартирага сарфлаб? Шу «10 йил» сўзини ёзган одам 1 йил уйсиз яшаб кўрганида бу сўзни ёзмаган бўларди», дейилган изоҳлардан бирида.

Лойиҳа муҳокамаси 23 апрелда якунланади.

Мавзуга оид