Украинани қандай қилиб уч ҳафта ичида қўлдан бой бериш мумкин? Порошенко нима учун мағлуб бўлгани ҳақида
Украинада президентлик сайловининг иккинчи турида овоз бериш жараёни якунланиб, экзит-пол натижаларига кўра ҳам, Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра ҳам мамлакатни янги президент - Владимир Зеленский бошқариши аниқ бўлди. У 73 фоиздан ортиқроқ овоз билан амалдаги президент Пётр Порошенкони ортда қолдирди (25 фоиздан ошиқроқ). «Медуза» сайтининг махсус мухбири, Киевдаги сайловларни яқиндан кузатиб борган Илья Жегулев ўз мақоласида Порошенко сайловолди кампанияси давомида қандай хатоларга йўл қўйгани, у қандай қилиб уч ҳафта ичида мамлакатни қўлдан бой бергани ҳақида баён қилган.
«Петро Александрович кўмакка муҳтожми - мен буни кўрмаяпман. У бемалол юра олади! Раҳмат», дея журналистга бошдан оёқ разм солган Украина бош вазири Владимир Гройсман ортга ўгирилиб, зинадан кўтарилишда давом этганди. Ўшанда «Громадский-ТВ» журналисти ундан сайловларнинг иккинчи турида Порошенкони қандай қўллаб-қувватлаши ҳақида сўраганди.
Биринчи тур арафасида ҳеч ким ўзи билан ҳазиллашишларига йўл қўймаётганди. Бош вазир Гройсман президент қайта сайланиши учун фаол тарғибот олиб борган, у ўзи билан сиёсий коалицияда бўлган сафдошини қўллаши табиий эди. Бир ой муқаддам украиналик сиёсатчиларнинг барчаси Порошенко биринчи турда мағлуб бўлгач ҳам иккинчи тургача биринчи турдаги бошқа рақибларининг электоратини ўзига оғдириб, иккинчи турда фаворитга айланишини кутишаётганди. Аммо Порошенко ўзига янги сайловчиларни жалб этолмади, бу ҳам етмагандек ўзининг эски сайловчиларининг бир қисмини йўқотди. Шундай экан, энди Гройсман ўз адаши Владимир Зеленский билан ишлашга тайёрлана бошлади.
Владимир Зеленский тилини тийгани учун ғолиб бўлди. У ҳатто ўзининг жамоаси аъзоларини ҳам сир тутди
«Мени «йўқ леди» деб чақиринг», дея ҳазиллашади «Квартал 95» студиясининг ривожланиш масалалари бўйича директори Ирина Победоносцева. У энди Зеленский штабида жамоатчилик билан алоқалар бўйича масъулдир. Унинг «йўқ» дегани Зеленский жамоасининг барча аъзоларига тааллуқли.
Бу стратегия. Тинимсиз ўзи ҳақида гапириб, сайловчиларга тинимсиз ўз дастурини тақдим этиш ўрнига Зеленский сайловолди кампанияси давомида бирор марта ҳам матбуот анжумани ўтказмади - омма олдига жуда кам чиқди. Биринчи тургача уни фақат «Квартал 95» концертларида кўрган бўлишса (жамоа бутун Украина бўйлаб гастроллар ўтказди ва бу концертларга кириш бепул қилинди), иккинчи тур арафасида концертлар ҳам ғойиб бўлди, ташвиқот тадбирлари ҳам - сайловчилар билан учрашувлар ўтказилмади. Икки тур орасидаги уч ҳафта ичида Зеленский фақат бир марта «РБК-Украина» нашри учун интервью берди, бир марта «1+1» студиясида меҳмон бўлди. Номзод сайловчиларига ўзини асосан ютубдаги видеороликлар орқали намоён қилди.
Унинг жимлиги учун асослар келтиришди. «Рақибдан бундай даражадаги устунлик юзага келганида (рейтинг бўйича), ҳар қандай ортиқча сўз - фақат зарар келтиради», дея изоҳлайди Зеленский жамоаси аъзоларидан бири «Медуза»га. Номзоднинг штабига кампанияни олиб боришда ёрдам кўрсатган сиёсатшунос шундай қўшимча қилади: «Барчага (Зеленскийнинг яқин маслакдошлари) турли телеэфирларда чиқиш қилиб, бир-бирини инкор қилувчи сўзларни гапириб қўйиш тақиқланганди. Ҳа ва шундай бўлди ҳам».
Биринчи турдаги улкан ғалабадан кейинги илк кунларда Зеленский штабидагилар журналистлар билан мулоқот қилишга розилик билдиришганди, аммо кўп ўтмай барчаси ўз ҳолига қайтди.
Мулоқотларни минимал даражага камайтиришга асосланган бу стратегия якунда ҳокимиятга интилаётган жамоага бўлган қизиқишни кучайтирди. Зеленский ўз сафдошлари номларини фақат иккинчи турга уч кун қолганида, 18 апрель куни «1+1» телеканалининг махсус эфирида ошкор қилди - студияда 20 чоғли киши йиғилганди, номзод агар президентлик сайловида ғалабага эришса, шу одамлар президент маъмуриятида ишлашини маълум қилди.
Зеленский ўз жамоасига «Квартал 95» студияси асосчиларидан бири Иван Бакановни жалб этган, у «Слуга Народа» партияси таъсисчиларидан бири ва сайловолди штаби раҳбаридир. Баканов президент маъмуриятида парламент билан алоқалар масаласига масъул бўлиши кўзда тутилган. Жамоада, шунингдек, кўплаб ёшларни кўриш мумкин, улар ҳали танилмаган мутахассислар бўлиб, улар турли ва кутилмаган йўналишлардаги вазифалар топширилиши кутилмоқда. Масалан, журналист ва депутат Сергей Лешченконинг ёрдамчиси Марина Бардина гендер тенгсизлиги масалалари билан шуғулланиши мумкин. Зеленскийга кўнгилли сифатида кўп ёрдам берган Лешченконинг ўзи эса жамоа таркибига кирмаган. Собиқ Украина Иқтисодий тараққиёт вазири, Зеленский президентлиги даврида ислоҳотчи бош вазир бўлиши кутилган Айварас Абромавичюс ҳам жамоада йўқ. Лекин жамоада «ислоҳотчи» вазифасини ҳукуматнинг бошқа бир собиқ аъзоси, 2016-2018 йилларда Украина Молия вазири бўлган Александр Данилюк бажаришга тайёр. Уни таништирар экан, Зеленский ягона камчилиги сифатида «вазир бўлгани»ни айтиб ўтганди.
Порошенко тажрибасиз Зеленскийни яксон этиши керак эди. Аммо уддалай олмади, рақиби уни ўз шартлари асосида ўйнашга мажбур қилди
2014 йилги президентлик сайловларида Петро Порошенко сайловолди кампаниясида яққол устунлигини ҳисобга олган ҳолда дебатлардан воз кечганди - у кучсиз рақиблари билан мулоқот қилиб, улар билан «пачакилашиб ўтириш»ни истамаганди. 2019 йилда тарих такрорланиши мумкин эди: биринчи тур арафасида президент рақиблар билан баҳсларга киришмади - унинг асосий жиддий рақиби Владимир Зеленский эди. Биринчи тур арафасидаги теледебатларга нисбатан кучли номзодлардан фақатгина Юлия Тимошенко келди.
Иккинчи тур арафасида вазият кескин ўзгарди. Порошенко учун дебатлар рақибини қийин аҳволга тушириб қўйиш учун воситага айланганди. У Владимир Зеленскийни «сиёсатчи эмас, оддий одам» сифатида тарифлаб, уни сиёсий лаёқатсизлиги туфайли президентликка номуносиб деб атади. Порошенкода рақибини профессионал сиёсатчи сифатида сиёсий мунозараларда доғда қолдириш имкони бор эди. Шунинг учун, Порошенко ва унинг одамлари номзодлар омма кўз-ўнгида баҳслашиши зарурлигини бот-бот такрорлашди, Зеленский штабидагилар эса бу ғояга алоҳида энтузиазмсиз ёндашишди.
«Мен буни, дастурлар бўйича фикрлар алмашиш эмас ёки мунозара эмас, кечирасиз-у, қўпол сўз билан айтганда, «кучуклар жанги»ни бошлашдан маъно кўрмаяпман», деди собиқ Адлия вазири ўринбосари ва ҳозирда Зеленский штабида бўлган Руслан Рябошапка.
Аммо бу сафар «жимлик стратегияси» иш бермади. 2 апрель куни «Украина миллий жамоатчилик телевидениеси» ижтимоий тармоқларда #дебаты_челендж флешмобини бошлади - номзодлар юзма-юз учрашувга чорланди. Аниқроғи, бу чақириқлар фақат бир номзод - Владимир Зеленскийга қаратилганди.
3 апрель куни Зеленский ижросидаги ролик намойиш этилди. У омма олдидаги мунозаралар ўтказиш бўйича шартларини маълум қилди: биринчидан, у дебатлар стадионда ўтказилиши шартини қўйди, иккинчидан, иштирокчилар аввало наркотик ва алкоголга тест топшириши керак эди (сайловолди кампанияси даврида номзодлар «қора технология»дан фойдаланишганди, Порошенко Зеленскийни наркотик моддаларга ружу қўйишда, Зеленский эса Порошенкони пиёнисталикда айблаганди). «Олимпийский» стадионида олинган видеода Зеленский барчага қараб табассум қилади: у рақибини телестудиядаги сиёсий дастурлар ўрнига стадиондаги концерт саҳнасига чақириб, уни ноқулай аҳволда қолдирганди.
Кейинги куни Порошенко ҳам ролик орқали чиқиш қилди ва Зеленскийнинг таклифларига розилигини билдирди. «Зеленский бу роликни Порошенкони дебатдан воз кечишга мажбурлаш учун чиқармаганди. Лекин штабдаги ҳеч бир одам, шу жумладан, Зеленскийнинг ўзи ҳам президент бу шартларга розилик билдиришини кутмаганди», деганди ўшанда Зеленский штабидагилардан бири.
Порошенко Зеленскийнинг шартларини қабул қилганидан кейин бир неча марта шартларни ўз фойдасига ўзгартиришга ҳаракат қилди. У аввалига учрашув кунини кўчирмоқчи бўлди (19 апрелдан 14 апрелга), лекин Зеленский рад қилди. 11 апрель куни эса кутилмаганда рақиби билан дўстона алоқаларда бўлган «1+1» телеканали студиясига, кечки ток-шоуга кириб келди. Маълум бўлишича, студияда ҳеч ким президентни кутмаган, аммо уни қайтариб юборишга ҳам ботинишмаган. Порошенко студияда туриб, Зеленскийни зудлик билан етиб келиш ва ўзи билан дебатларни бошлашга чақирди. Аммо бу вақтда Зеленский Франция пойтахтида эди (кейинги куни у республика президенти Эммануэль Макрон билан учрашди). У Порошенкога аввалига «самолёти йўқлиги учун учиб боролмаслиги»ни айтиб ҳазил қилди, кейин эса қўполроқ оҳангга ўтди. «Бизнинг жамоадаги ҳеч ким ўз позициясини сизга топшириб қўймайди. Мен эса якунлайман. 19 апрель. «Олимпийский». Нуқта. Кўришгунча», дея трубкани қўйди Зеленский.
14 апрель куни барибир Порошенко ўз тарафдорларини стадионга йиғди ва «Олимпийский»да икки трибуна ҳозирлатди - ўзи ва Зеленский учун. Иккинчи трибунанинг кераги бўлмади ва Порошенко ёлғиз ўзи митинг ўтказди. Президент учрашувга келмаган рақибига шундай таърифлар берди: ноқобил, Коломойскийнинг арзандаси, ортида олигархлар туриб Украинани бошқарадиган парда, Россия қаршисида тиз чўкадиган қўрқоқ. Акция якунида Порошенко Зеленскийга бағишлаб «Ти ж мене пiдманула» қўшиғини ҳиргойи қила бошлади. Йиғилганлар орасида унинг бу ҳаракатларидан норозилар кўпайди ва деярли ҳеч ким унга жўр бўлмади.
Зеленскийнинг иккинчи шарти ҳам мураккаб эди - анализлар топшириш. Порошенко тўғридан-тўғри эфирда қон топширди, ОАВ маълумотига кўра, у сийдик, тирноқ ва сочларидан ҳам таҳлил топширган. Кейин президент такрорий анализ топширди, аммо кутилган медиаэффект рўй бермади - блогларда уни кулги остига ола бошлашди. «Петро Порошенко ўзини миллат отаси сифатида гавдалантирганди. Олиймақомлар эса ҳожат чиқаришмайди. Ҳеч ким Порошенко анализлар топшириш даражасигача тушади деб ўйламаганди. Кўринишидан президент Зеленский каби экан. У ўзининг заифлигини кўрсатиб қўйди», дея киноя қилди Зеленскийга ишлаши айтиладиган сиёсатшунос Александр Харебин (унинг ўзи Зеленский билан ҳамкорлик қилишини тан олмаган).
Зеленский эса бу босқичга эҳтиёткорлик билан ёндашди: у фақат бир марта, ўз тарафдорлари бошқарадиган тиббиёт марказида анализ топширди.
Умуман, ўтган уч ҳафта мобайнида номзодлар бошқа катта ишларга улгуришмади, фақат Зеленскийнинг Макрон билан учрашуви ва Порошенконинг ҳам Макрон, ҳам Меркель билан учрашувини ҳисобга олмаганда. Бошқа вақтда номзодлар дебатга тайёрланишди.
Зеленский дебатлардан чўчирди ва унга жиддий тайёрланди. Аммо Порошенко унга энг оддий мавзуларда ҳужум қилди
Зеленский дебатлар ўтказишни таклиф қилган «Олимпийский» стадиони давлатга тегишли. Шу туфайли, Зеленскийнинг штабидагиларнинг айтишича, ролик жуда шошилинч равишда олинган - стадион ижараси учун пул ўша куни тўланган. Бундан ташқари, Зеленский жамоаси вакиллари аренани 19 апрель куни учун ҳам банд қилишган - бундан мақсад рақиб ўз маъмурий ресурслари билан дебатлар шу куни ўтказилишига тўсиқлар ҳосил қилмаслигини таъминлаш эди.
Сиёсатшунос Харебиннинг сўзларига кўра, «Олимпийский» стадиони раҳбарияти «эркаклик қилиб» сўзда туришини улар давлат раҳбари ўзгаришини ҳис қилишгани билан изоҳлаш мумкин. «Ҳамма кейин ҳам ишлашда давом этишни истайди. Ким ғолиб бўлиши мавҳум эди. Бундай вазиятда энг тўғриси қонунга таянишдир. Давлат корхонаси қандай қилиб рад этиши мумкин, агар шу куни ҳеч қандай маросим ўтказилмаслиги учун пул тўлашса? Ўша кунларда украиналик амалдорларнинг аксар қисми шундай ҳолатда эди. Қандай ҳаракат қилишни билмаяпсанми - қонун доирасида иш тут», дейди у.
Ҳали Порошенко рози бўлиш-бўлмаслиги номаълум вақтда Зеленскийнинг штабидагилар Б режасини ҳам тайёрлашганди. «Агар Порошенко стадионда дебат ўтказишга рози бўлмаса, концерт бўларди. «Квартал 95» ва мусиқа, албатта Зеленскийнинг ўз тарафдорларига мурожаати ҳам. Биз Порошенко барибир рози бўлмайди деб ўйлаб, шу сценарийга тайёрлангандик», дейди штабдагилар. Президент ўз рақиби «Олимпийский»да барибир катта сайловолди акцияси ўтказишини англагач, унда келишишдан бошқа йўл қолмаганди.
Давлат раҳбари маъмуриятидаги одамлар Зеленскийнинг штабидагилар билан боғланиб, учрашув деталларини муҳокама қилишга интилишади, бу эса оддий эмасди. Аввалига Зеленскийнинг штаби стадионга киришни эркин қилиб, барча учун чипталар чиқаришни мўлжаллашганди, аммо мухолифлар бунга қарши бўлишди - улар стадионга қанча одам келиши назорат остида бўлишини исташди. «Биз ўшанда чипталарни сотувга чиқариб, тушган пулларни хайрия учун йўналтиришни мақсад қилгандик. Аммо, бу таклиф рад этилди. Биз шунда дедик: яхши, унда сиз қандай таклиф берасиз. Улар чипталарни текин қилиш ва фақат вип-трибуналарни пулли қилиш таклифини беришди», дейди штаб вакили.
Дебатлар вақтида стадионда Порошенконинг тарафдорлари кўпроқ экани маълум бўлди. Бу шу билан изоҳланадики, Зеленскийнинг штаби фан-зона учун чипталарни интернет орқали тарқатмасликка қарор қилганди, Порошенко эса ўз чипталарини тарқатишда фаоллик кўрсатди. Амалдаги президент тарафдорлари йиғилганлардан сўров ўтказилганида, уларнинг аксар қисми чипталар тарқатилгани ҳақида айтиб ўтди.
Дебатлар бошланишига тўрт соат вақт қолганида номзодларнинг штаблари ҳали регламент бўйича келишиб олишмаганди. Охирги дақиқаларгача Порошенко саҳнага, Зеленскийнинг олдига чиқиб боришини ҳеч ким билмасди. Президент аввалига ўзи учун тайёрланган саҳнага кўтарилди ва тарафдорларига салом йўллади, кейин барибир уни кутиб турган Зеленский олдига борди.
Дебатларда Зеленский томонидан Порошенкога берилган саволларни у билан ишлаган собиқ вазир Абромавичюс ва депутат Лешченко тайёрлаганди. Зеленскийнинг яна бир гуруҳи президентга вазиятдан келиб чиққан ҳолда берилиши мумкин бўлган бошқа йўналишдаги саволларни тузиб чиқди. Штабдагиларнинг хавотирлари ўринсиз бўлиб чиқди: Порошенко дебатлар вақтида давлат бошқаруви соҳасидаги саволлар билан Зеленскийни қийнамади, у аввал ҳам сайловолди кампаниясида такрорлаган тезислари билан келганди (нопрофессионализм, Коломойский, Россия). Унинг бу борадаги эътирозларига эса Зеленский тайёр эди.
Зеленский машҳур, у парламентни тарқатиб юбориб, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаши мумкин
«Зеленский билан учрашганимдан кейин, дарҳол иш бошлаш учун қандай ваколатлар борлигини тушунишга ҳаракат қилдим», дейди Зеленский штабига келиб қўшилган украиналик собиқ амалдорлардан бири. Порошенко сайловолди кампаниясида ўзидан бошқа номзод ғолиб бўлиши миллий фалокатга айланишини айтиб ваҳима қилган бўлса-да, янги президент даврида Украинада кардинал ўзгаришлар кутилмайди. Украина президентида, масалан русларнинг президентида бўлгани каби ваколатлар йўқ.
Сайловнинг расмий натижалари эълон қилинганидан кейин ҳам мамлакатни Владимир Гройсман ҳукумати ва Порошенко даврида тайинланган вазирлар бошқаришда давом этади. Кўп эҳтимол билан президент ва сайловолди кампанияси вақтида Зеленскийни танқид қилишдан тийилган бош вазир осонгина келишиб олишади. «Гройсман ва Зеленскийнинг ёшлари ўртасидаги фарқ 5 йил. Мен Вазирлар Маҳкамаси ўзини муносиб тутади деб ўйламоқдаман. Улар ҳамкорликда ишлаб кетмаслигига асос кўрмаяпман. Гройсман ўзини яхши бош вазир сифатида намоён этган, кутилганидан ҳам аълороқ. Иқтисодиёт ўсмоқда, ижтимоий тўловлар ҳам. Янги йўллар қурилмоқда», дея ишонч билан гапиради Абровамичюс.
Олий рада депутатлари ҳам гапга осон кўниши мумкин. Президентда парламентни тарқатиб юбориш ваколати бор ва унинг партияси - «Халқ хизматида» аъзолари янги давлат раҳбарининг машҳурлиги фонида сайловларда яхшигина овоз тўплаб, парламентга кириши мумкин. Шундай экан, ҳозирги парламентарийлар учун парламент тарқатиб юборилиши манфаатли эмас - улар Раданинг янги таркибидан жой ололмасликлари мумкин.
Киевга кўчиб ўтган россиялик собиқ мухолифатчи ва айни вақтда украиналик тадбиркорга айланган Илья Понамарёвнинг фикрича, сайловлардан кейин янги президент дарҳол президент маъмуриятига ва Миллий хавфсизлик кенгашига янги раҳбарлар тайинлаши мумкин. Понамарёв мустақил эксперт сифатида тез-тез маҳаллий телевидениелардаги сиёсий шоуларга чақирилади - у бир неча марта Владимир Зеленскийга симпатия билдирган. «Эслайман, студияда барча шундай қичқирарди: «Биз ким ташқи ишлар вазири бўлишини билмаймиз. У (Зеленский) ҳеч кимни таништирмади!» Мен эса айтардим: «Сиз билмассиз, мен эса биламан. Климкин (ҳозирги ТИВ раҳбари)».
Амалдаги вазирлар 2019 йил кузигача, Олий Радага навбатдаги сайловлар ўтказиладиган муддатгача амалда қолишади. Сайловлар арафасида эса қонун бўйича Вазирлар Маҳкамаси истеъфога чиқиши керак. Бу Украинанинг янги президенти учун хавотирли давр: бу вақтга келиб сиёсий рақибларининг қаттиқ қаршилик кўрсатиши оқибатида Зеленскийнинг рейтинги пасайиши мумкин. Понамарёвнинг сўзларига кўра, Зеленский яқин вақтлар ичида парламентни тарқатиб юборгани маъқул. Номзоднинг ўзи эса «РБК-Украина» учун берган интервьюсида бундай эҳтимолни истисно этмаганди. Агар Зеленский Олий Радада ўз коалициясини шакллантира олса, у мамлакатда максимум ҳокимиятга эришиши ва ўзини эркин ҳис қилиши мумкин.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024